Cатира
6 march 2022

Марина Козлова: Украина ҳақидаги ҳақиқатлар учун менга таҳдид бўляпти

Ўзбекистонлик журналист Марина Козлова ўз сайтида Украинанинг Тошкентдаги элчиси Микола Дорошенко билан интервью чоп этиши ортидан Оммавий коммуникациялар масалалари марказидан огоҳлантириш олди.

Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига бўйсунувчи ушбу марказ номидан Марина Козловага жўнатилган хабарномада унинг сайтида жорий йил 4 мартда жойлаштирилган интервьюда “Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид фото ва видеоматериаллар жойлаштирилганлиги аниқланган”.

Хабарномада мамлакат қонунчилигидаги меъёрлар саналиб, уларда “…шафқатсизликни тарғиб қилиш, …қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўйилмаслиги”, “ёшларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан… шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш”, “шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни … тарқатиш, …намойиш этиш” каби шартлар кўрсатиб ўтилган. 

Яъни Марина Козлованинг сайтида эълон қилинган материалларда айнан шу меъёрлар бузилгани билдирилган ва уларни бузиш “белгиланган жавобгарликни келтириб чиқариши мумкинлиги” маълум қилинган.

“Юқоридагилардан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг “Бутунжаҳон интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, cизнинг сайтингиздаги Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги талабларига зид келадиган фото ва видеоматериалларни 24 соат давомида ўчириш зарурлиги тўғрисида огоҳлантирамиз”, дейилади хабарномада.

Оммавий коммуникациялар масалалари маркази Марина Козловани “қонун бузилиши ҳолати ўз вақтида бартараф этилмаган тақдирда судга даъво аризаси киритилиши”дан огоҳлантирган. 

“Яъни Ўзбекистон амалдорлари фикрича, рўй бераётган ваҳшийликлар учун Украниа аҳолисини отаётган ва бомбалаётган Россия ҳукумати эмас, мен айбдор эканман”, дейди бу хабарномага муносабат билдирган журналист. 

Расмий идоранинг эътирозларига Марина Козлова қуйидагича жавоб йўллаган: 

“Жаноблар (ёки ўртоқлар)! 

Аслида қонунлар ва инсонийликни сиз бузяпсиз. Тошларингни теринглар, демайман, лекин ҳеч нарсани ўчириб ҳам ташламайман. Аксинча, Путин ва унинг фашист қўшинлари ҳарбий жиноятлари акс этган кадрлар ва тасвирларни бундан кейин ҳам чоп этиб боришга ваъда бераман. 

Агар таҳдидларингизни тўхтатмасангиз, сиз билан судлашаман”. 

Оммавий коммуникациялар масалалари марказининг журналистга таҳдидига сабаб бўлган интервьюда элчи ҳозир “Украина фуқароларини йўқ қилиш, Украинага бу ерда ҳеч ким кутмаётган рус дунёсини олиш келишга қаратилган уруш юз бераётгани”ни айтади. 

Унда элчи Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига Украинадаги уруш ҳақида “нотўғри маълумотлар”ни тарқатаётган телеканалларни ёпишни сўраб нота жўнатилганини маълум қилган. 

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда Украинадаги уруш учун Путинни қаҳрамон даражасига кўтараётганлардан ташқари украин халқини қўллаб-қувватлаётганлар, жумладан, блогерлар, жамоат ташкилотлари ва турли гуруҳлар вакиллари ҳам кўп.

“Биз нафақат жамоатчиликка, балки Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига ҳам Украинага инсонпарварлик ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат этдик.

Худога шукрки, биз Ўзбекистон давлати номидан инсонпарварлик ёрдами борти шакллантирилаётгани тўғрисида тасдиқнома олдик”, дейди элчи. 

Халқаро доираларда анча таниқли ўзбекистонлик журналист Марина Козлова узоқ йиллар давомида  United Press International (UPI), World Politics Review, EurasiaNet, Transitions Online, The Associated Press (AP), Asia Water Wire, Interfax, Prime-TASS, “Нефтегазовая вертикаль” ва бошқа кўплаб нашрлар билан ҳамкорлик қилган. 

Журналистик ишлари учун халқаро мукофотлар ҳам олган Марина Козлова АҚШ, Норвегия, Чехия ва бошқа мамлакатларда малака оширган ва халқаро анжуманларда иштирок этган. Ҳатто АҚШнинг Массачусетс штатида жойлашган Гарвард университетида маърузаси билан иштирок этган. 

Айни пайтда у Yep.uz ва  Urokis.online сайтлари ва учта телеграм канал эгаси, муҳаррири ва журналисти ҳисобланади. 

Тағин ўқинг
29 november 2017
Ижтимоий тармоқда «бошқа динга кирди» дея хотинини пичоқлаган ўзбек заҳарханда қилинган мемлар пайдо бўлди. Қозоғистоннинг Сайрам туманида яшовчи 34 ...
18 november 2016
Бугунги кунда Ўзбекистонда на президентликка номзодлар, на уларни қўллаётган партияларнинг ҳукуматга ёки бир-бирига сиёсий мухолиф эмаслигини кузатиш мумкин. Президент ...
26 october 2018
Ҳеч нарса ўз-ўзидан келмайди, жанг қурбонсиз бўлмайди. Мажбурий меҳнат батамом тугатилиши учун яна кимлардир қурбон бўлиши керак шекилли. Андижон ...
9 november 2018
Инсон бахтли бўлиши учун нима қилиши керак? Севган ёрини топиши керак дерсиз? Лекин Фарғона вилояти раҳбарлари бундай деб ўйламайди. ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...