Асосий мавзулар
12 march 2019

Гулноранинг ҳукуматдаги шериклари ким бўлган?

Ўтган 2018 йилнинг биринчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга жами 726 млн доллар пул ўтказилган. Унинг 200 миллион доллари Россия фуқаролари, қолгани бу мамлакатда мардикорлик қиладиган миллионлаб ўзбеклар томондан жўнатилган.

Бу рақамларни нега келтиряпмиз? Миллионлаб ўзбек уч ой тинимсиз ишлаб ҳам Гулнора Каримованинг учтагина ширкатдан олган порасичалик даромадга эга бўла олмаганини кўрсатиш учун.

Шунча халқнинг ойлар давомидаги меҳнатининг қадри авторитар ҳукмдорнинг тантиқ қизи айтадиган бир сўзчалик эмаслигини англатиш учун келтирдик юқоридаги рақамларни.

Гулнора Каримова фақат телекоммуникация эмас, бошқа даромадли соҳаларга ҳам тинимсиз аралашгани бугун ҳеч кимга сир эмас.

Шундай экан, бу соҳаларга кириб келишни истаган бошқа сармоядорлар ҳам маликанинг ҳузурига қуруқ қўл билан ташриф буюрмаган бўлса керак, деган шубҳа уйғонади.

Масаланинг яна бир жиҳати борки, агар уни айтмасак, Ўзбекистоннинг бойлигини, халқнинг қонини канадек сўрган коррупционерларга ҳиммат кўрсатган бўламиз.

Хўш, ҳукуматда расмий жиҳатдан бундай йирик масалаларни ҳал қиладиган ваколатга эга бўлмаган (ташқи ишлар вазирига бир муддат маслаҳатчи бўлганини айтмаганда) Гулнора Каримова ҳужжатлар билан боғлиқ ишларни қандай ҳал қилди экан?

Ахир ўша йирик телекоммуникация ширкатларининг Ўзбекистонга кириб келиши учун ҳужжатларни Гулнора эмас, ҳукуматдаги қандайдир ваколатли мансабдорлар имзолаши керак-ку.

Ахир бировнинг эгалигидаги фирмани бошқарган Гаянэ Авакян ва ўртамиёнадан ҳам паст қўшиқчи Рустам Мадумаровда бундай ваколатлар бўлмаган бўлса керак?

Демак ўша мансабдорлар кимлигини ҳам очиқлаш лозим. Улар ҳозир қандай лавозимларда ишлаётгани ёки қандай ишлар билан бандлигини халқ билишга ҳақли.

Айни пайтда АҚШда Гулнора Каримова учта телекоммуникация компаниясидан 865 миллион доллар миқдорида пора олиш ва кейинчалик бу пораларни АҚШ молия тизими орқали ювиш учун ўз расмий мавқеидан фойдаланишда айбланмоқда. 

Бу жиноят иши “хорижий коррупция амалиётлари тўғрисидаги қонун тарихида энг йирик ҳолат” дея баҳоланишга ҳам улгурди.

Айбловда Гулнора Каримова Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги қарорларига таъсир ўтказганлиги ҳам билдирилмоқда.  

Агар Ўзбекистон прокуратураси АҚШда бошланган жиноят ишига қизиқиш билдириб, ўз текширувини ўтказишга қарор берадиган бўлса, эътибор қаратиш лозим бўлган нуқталардан бири мана шу назаримизда.

Бу идора раҳбарлари Гулнора олган пораларга шерик бўлмагандир эҳтимол. Чунки “коррупция маликаси” бировга бир тийин берадиган аёлга ўхшамайди. Акс ҳолда Ўзбекистонда суд қилинганда ўзаро келишув бўйича ўғирлаган пулларини мамлакатга қайтаришга ҳаракат қиларди.

Шундай қилмагани, бунинг устига, ўзини ҳақ-ҳуқуқи поймол этилаётган жабрдийда сифатида кўрсатишга уриниб, интернет орқали дунёга жар солиш ҳаракатида бўлмаганида бугун уй қамоғидан турмага жўнатилмаган бўларди.

Ҳар ҳолда Ўзбекистон бош прокуратурасининг шу муносабат билан тарқатган баёнотидан мана шундай хулоса келиб чиқади.

Энди прокуратурада АҚШ адлия тизими томонидан Гулнорага эълон қилинган айбловлар асосида қўшимча текширувлар ўтказишга ҳамма асос бор.

Юқорида айтганимиздек, бу текширувлар Гулноранинг буйруғи билан ўз ваколатларини суиистеъмол қилган бошқа амалдорларни ҳам қамраб олиши зарур.

Акс ҳолда биз бу амалдорларнинг кимлиги ҳақида яна АҚШ тарқатадиган навбатдаги баёнотлардан билиб оладиган аҳволга тушмайлик!

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
8 january 2026
1973 йилнинг 8 январь куни собиқ Иттифоқнинг «Луна-21» автоматик станцияси Ой сари йўлга чиқди. Унинг асосий вазифаси — Ой ...
14 november 2025
Уотсон 1889 йили Россия империяси ишғоли остидаги Рус Туркистони деб аталадиган ўлкаларни кезиб суратлар олди. 1899 йили бу суратлар ...
4 april 2017
Ўзбекистон телеканаллари баҳорнинг биринчи ойини анъанавий тарзда буткул байрамона ўтказди. Хотин-қизлар байрами муносабати билан ўзбек аёлларининг қанчалик «бахтиёрлиги, ватанпарварлиги, ...
21 june 2017
Президент Мирзиеев ташаббуслари билан ўзбекистонликларни ҳурсанд қилишда давом этмоқда. 15 июн куни, Шавкат Мирзиёев Туркманистонга сафари ортидан, республикада ҳам ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...