Document UZ
21 april 2021

Томи учган намунали уйларни ким таъмирлаб беради?

2021 йилнинг 19 март куни Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидаги Янгиҳаёт массивида намунали уйларнинг томини шамол учириб кетган. Уйлар қурилиши 2016 йилда бошланиб, 2017 йилда тугалланган ва кредит асосида 2018 йилдан фуқароларга топширилган.

Массив турғунларининг “Элтуз”га айтишича, намунали уйларнинг деворлари аллақачон яроқсиз ҳолга келиб қолган. Ери беунум. Деҳқончилик билан шуғулланиб бўлмайди.

“Нишон тумани ҳокимлигига массив муаммоларини айтиб чиқсак, бизни эшитгиси келмайди, – дейди исмини сир тутишни сўраган фуқаро. – Ер унумсизлигини айтсак, 5-6 йил минерал ўғитлар билан озиқлантирсанглар, ерларинг унумдор бўлади, дейди.

Фото: Янгиҳаёт массивидаги томини шамол учирган намунали уй. Eltuz.com

Деворларимиз нураб кетяпти, ёрилишни бошлаган, десак, девор ўзингизники, одамлар ўз уйини ҳар йили таъмирлайди, бу ёғига ўзларингиз амалланглар, дейди. Биз ҳар ойда кредит тўлаб қийналяпмиз.

Ҳозирдан канализация ишдан чиққан, деворлар бу аҳволда. Шамол бўлса, томнинг бир қисмига зарар етади. Қурувчилар “биздан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида иш қилган”.

– Тумандаги Янгиҳаёт массивидаги уйлар бир неча бор таъмирлаб берилган, – деди ҳокимлик вакили “Элтуз”нинг мурожаатига жавобан. – Туманда катта-катта қурилиш ишларини кетяпти. Массивни бунёд этган қурилиш фирмаси бошқа ишлар билан банд. Ўнлаб мурожаатчиларнинг томи таъмирлаб берилган. Уйдаги камчиликлар ўрганилиб, ёрдам кўрсатилган.

Фуқаро Гулсанам Равшанованинг сўзларига кўра, уйининг томи шамолда учиб кетиши биринчи маротаба эмас. Аввал ҳам шу ҳол кузатилганда мутасаддилар келиб, таъмирлаб беришган. Аммо бу ҳол яна такрорланган.

Фото: Янгиҳаёт массивидаги томини шамол учирган намунали уй. Eltuz.com

– 2018 йилдан бери шу уйда яшаймиз, – дейди Гулсанам Равшанова. – Ўша йилнинг ўзида (11 май куни) уйимиз томини шамол учириб кетган. Ҳокимликка арз қилганимиздан сўнг қурилиш фирмасидагилар томни ёпиб берди. 2021 йил 19 март куни томимизни яна шамол учириб кетди.

Унинг билдиришича, бу ҳақда бир ойдан буён мурожаат этилаётганига қарамай, ҳеч қандай иш қилинмаяпти. Фирмадагилар пинагини бузмайди. Ҳоким эса табиий офат-да, дейишдан нарига ўтмаган.

Гулсанам Равшанова эри давлат ишида ишлаши, тўрт фарзанди борлиги, улардан орттириб уйни қайта-қайта таъмирлашга оилада ортиқча маблағ йўқлигини таъкидлади.

“Ҳозирдан юрагимга ваҳима тушяпти. Кредит тўлаб бўлгунга қадар уйларимиз қай аҳволга келиб қолар экан?” деди у.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
14 may 2022
1938 йил 9 май куни 34 ëшида Москвада халқ душмани дея отиб ўлдирилган Боту (Маҳмуд Ҳодиев) Туркистон модерн шеъриятининг ...
5 december 2023
Навоий кон-металлургия комбинати акциядорлик жамиятига қарашли “Зармитан” олтин қазиб олиш конида оқибати ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисалар сони яна ...
4 august 2020
Ўзбекистонда турли матнларда, контекстларда, ҳатто расмий ҳужжатларда кўп ишлатиладиган “буюк аждод” тушунчасидан воз кечиш керак, деб ўйлайман. Бунинг сабабини ...
28 february 2019
Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) 27 февраль куни терма жамоанинг собиқ мурабийи, бир йил бурун «умрбод футболдан четлатилган» Самвел Бабаянни ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...