Асосий мавзулар
4 february 2019

Бош вазирдан улги олган ҳоким

Тадбиркорликни ҳимоя қилиш шиорини кўтариб олган амалдорлар аслида ишбилармонларнинг саъй-ҳаракатларига энг катта тўсиқ бўлиб қолаётир.

Хоразмда ўзи хон, кўланкаси майдон ҳокимдан жабр чеккан навбатдаги бизнесмен туризмни ривожлантириш борасидаги баландпарвоз сиёсатга ишонган тадбиркор бўлди.

“Хоразм беклари” МЧЖ томонидан Урганч шаҳрида барча расмиятчиликлари адо этилган, яъни тегишли ҳужжатлар асосида қурилаётган меҳмонхона шаҳарнинг янги ҳокими буйруғи билан бузиб ташланди.

Kun.uz сайтининг ёзишича, тадбиркор бу лойиҳа учун банкдан 6,5 миллиард сўм кредит олган. Иморат бузилгунга қадар кредит маблағларидан 4 миллиард сўмга яқинини, ўз маблағидан 1 миллиард сўмдан ортиғини сарфлаган.

Шунча меҳнат, маблағ, қанчадан қанча асаблар сарфланган иш ҳокимнинг бир оғиз топшириғи билан йўққа чиқди.

Шаҳар ҳокими Шуҳрат Абдуллаев “лойиҳа вилоят ҳокими тасдиғидан ўтмагани, эски ҳоким ерни бериб юборгани”ни баҳона қилиб, бузғунчиликка бош бўлди.

Энг афсусланарлиси, судсиз, сўровсиз, тегишли ҳужжатларсиз, бор-йўғи бир амалдорларнинг оғзаки буйруғи билан қилинаётган бундай ишлар Ўзбекистон учун бегона эмас.

Ўтган йил ноябрда Тошкентда “Unique arh project” ширкати томонидан қурилган турар жой биноси бош вазирнинг худди шундай оғзаки топшириғи билан бузиб ташланган эди.

Шу кунларда Янгибозор турбазасини Миллий гвардия манфаати йўлида тортиб олиш ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳолбуки, бу тузилма учун янги, замонавий объектни шу атрофдан қуриш учун барча шароитлар бор.

Урганчнинг ҳокими ҳам бузғунчилик борасида кимдан улги олганини кўряпсизми? Ҳаммаси тепадагилардан намуна олиб қилиняпти.

Энг ёмони, шов-шув кўтарилиб, ноқонуний иш қилгани ойдинлашган ҳокимлар тадбиркорларга етказилган зарарни давлат ҳисобидан қоплаш (агар қопланса) ваъдасини беришмоқда.

Урганчдаги битай деб қолган меҳмонхонани бузган ҳоким ҳам “тадбиркорнинг ери, банкдан олган кредити ва зарарини қоплаш масалалари кўриб чиқилади”, деганда тадбиркорнинг зарарини давлат ҳисобидан, яъни сизу бизнинг чўнтагимиздан тўлашга ишора қилаётгани кўриниб турибди.

Шу ўринда савол туғилади? Битта амалдорнинг гап-сўзи билан ноқонуний бузилаётган бундай бинолар товонини нега ўша мансабдор эмас, балки давлат тўлаши керак?

Ахир қонун бузилдими, унга жавоб бериш ҳам ўша қонунбузар зиммасида бўлиши керак эмасми?

Нега уларнинг аҳмоқликлари учун давлат бюджети зарар кўриши керак?

Шунинг учун тадбиркорлик ҳимояси ҳақида баландпарвоз ваъдалар қилаётган ҳукуматга битта таклиф.

Қонуний қурилишни ноқонуний равишда бузаётганларнинг бир-иккитаси етказилган зарарни ўз ҳисобидан қоплашига эришиш зарур. Яъни ноқонуний хатти-ҳаракат учун қонунан жазо қўллансин.

Ўшанда ҳукуматнинг сиёсатига ишонч ортиши билан бирга, ўзини қонундан устун кўрадиган амалдорларнинг эси кирармиди!

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 november 2021
«Элтуз» Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми билан ҳамкорликда меҳнат ҳуқуқларига бағишланган туркум анимацияларини давом эттиради. Туркумнинг ўтган сонларида биз жамоа ...
5 august 2020
Мирзиёев бошқарувида ташқи сиёсатда, бир томондан, Россия ва унинг геосиёсати билан боғлиқ муносабатлардаги миллий манфаатлар борасида кўпчилик норозилигига сабаб ...
19 january 2017
Президент Мирзиёв 14 январ куни бўлиб ўтган мажлисда Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовни тикка турғазиб қўйиб молия тизимидаги камчиликларни ...
4 july 2018
Самарқанддаги Регистон майдонида пулли 3D шоуни «бегоналар»дан тўсиш учун ўрнатилган девор ижтимоий тармоқдаги ўзбеклар ғазабини келтирди. Кириш чипталари маҳаллий ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...