Асосий мавзулар
25 november 2016

Каримов даври тарихий шахсларга адолатли эдими?

Сўнгги кунларда Ўзбекистон президентлигига номзодлар вилоятларга сайр қилиб, сайловчилар билан учрашувларни авж олдириб юборди. Бу учрашувларда эса улар қўлидан келадиган, келмайдиган ишлар ҳақида қоп-қоп гапирмоқда.

Биттаси Қорақалпоғистонга бориб, экологиясини яхшилаб беришни ваъда қилса, бошқаси Хоразмга бориб, мамлакат иқтисодиётини инновацион ривожлантириш ҳақида фалсафа сўқиб келяпти.

«Халқ сўзи» газетаси номзодларнинг сайловолди учрашувлари тўғрисида ёзар экан, «сиёсий хато»га йўл қўйиб қўйишдан қўрққанидан бўлса керак, Шавкат Мирзиёевнинг учрашувларини ёритишда фақат ЎзАнинг материалларига таянмоқда. Бошқа номзодлар учрашувлари ҳақида бемалол ўз мухбирларининг мақолалари орқали хабар бериб ётибди.

Аввал ҳам бир эслатгандик, Ш. Мирзиёев марҳум президент Ислом Каримовнинг номидан фойдаланиш ҳуқуқини хусусийлаштириб олган кўринади. Унинг учрашувлари ҳақидаги барча мақолаларда биринчи президентнинг номи бор, бошқа номзодлар эса ҳатто марҳумни эслаб ҳам қўймаяпти.

Яна бир жиҳат шуки, бу учрашувларни ёритишда Ўзбекистонда фаолият юритадиган норасмий интернет сайтлари жудаям эмас-ку, аммо бирмунча эркин экани кўриняпти. Масалан, «Кун.ўз» сайти Ш.Мирзиёевнинг Жиззахдаги учрашувига бағишланган мақоласида муваққат президент Ўзбекистонни узоқ йиллар бошқарган арбоби Шароф Рашидов номини тилга олиб, совет даврида унинг хотирасига беҳурматлик қилингани ҳақида гапирганини ёзди. Ҳолбуки, ЎзАнинг худди шу мавзудаги мақоласида бу ҳақда бирорта ҳам сўз йўқ эди.

«ЎзЛиДеп номзоди “Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик” нақлига амал қилган ҳолда собиқ Иттифоқ тузумида Ўзбекистонда кўпчилик олиму-фузалолар, юртнинг энг сара фарзандлари, давлат арбобларига нисбатан, гарчи улар ўзлари яшаган тузумга хизмат қилган бўлса-да, адолатсизлик қилингани ҳақида куюнчаклик билан сўз юритди.

Хусусан, шундай тарихий шахслардан бири Шароф Рашидов бўлиб, у ўз халқига ва собиқ тузумга садоқат билан хизмат қилганига қарамай, вафот этганидан сўнг унинг қабри кўчирилгани, хотираси беҳурмат қилингани, оила аъзолари таҳқирланганини таъкидлади», деб ёзди «Кун.ўз»

Шу билан бирга, мазкур сайт Ш.Мирзиёев «Ислом Каримов саъй-ҳаракатлари билан ёзувчи ва давлат арбоби Шароф Рашидов номи оқланганини қайд этгани»ни ҳам маълум қилган.

Бош вазир келгуси йили Шароф Рашидов таваллудининг юз йиллигини бутун мамлакат бўйлаб кенг миқёсда нишонлаш, ўзи туғилиб ўсган Жиззах туманига унинг номини бериш ва ёдгорлик мажмуаси барпо этиш мақсадга мувофиқлигини ҳам айтибди.

Албатта, халқимиз ҳаётида ўзига хос ижобий из қолдирган тарихий шахсларнинг хотирасига ҳурмат билан қараш мақтовга сазовор. Аммо яқин тарихдаги, яъни Каримов давридаги айрим ҳолатларни эслаб, Ш.Мирзиёевнинг Ш.Рашидов баҳона айтган гаплари носамимий эмасмикин, деган хавотир келади кўнгилга.

Чунки генерал Собир Раҳимов, давлат арбоби Акмал Икромов, шоир Ҳамзанинг номи қатағон қилингани, уруш йиллари 14 та етим болани ўз бағрига олиб, одамийликнинг буюк тимсолига айланган Шомаҳмудовлар ҳайкали пойтахтнинг қаровсиз бир четига чиқариб ташлангани ана шундай хавотирга асос бўлади.

Ахир бу пайтда ҳам Ш.Мирзиёев ҳукумат тепасида ўтирганди-ку. Балки у ўз раҳнамосининг сўзидан чиқа олмай, гарчи бу хатти-ҳаракатларни маъқулламаса ҳам жим ўтирдимикин?! Энди бу хатоларни тузатиш йўлини тутармикин?…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
31 may 2019
Президент Шавкат Мирзиëев Андижонга борганида телевизорда уни нуқул аëллар ўраб олгани кўринди. «Беш болам бор, уй беринг» деган ҳам, ...
29 march 2022
“Усмонов АҚШ ва Европа Иттифоқидаги барча активларини дўстларининг ҳисобларига ўтказиб қўйган”. Гамбург расмийлари асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг яхтаси ...
3 august 2024
Яшаш соатининг олтин капкири қимирлаб-қимирлаб бир хафта ўтди. Мана яна қаршингиздаман. Юзма-юз. Бетма-бет. Аччиқ ҳақиқатларни айтиш учун бугун ҳизматдаман. МС: Хўжик ...
10 may 2016
Бугун автомобил жанжали марказида қолаëтган Улуғбек (Бош вазир ўринбосари) билан бир муддат Ўзбекистон миллий банкида бирга ишлаганим боис Eltuz.com ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...