Асосий мавзулар
28 february 2018

Иноятовларнинг Санкт-Петербургда қанча мол-мулки бор?

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ раиси, қўли узун Рустам Иноятовнинг ўғлига тегишли кўчмас мулклар ҳақида Open Source Investigations (OSI) онлайн нашри журналистлари навбатдаги суриштирувни эълон қилди.

2017 йилнинг сентябрида ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари МХХ раиси Рустам Иноятовга молиявий санкциялар ва виза чекловлари қўллашни сўраб АҚШ ҳукуматига мурожаат қилишган эди. 2018 йилнинг 31 январига келиб эса Иноятов ишдан бўшатилди.

Бироқ бундан унинг бизнес салтанатига деярли путур етмади.

Қудратли отанинг бой ўғли

Open Source Investigations (OSI) журналистлари суриштирувига кўра, Рустам Иноятовнинг ўғли ва яқин оила аъзолари бутун дунё бўйлаб қимматбаҳо кўчмас мулкларга эга ва улар турли ширкатларга молия ётқизишган.

Тошкент давлат шарқшунослик институтини битирган Шариф Иноятов МХХ генерали Рустам Иноятовнинг ўғлидир. У иқтисод фанлари бўйича таълимни ҳорижда, жумладан, Қоҳиранинг Ал-Азҳар университетида олди.

Бундан ташқари, у отаси билан Миллий хавфсизлик хизматини оилавий бизнесга айлантирди, дея ёзади халқаро журналистлар гуруҳи.

«Элтуз» нашри гуруҳ суриштирувига таяниб, Шариф Иноятовнинг Австрияга мўмайгина маблағ киритгани, Венада кўп миллионли қасрга эга бўлгани, шунингдек, Россияга Ўзбекистондан мева-сабзавот етказиб беришга ихтисослашган Uzgardens ширкатига эгалик қилиши ҳақида ёзган эди.

Иноятовлар оиласининг Россиядаги бизнес манфаатлари эса кенг миқёсли ва жуда кўп соҳани қамрайди.

Иноятовларнинг Нева хиёбонидаги офиси

2014 йилнинг 13 апрелида Шариф Иноятов ва унинг икки иш ҳамкори Санкт-Петербургда «Нева Альянс Групп» (Neva Alyans Grupp) масъулияти чекланган ширкатини ташкил қилишади.

Рустам Иноятовнинг ўғли ширкатнинг 50 фоиз, унинг ҳамкорлари Равшан Убайдуллаев ва Бахтиёр Фозилов эса 25 фоиздан улушга эгалик қилишади.

Асосий фаолияти кўчмас мулк сармояларига эгалик қилиш ва бошқариш бўлган «Нева Альянс Групп»нинг устав жамғармаси 7 миллион долларга тенг. Биргина Шариф Иноятовнинг ўзи ширкатга 3,5 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган.

Ширкат офиси Санкт-Петербург шаҳрининг тарихий марказида, Нева проспекти, 104 А манзилда жойлашган. Санкт-Петербургнинг бош хиёбони бўлган Нева проспекти Россиянинг энг машҳур бульварларидан биридир.

«Mеткем» – яна бир йирик ширкат

Шариф Иноятов назоратидаги яна бир ширкат – «Меткем» (Metkem) компанияси ҳам ўша манзилда жойлашган ва у тўлиғича «Нева Альянс Групп»га тегишлидир.

«Меткем» ширкати устав капитали ҳам 7 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлиб, у Санкт-Петербургдаги йирик қурилиш ширкатидир.

Рустам Иноятов ортиқ Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари ҳисобланмайди. Бироқ унинг кенг миқёсдаги иттифоқчилари тармоғи ва сўнгги 23 йил давомида қурган бизнес империяси деярли тегилмасдан турибди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 june 2024
Элтуз Порталига келган навбатдаги бешта мактуб Ўзбекистоннинг Марғилон, Бухоро, Кашқадарё, Андижон, Хоразм вилоятларидан келган. Дастлабки мактубни поезд чиптаси нархи ...
21 october 2020
Қашқадарёнинг Ғузор туманида 21 октябрь куни ойлик маошлари берилмаганидан норози GTL ENTER ENGINEERING компанияси ишчилари ғалаён кўтаришди. Ижтимоий тармоқларда ...
25 march 2021
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Шоввозсойдаги махфий қароргоҳи мавзусини илк бор кўтариб чиққан тошкентлик фаол Алексей Гаршин шахсига таҳдидлар қилинмоқда. Бу ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...