Анонс
14 october 2025

Журналист Носир Зокир оламдан ўтди

2025 йилнинг 14 октябрида  таниқли ўзбек журналисти Носир Зокир оламдан ўтди.

1997 йилнинг мартидан Озодликнинг Ўзбекистондаги мухбирлари сафига қўшилган наманганлик журналист ва “Бирлик” халқ ҳаракати аъзоси Носир Зокир Озодлик радиосининг энг узоқ ишлаган маҳаллий мухбирларидан эди.

Озодликнинг ҳур саси

Ўзбекистоннинг Наманган, Фарғона вилоятларини пойи-пиёда кезган бу мухбир Тошкент бюроси иш бошлаганидан икки йил ўтиб, Озодлик радиоси ва унинг Носир Зокир каби мухбирларига нисбатан шаклланган муносабатни шундай таърифлаган эди.

– Мен янги ишга кирган вақтларда Озодликни ҳали кўпчилик эшитмас эди. Лекин, бюро очилгандан кейин аста-секин эшитувчилар кўпайди. Бора-бора ҳокимиятдагилар ҳам танийдиган бўлиб қолишди. Президентнинг Озодлик мухбирларига айтган гапи бор эди: «Бу раҳбарлар интервью беришга қўрқади. Агар улар бу эшикдан қувса, сиз анави дарчадан киринглар», деган гапи бор эди. Мен раҳбарларга ўша гапларни эслатар эдим, дея хотирлаган эди Носир Зокир тириклигида.

Носир Зокир Озодлик радиоси мухбири сифатидаги фаолияти давомида ҳам мухбирлиги ва ҳам мухолифатдаги фаолияти учун икки бора қамоққа ташланган.

Биринчи бор 1992 йилда 1 ярим йиллик қамоқ жазосини ўтаган мухбир, иккинчи бор 2005 йилнинг 25 августида Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати ходимини ҳақорат қилганлик айби билан 6 ой қамоққа ҳукм этилган эди ва муддатини “қўнғироқдан қўнғироққача” ўтаган.

Носир Зокир 2005 йил 13 майдаги Андижон воқеаси ҳақида биринчилардан хабар берган мухбир бўлган.

Андижон фожеаси ва ундан кейинги воқеаларни ёритгани учун Носир Зокир Ўзбекистон ички ишлар ходимлари ва миллий хавфсизлик томонидан таъқиб қилинган.

Нью Йоркдаги журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Чегара билмас мухбирлар ташкилоти, Хюман Райтс Уотч ва бошқа халқаро ташкилотлар Носир Зокирнинг ноҳақ қамлганини  таъкидлаб баёнот берган эди.

Носир Зокир Озодликдан кетиб умри охирида  Наманган вилоятида, оиласи бағрида яшади.

«Бирлик» ҳаракати фаоли

Носир Зокир иухолифатдаги фаолияти борасида 2008 йили эслаган эди.

– “Бирлик” халқ ҳаракати дастлаб тузилганда шахсан мен унинг низомини кўриб туриб, ҳеч кимдан маслаҳат сўрамасдан ҳам ўзим шу ҳаракатга кирганман. Бу ҳаракат жуда ҳам яхши тузилган эди ва ҳукуматга ниҳоятда қаттиқ таъсир этадиган катта кучга айланган эди. Биринчи қилинган хато 1989 йилнинг 10 сентябрига белгиланган митингни қолдирганимиз. У пайтда биз оддий бир аъзо эдик, лекин юқоридаги раҳбарият шу митингни қолдирган. Шундан кейин одамларнинг кўнгли совиб кетган эди. Кейин “Бирлик” халқ ҳаракати “Эрк” демократик партиясига бўлиниб кетди. Бу ҳам ҳаракатга жуда катта таъсир ўтказди. Ундан кейин ҳукумат “Бирлик” халқ ҳаракати ичидан баъзиларни сотиб ола бошлади. Яъни Лениннинг бир гапи бор эди: Мухолифларинг чиқса, ичидан бир каттароқ лидерини сотиб олсанг бўлди. Улар ўзидан-ўзи бўлиниб кетади. Шундай бўлган эди.

1991 йилда аввал “Эрк”, кейин “Бирлик” рўйхатдан ўтди. Унда ҳам ҳаракат фаоллик билан жуда яхши иш олиб бораëтган эди. Мустақилликдан кейин ҳукумат демократик кучларга нисбатан ҳам “Эрк” демократик партиясига, ҳам “Бирлик” халқ ҳаракатига қарши қаттиқ кураш бошлади. Ҳатто менинг эсимда бор, 1993 йили январ ойида Олий кенгашнинг сессияси бўлгандан кейин машинасозлик заводи раҳбари Абдувоҳид ака Паттаев мени чақириб “Носиржон, демократияни фотиҳа ўқиб кўмиб келдик. Бундан кейин энди яхшилик бўлмайди” деди. Ҳукумат “Бирлик”ни ҳам, “Эрк”ни ҳам қайтадан рўйхатдан ўтсин деди, лекин ўтказмади. Шу билан 1993 йил ноябр ойида мени қамаб қўйди. Яна бошқа демократик кучларга қарши қама-қама, оммавий равишда террор бошланиб кетди.

Журналист Носир Зокир жаназаси 14 октябр куни Тўрақўрғон тумани Ахси жоме масжидида ўқилди.

Рассом Туз саҳифасидан

Тағин ўқинг
2 may 2023
Наманган вилояти  Поп тумани Чодак қишлоғида яшовчи Дониёр Тўрахўжаев босқинчиликда гумонланган 40 яшар укаси Дилшоджоннинг 12-15 апрель кунлари Тошкент шаҳар ...
3 june 2024
1 июн Болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Тошкентнинг Ашхобод боғида текин музқаймоқ тарқатилиши ҳақида эълон берилгани ортидан Истироҳат ...
2 july 2020
6-синфда ўқирдим, Кампучияда давлат тўнтариши бўлиб ҳукуматга Пол Пот раҳбарлигидаги «Қизил кхмерлар» келганини, улар бутун мамлакат бўйлаб фашистик диктатура ...
16 january 2023
Рассом Туз @eltuz
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...