• Фото: amerikaovozi.com
Асосий мавзулар
6 august 2019

Жаслиқ қамоқхонаси бузилмайди, тергов ҳибсхонасига айлантирилади

Президент Мирзиёев қарори билан 3 август куни Ўзбекистондаги машъум Жаслиқ қамоқхонаси ёпилди. Айни қарорда қамоқхона бинолари ва мулклари Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ 2-тергов ҳибсхонасига берилиши билдирилди.

Жаслиқ қамоқхонасининг собиқ маҳкуми, айни пайтда ҳуқуқ фаоли, 67 яшар Аъзам Турғунов «Элтуз»га берган интервьюсида аслида Жаслиқ қамоғи тўлиқ тугатилмагани, қийноқлар ва ноҳақ ҳибсга олишлар тўхтамаганини айтади:

«Ўша Жаслиқни тугатди, деб хурсанд бўлаётган одамлар кўп нарсаларни назардан қочиряпти. Қаранг, тугатилди деб айтиляпти, лекин уни Қорақалпоғистон ички ишлар юрисдикциясига беряпти. 2-тергов ҳибсхонаси қилинади, деяпти. Асосий қийноқлар, айбни бўйнига қўйиш аслида тергов изоляторида рўй беради-ку. Энди, менинг қўрқаётганим, буни тергов изолятори қилади-да, Тошкентда қилиниши керак бўлган терговни ўша ёққа олиб кетади. У ерга ким бора олади? Кимни боргиси келади у ёққа? Тошкентдан 2000 километр жойга…».

Жаслиқ тўлиқ тугатилиб, биноларини тадбиркорларга бериш маъқул эди, дейди Аъзам Турғунов:

«Ақлли одам учун бу тайёр бино. Ўша ернинг халқи Қўнғирот учун миллион-миллионга тортадиган қанча нарса ишлаб чиқарса бўлади у ерда. Тугатилди дедими, тугатиш керак. Бу дегани қайта ташкил қилиш керак, дегани эмас-ку».

Бугун Швейцарияда яшаётган, жияни ва ўғиллари қамоқда қолаётган 73 яшар Аҳмаджон Мадумаров Жаслиқ қамоқхонасининг тугатилишидан хурсандлигини айтади.

«Ушбу қамоқхонанинг ёпилишини Ўзбекистон президенти олиб бораётган катта бир ўзгариш, деб биламан. Бу қамоқхонада узоқ вақт менинг жияним Абдулаҳад сақланган. Мирзиёев иқтидорга келгач, у манзил колонияга чиқарилди. Бу қамоқхонада инсоният ҳеч бир кўтара олмайдиган зулмларни ўйлаб топишган эди», дейди Мадумаров «Элтуз»га берган интервьюсида.

Давлатни ағдаришда айбланган, жияни Жаслиққа ташланган ва яна икки ўғли қамалган Мадумаров бу қамоқхона тарихий музейга айлантирилиши керак, дея ҳисоблайди.

«Бу қамоқхона Ўзбекистон халқига жуда кўп зулмлар келтирган. У ерда қамоқда ўтириб чиққан Аъзам Турғунов, Аъзам Фармонов, бир қанча журналистлар ва асосан диндорлар жуда кўп зулм кўришган. Шунинг учун бу қамоқхона музейга айлантирилганида эди, яхши бўларди. Ислом Каримовнинг ўзбек халқига кўрсатган зулми ошкор бўлган бўлар эди».

Шунингдек, Мадумаров айни қамоқхонада қийноқларни амалга оширган шахсларга қарши тергов суриштируви бошланиши кераклигини таъкидлади.

«Яъни нафақат шу ерда ишлаганлар, балки бошқа колонияларда ишлаб одамларга зулм ўтказганлар устидан албатта жиноят иши қўзғатилиши керак. Шодиевнинг ўзи кўрсатма бериб, қамоқхоналарда репрессиялар ўтказарди. Қамоқхоналарда биринчи муовин СНБдан қўйилган бўлар эди ва у хоҳлаган ишини қилар эди…».

Жаслиқнинг собиқ тутқуни Аъзам Турғунов ҳам айни машъум қийноқларни эслайди ва бу амалиётлар ҳамон давом этаётганини айтади.

«Лекин асосий гап ўша биз айтаётган нарса – ноҳақ қамалганларнинг ишини қайта кўриб чиқиш. Мана, бугун Кубатиннинг судидан келдик. Яна ортга қолдиришди. Олим одам. Кубатин, Акром Малик, Рустам Абдуманнопов… Жуда кўп ноҳақ қамалганлар. Махсус комиссия тузиш керак-да. Бизга ўхшаган бир-иккита мухолифатчиниям ўшанга қўшиворса, яхши иш бўларди. Қийноқлар йўқ деб ҳозир айтишяпти. Яқин-яқинларгача Акмал Саидов ҳам, Светлана Ортиқова ҳам, Сайёра Рашидова ҳам Ўзбекистонда қийноқлар йўқ, деб келишди. Охир-оқибат президентни ўзи тан олди-ю, ҳалиям бор қийноқлар», деди ҳуқуқ фаоли «Элтуз» нашрига берган интервьюсида.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
29 january 2018
Тошкент шаҳри марказидаги модерн меъморчилик намунаси бўлган Киночилар уйи ва бошқа биноларнинг бузилиши Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг ...
28 november 2025
Аxмад бу қадар яшилликни бир ерда кўрмаганди. Ёнғоқ дарахтлари водийнинг ҳар тарафини қоплаганди. У бунча юксак теракларни ҳам биринчи ...
23 october 2025
23 октябр куни Тaftish.uz интернет нашри журналистлари Эшқувватова Маржона, Юлдашев Азизбек ва тасвирчи Маматқулов Улуғбек Тошкентнинг Юнусобод тумани Ички ...
17 march 2023
1991 йилнинг 17 мартида Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзкомпартия СССРни сақлаш учун 93,7 фоиз овоз ташкил қилиб берган эди. Референдумга ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...