Асосий мавзулар
16 march 2017

Ойлиги кейинги маошгача етмайдиган ўзбеклар

Сўнгги вақтларда мамлакатда коррупция мавзуси фаол муҳокама этилаётганига ишора қилган Кun.uz сайти Kommersant.uz интернет нашрига асосланган ҳолда иқтисодчи эксперт Юлий Юсуповнинг Ўзбекистондаги мазкур иллат сабабларига оид фикрларини эълон қилди.

Экспертнинг фикрича, коррупциянинг биринчи сабаби фуқароларнинг бизнес юритиши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун турли хил рухсатларни бериш борасида давлат органлари ва мулозимларнинг кенг ваколатларидир. Бу ҳолатда, аввало, таъмагирлик ва пора олиш учун имконият ҳам кенгаяди.

«Масалан, нақд пулларни бериш борасида маъмурий тўсиқлар тижорат банклари, банк ишчилари, савдо ташкилотларига пулларни нақдлаштиришда «шапка» олиш учун қулай шароитдир», дейилади мақолада.

Унда ёзилишича, давлат ва мулозимларнинг бозор механизмлари ишига турли усулда аралашуви ҳам коррупциянинг илдизига сув қуяди. Нархларни бошқариш, фоиз ставкаларини белгилаш, алмашув курси, захираларни марказдан тақсимлаш, айрим корхоналарга турлича имтиёзлар бериш кабилар шулар жумласидандир.

Муаллиф юқори солиқ ва божхона тўловлари яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қулай шароит яратишини таъкидлар экан, шу пайтгача ҳукумат ва маҳаллий матбуотнинг оғиз кўпиртириб айтаётган бир мақтовини йўққа чиқаради.

Сир эмаски, Ўзбекистон ҳукумати ва матбуоти мамлакатда «оқилона солиқ сиёсати» юргизилаётгани, «солиқ юки камлиги», «солиқдан кўплаб имтиёзлар» мавжудлиги борасида тинимсиз «қулоққа лағмон илиб келади».

Шунинг орқасидан тадбиркорлик ривожланаётгани, хориж сармоялари ҳажми кун сайин кўпаяётгани айтилади.

Аслида, мақолада келтирилган рақамларга таянилса, мамлакатда солиқ юки жуда оғир экан, у коррупция урчишига йўналтирилган экан.

«Ўзбекистон иқтисодиётига солиқ юки дунёдаги ривожланаётган мамлакатлардаги энг юқорилардан биридир. У ялпи ички маҳсулотнинг 30-35 фоизини ташкил этади… Йилига аҳоли жон бошига ЯИМ миқдори 2000 долларни ташкил этадиган мамлакатлар учун солиқ юкининг 15-20 фоиз бўлиши мақбулдир. Божхона тўловлари даражаси бўйича ҳам биз дунёдаги энг юқори ўринларда турамиз», дейди муаллиф.

Кўп йиллар давомида матбуот томонидан ҳаспўшлаб келинган муаммолар негизидаги ҳақиқат, аксарият ватандошларимизнинг ойлиги кейинги маошигача етмаслиги, кўпчиликнинг тирикчилик илинжида кимдандир қарз олишга мажбурлиги, кўплаб эркинликлар чеклангани, одамларнинг қилган меҳнатлари учун арзимас ҳақ олишларидадир.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
5 august 2016
Таниқли актриса Саида Раметова билан боғлиқ видео водий ресторанларидан бирида қўл телефонида тасвирга олинган бўлиб, бунда у ҳинд қўшиқлардан ...
22 may 2020
Рамазоннинг бешинчи жумасида сиз билан гурунглашиш насиб этганидан ичимга сиғмай севиниб ўтирибман. Бормисиз, оғам, иним, синглим, опам, онам. Сиз ...
8 may 2015
Ишдан бўшатилган Лента.ру ахборот сайтининг бош муҳаррири Галина Тимченко ўз касбини пицца тарқатувчининг иши билан қиёслади. Агар пиццада мурч ...
29 january 2024
Хатирчида кластерчи 10 нафар руда қазувчи тушган ташландиқ кон тўласини кўмиб ташлади Елтузга етиб келган видеоларда шу йилнинг 8 январида содир ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...