Асосий мавзулар
1 july 2019

Амалдорларга айланаётган матбуот котибларининг жилови янада тортилади

Ўзбекистонда ҳокимият органларининг ахборот маконини вертикал назорат қилишнинг янги тизими йўлга қўйилмоқда. Бу эса ахборотнинг ягона марказдан туриб бошқарилишини янада кучайтиради. 

Мамлакат президентининг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги яқинда қабул қилинган фармонидан айнан шундай хулоса келиб чиқади. 

Ҳужжатга кўра, бу фармон “ОАВ фаолияти учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш, …тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш, …давлат ҳокимияти органлари фаолияти шаффофлигини ошириш” каби мақсадларни кўзлайди. 

Лекин ҳужжат моҳиятидан келиб чиқилса, барча давлат ташкилотларининг матбуот хизматлари назорати президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига ўтаётганини кўриш мумкин. 

Жумладан, идора ва муассасалар “ахборот сиёсати соҳасида зиммасига юкланган вазифаларни амалга оширишда” мазкур агентлик билан ҳамкорликда ишлаши белгиланди.

Ўзбекистонда мавжуд тузум шароитида бу “ҳамкорлик” қандай тушунилишини, унга қандай амал қилинишини тахмин этиш учун фолбин бўлиш шарт эмас.

Қолаверса, ҳокимият органлари матбуот хизматлари раҳбарларини тайинлаш шундай ҳам мамлакатдаги ахборот маконини монополлаштириш ҳаракатларини давом эттираётган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ваколатига ўтказилди. 

“Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари… агентлик ёки унинг ҳудудий бўлинмалари хулосасини ҳисобга олган ҳолда лавозимга тайинланади”, деб ҳужжатдан тўғридан-тўғри кўрсатилган.

Бундан ташқари, мазкур агентликка матбуот хизматлари раҳбарларини ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтказиш ваколати ҳам берилди. 

Матбуот котибининг ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилиши фонида агентликнинг уларни тайинлашга бош-қош бўлиши кўп нарсани англатади. 

Бундай имтиёзлар сабаб матбуот котиблари агентликнинг қош-қовоғига қараб ишлаши кундек равшанлашади. 

Агентликнинг давлат органларининг ахборот хизматларини мувофиқлаштириш бўлими Ахборот хизматлари фаолиятини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси сифатида қайта ташкил этилиши эса улар устидан назорат ҳар қачонгидан кучли бўлишидан дарак бериб турибди. 

Ахборот қачон шаффоф бўлади-ю, қачон объектив бўлишини давлат идорасининг инон-ихтиёри ҳал этадиган Ўзбекистонда ҳокимият органларининг маълумотлар тарқатишини монополлаштириш матбуот эркинлиги учун салбий оқибатлар келтириб чиқариши эҳтимоли юқори. 

Масалан, ўзи ҳозир ҳам улардан тезкор маълумот олиш анча мушкул иш. Энди эса улар бундай маълумотларни тарқатишдан олдин Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан келишишга интилади. 

Бу эса маълумот олиш жараёнини янада қийинлаштирса қийинлаштирадики, асло ижобийликка хизмат қилмайди. 

Марҳум рус сиёсатчиси Виктор Черномирдин айтганидек, яхшироқ қилишни хоҳлагандек, лекин ҳар доимгидек бўлиб чиқди (“Хотели как лучше, получилось как всегда”).

“Элтуз”нинг Ўзбекистондаги ҳамкори
Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 december 2023
Юлдуз Усмонованинг собиқ фуқаровий эри, “Шайтон” ва “Гиф” лақаблари билан машҳур йирик тадбиркор Фарҳод Тўлаганов Ўзбекистондаги ягона “вор в ...
23 april 2019
«…воқеадан тахминан бир ҳафтача вақт ўтиб, «қора зона»лар чиғириқларидан ўтиб, “мужик”лигини йўқотмаган Эрих исмли йигит (лақаби “Немис”) ўша Гаррининг ...
23 december 2025
Жиноятчи Акмал Шукуровни қамоқдан чиқариб юборган поракаш судьяларга хизмат текшируви тайинланди.
12 march 2020
Коронавирус: Фақат мен ҳақда гапирилмоқда! Йўтал, Тумов, Грипп: Бизни биров эсламайдиям… Рассом Кирпи Eltuz.com
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...