Асосий мавзулар
17 january 2018

Шоқолга – ўлимтик, соқолга – устара

Ўтган йили турли даражадаги ҳокимларнинг зўравонлиги, сўконғичлари, қўл остидагиларга бўлган қўпол муомаласига оид хабарлар, ижтимоий тармоқлардаги бу ҳақдаги фикр-мулоҳазалар интернетни тўлдирди.

Бунинг ортидан Шавкат Мирзиёев муштумзўр ва зўравон ҳокимларни «президент сиёсатига қаршилар» деб аташгача борди.

«Барча бўғинлардаги раҳбарлар — у вазир ёки ҳоким бўладими, идора ёки ташкилот бошлиғи бўладими — бир ҳақиқатни жуда чуқур тушуниб олишингиз шарт: бундай ҳаракатлар давлат сиёсатига, Президент сиёсатига қарши чиқиш деб баҳоланади ва айбдорларга, албатта, тегишли жазолар қилинади», деди давлат раҳбари.

Мана шу муносабатлар фонида ўқитувчиларни уриши билан танилган Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носир Эгамбердиев ишдан кетди.

Бу «ҳайдалиш куйи» эндиликда собиқ ҳокимнинг зўравонлиги элга тарқалгандан кейин тўрт ойдан ўтиб чалинди.

Оғзи шалоқлиги сабаб Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида жаримага тортилди.

Лекин Мирзиёевнинг ўзи давлат халққа хизмат қилиши кераклигини тинимсиз таъкидлаётган бир пайтда «президент сиёсатига қаршилар»ни бундай енгил жазолаш қанчалик тўғри бўлар экан?

Сайхунобод ҳокими ишдан ҳайдалгани билан яна бирор мансаб билан сийланиши ҳеч гап эмас ва бундай дейишга асослар етарли. Вақтида шармандаларча ишдан бўшатилган қанчадан-қанча амалдорлар бугун яна отнинг устида.

Андижон ҳокими учун эса бир неча миллион сўм жаримани тўлаш карнайчидан битта пуфдек гап. Битта имзоси учун бунча пулнинг ўн бараварини беришга тайёрлар ҳар кун эшигини пойлаб ётгани эҳтимоли юқори.

Муштумзўр ҳокимларга кўрилган бу чоралар тирик товуқни бўғизлаган шоқолни ўлимтик бериб жазолашдек гап аслида.

Зеро, оддий одам шунча ўқитувчини тўплаб урганида онасини Учқўрғондан кўрсатишлари аниқ эди. Ҳокимбуваникидай сўкишлари учун бундайроқ одам қон қустириларди.

Президентнинг Олий Масжлисга мурожаатидан сўнг бошқа бир масала ўртага чиқди. Шавкат Миризиёев ҳокимларни ўзининг жойлардаги вакили деб эълон қилди ва ваколатларини янада оширди.

Ҳокимларни расман жойлардаги халқ депутатлари кенгашлари сайлайди ва шунинг учун илгари уларнинг бемазагарчиликлари учун шу кенгашларга айбни ағдариш имконияти бор эди.

Президентнинг юқорида тилга олганимиз баёнотидан кейин, бу баёнотни сиёсий тилга ўгирсак, энди ҳокимларнинг муштумзўрлиги ва зўравонлиги учун бутун масъулият Шавкат Мирзиёевнинг ўзига келиб тушади.

Бундан кейин асосийси ҳокимлар масаланинг мана шу жиҳатини англаб етдими, деган саволга бориб тақалади.

Ҳокимлар буни англаб етмаган тақдирда халқнинг Шавкат Мирзиёевга бўлган ишончига путур етиши аниқ.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 november 2025
1993 йилнинг охири ва 1994 йилнинг бахорида кўп воқеалар бўлиб ўтди. Ўғуз Салим Бойжоннинг таклифи билан, унга маслаxатчи бўлиб, ...
14 december 2022
Ўзбекистондаги энергетика соҳасидаги абсурдликлар, путиноид ўрисқуллар ва дин тужжори толибон каллаларнинг қора фонида Америка олимларидан дунёни севинтирувчи бир хушхабар.  ...
9 september 2025
Ўзбекистонда порахўр мулозимлар жазоланаяпти бироқ коррупция даражаси ҳам шиддат билан ўсишда давом этмоқда. Бу холат халқаро ташкилотлар ҳисоботларига ҳам ...
5 january 2026
2026 йилнинг илк кунларида Хитойдан Ўзбекистонга кириб келган 47 вагондан иборат юк поезди мамлакатнинг «минтақавий юк етказувчи хаб» мақомини ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...