Document UZ
23 july 2018

Йирик тадбиркорга оид жиноят ишидаги қинғирликлар

Тошкент шаҳри ИИББ наркотиклар тарқатиш иши бўйича айбланаётган тадбиркор Жаҳонгир Умаровга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

ИИББнинг баёнотига кўра, 2018 йил бошларида ҳибсга олинган Ж.Умаровнинг кабинетидан 10 грамм опий моддаси топилган. Ҳибсга олиш чоғида унинг танасида гематома ва тирналишлар бўлган.

Жаҳонгир Умаров “Интеграл Инвест” компанияси раҳбари бўлиб, Тошкентдаги йирик тадбиркорлардан бири ҳисобланади. Ҳуқуқ ҳимоячилари унинг жиноят иши бизнесини тортиб олиш мақсадида сохталаштирилганини таъкидламоқда.

Интернетда жамоатчиликка тақдим этилган, тадбиркор ишига бевосита алоқадор бўлган аудиёзувлардан бирида, ҳуқуқ ҳимоячиларининг иддаоларида жон борлиги сезилади.

Аудиоёзувда Тошкент шаҳри ИИББ жиноят қидирув бошқармаси ўта махфий ишлар бўйича катта тезкор вакили Фатҳиддин Нуриддинов экани айтилаётган шахс ва Абдурашид исмли йигитнинг ўзаро суҳбати муҳрланган.

Маълум бўлишича, тезкор вакил Абдурашиднинг қамоққа тиқилган тадбиркорга қариндошлигини билмаган ва шунинг учун мавзу бўйича очиқ суҳбат бўлган.

Аудиёзувда гап Ж.Умаровни ушлаш жараёни яширин камерага олингани, жумладан, наркотиклар ҳам унга атайин ташлаб қўйилгани ҳам тасвирга тушгани ҳақида сўз юритилади.

Суҳбат мазмунидан тезкор вакилнинг яширин олинган видеотасвирлар борлиги тўғрисидаги хабарлардан ташвишга тушгани билинади. “(Қамоққа олиш жараёнида) у (Ж.Умаров) воқеани ёзиб оладиган шароитда эмас эди”, дейди тезкор вакил.

Қолаверса, аудиоёзувда тадбиркорни қамоққа тиқиш буюртма асосида бўлгани, бунинг учун Ф.Нуриддиновга тадбиркор қамоққа ўтирадиган ҳар бир ой учун 10 минг доллар ваъда қилинганига ишора бор.

Умуман, тадбиркор устидан ўтказилаётган суд жараёнидаги бошқа далиллар ва савол-жавоблардан ҳам “бу ерда нимадир тоза эмас”, деган хулосага келиш мумкин.

Хусусан, Ж.Умаров ва унинг меҳмонини ҳибсга олишда тезкор гуруҳга бошчилик қилган тезкор ходим Азим Маҳмудовнинг судда берган кўрсатмалари бунга мисол бўла олади.

Жумладан, унинг билдиришича, тезкор тадбир давомида опий моддаси қўшилгани айтилаётган чой идишларидан бармоқ излари, гумонланувчиларнинг қон, сийдик таҳлиллари, сўлакларидан намуна олинмаган.

Тадбирда экспертлар ҳам иштирок этмаган. Тезкор тадбир жараёнининг ўзи ҳам тасвирга олинмаган. “Шошиб қолдик”, деб изоҳлаган ўз ишига бундай масъулиятсизликни А.Маҳмудов.

Гарчи Тошкент шаҳри ИИББ Ж.Умаровга нисбатан қийноқлар қўлланилмагани ҳақида баёнот бераётган бўлса-да, айбланувчининг яқинлари шифохонадаги кўрик хулосалари-ю суд тиббий экспертиза хулосалари ҳам Умаровга қийноқ қўлланилганини тасдиқлаганини айтмоқда.

Бундан ташқари, инфаркт хуружи сабабли суд залидан шифохонага олиб кетилган Ж.Умаровда текширувлар чоғида С вирусли гепатит касаллиги аниқланган.

Бу касалликнинг юқтирилишини эса тадбиркорнинг яқинлари яна ўша катта тезкор ходим Фатҳиддин Нуриддиновдан гумон қилмоқда. Чунки у ўз кабинетида Ж.Умаровга уколь қилдирган ва орадан олти ой ўтиб тадбиркорда гепатитнинг хавфли кўриниши аниқланган.

Ўзбекистонда ички ишлар ходимларининг қийноқлар қўллаши тақиқланган. Шунингдек, судларга қийноқлар остида олинган далилларни қабул қилиш ҳам қонун йўли билан тақиқланган.

Шунга қарамай, тадбиркор Ж.Умаров билан содир бўлаётган воқеалар аслида ҳуқуқ-тартибот ва суд тизимида ҳаммаси аввалгидек давом этаётганидан дарак бермоқда.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 august 2018
Озодлик радиосининг мақоласига жавобан, 20 февраль куни “Murad Building” ширкати раҳбари, 35 ёшли Мурод Назаров ўзининг фейсбукдаги саҳифасида баёнот ...
21 february 2021
Туркманистонда 14 ёшли дзюдочи Сулаймон Турсунбоев жангда президентнинг қариндошига «ютқазиб бериш»дан бош тортгани учун ўлдирилди. Фожеа февраль ойининг бошларида ...
1 december 2025
Бектемир туман ҳокими Нурилла Абдурахманов «Хутон» масжидини кенгайтириш мақсадида таҳоратхона қуриш учун давлат балансидаги уйни беғараз бериш ҳақида қарор ...
27 july 2019
Ўзбекистонда кенг урчиган порахўрлик мавзуси рассом Элсевар талқинида. Рассом Элсевар 2016 йил 20 январь Eltuz.com
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...