Асосий мавзулар
10 may 2021

Элга тарбиядан дарс берадиган фирибгарлар

Хоразмнинг Хива туманида бир камбағал бева аёлнинг ўғли номига олинган 30 миллион сўм кредит маҳалла раиси ва ўқитувчи дохил банк ходимлари томонидан нақдлаштириш йўли билан ўзлаштирилиб, яна аёлнинг оиласига ҳам тазйиқ ўтказилиб келинмоқда. 

“Элтуз” нашрига Хива туманининг “Пирнахос” маҳалласидан мактуб жўнатган Нигора Юсупова шу ҳақда иддао қилар экан, арзини ҳеч ким тингламаётгани, бу борадаги тергов ишлари атайин чўзиб келинаётганини айтди.

Нигора Юсупова, мактубда ёзилишича, етти фарзанд – олти қиз, бир ўғилнинг онаси. Кам таъминланган оила сифатида “Темир дафтар”да туради. Эри 2013 йилда вафот этган. Бир қизи ногирон. Ўзи мактабда фаррош бўлиб ишлайди. 

Нигора Юсупованинг Элтузга ёзган мактуби парчаси

Оиланинг асосий боқувчиси аёлнинг ўғли Абдулла Ибрагимов бўлиб, у гоҳ-гоҳида Тошкентга бориб, қурилиш ишларида ишлаб, рўзғорнинг кам-кўстини тўлдириб туради. 

Мактубда билдирилишича, “Пирнахос” маҳалласи раиси Ойбек Сафоев, тумандаги 18-мактабнинг тарбия (!!!) фани ўқитувчиси Бекзод Бобожонов “Микрокредитбанк”нинг туман бўлимидан 2020 йил августда қорамол учун 30 миллион сўм кредит олган.

Эътиборлиси, банк ходимлари билан тил бириктирилган ҳолда олинган бу кредит Нигора Юсупованинг ўғли Абдулла номига расмийлаштирилган. Бир фермер хўжалиги номига ўтказилган пул кейинчалик нақдлаштирилиб, ўзлаштирилган. 

“Энди нима қилишни билмайман. Гоҳ-гоҳида банкдан кредитнинг фоизини сўраб келишяпти. Тўлашга пулим йўқ. Ойлигимни рўзғоримга зўрға етказаман. Мени ҳеч ким тингламаяпти. Биз на қорамолни, на 30 миллион сўм пулни кўрганимиз йўқ. Илтимос, ёрдам беринглар”, дейилади мактубда.

Унда айтилишича, мазкур фирибгарлик ишини бир ой давомида туман прокуратураси тергов қилган. Кейин эса иш Хива тумани ИИБга ўтказилган. Аммо ИИБга ўтказилган тергов ҳам бир ойдан ошганки, тугамаяпти. Нигора Юсупова ва ўғлининг асосий вақти терговга қатнаш билан ўтмоқда. 

Аёл фирибгарликка бош қўшган маҳалла раисига учрашганда, у терговга қатнайвермай, аризасини қайтариб олиб, ўғлини ишга жўнатишни маслаҳат берган. Яқинда эса фирибгарлардан бири бўлмиш Бекзод Бобожонов бир гуруҳ шахслар билан аёлнинг уйига келиб, пўписа қилиб кетган. 

“Ҳозир пандемия даврида жуда қийналяпман. Кунда қон босимим ошади. Тергов эса кўриниб турган фирибгарларнинг қилмишини яшириш мақсадида атайин ишни чўзяпти. Мени адойи тамом қилишди”, дейди Нигора Юсупова.

Президент Шавкат Мирзиёевдан ёрдам сўрар экан, аёл: “Бу фирибгарларга қонун борми? Илтимос қиламан сизлардан, улардан мени ҳимоя қилиб, ҳақиқатни рўёбга чиқариб беринглар”, деб зорланади аёл. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 september 2016
Конституция чекловига қарамасдан 27 йил президентлик лавозимида ўтирган Ислом Каримов дафн қилинар экан, ундан кейин ким бўлади деган савол ...
6 april 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда манбаси бизнинг ичимизда, бизни ...
5 april 2021
Муҳтарам ўқувчи, сизга бундан 38 йил олдин юз берган воқеаларни гапириб беряпман. 38 йил олдин Аҳмадшоҳ Масъуднинг яширин истеҳкомларидан ...
27 november 2019
10 ноябрь куни Туркияда отиб ўлдирилган уйғур аслли тадбиркор Айэркен Саймаити журналистларга тақдим этган материалларда Тошкентдаги машҳур “Абу-Сахий” бозори ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...