Cатира
3 november 2017

Бизга ҳарбий соҳада кўпқутблик керак

Сўнгги вақтларда рус мулозимларининг Ўзбекистонга ташрифлари кўпайди. Шу кунларда Россия бош вазири Дмитрий Медведов юртимизда бўлиб турибди.

МДҲ мамлакатлари ҳукумат раҳбарларининг йиғилишига келган Медведов Тошкентда энг юқори доираларда қабул қилиниши кутиляпти.

Бундан олдинроқ Чеченистон раҳбари, Татаристон президенти, Россия қишлоқ хўжалиги вазири, РФ Миллий хавфсизлик кенгаши котиби кабилар ҳам Тошкентга келиб кетганди.

Россиянинг бош қуролсози, ҳукумат раҳбарининг бу соҳа бўйича ўринбосари Дмитрий Рогозиннинг яқинда юртимизга қилган ташрифи эса нисбатан кўп саволларни туғдирди.

Хўш, унинг ташрифидан мақсад нима эди? Ўзининг жангари гап-сўзлари билан танилган бу мулозимнинг Ўзбекистонга сафари нимани англатади?

Ҳар хил англашмаларга олиб келадиган шу каби саволлар атрофида билдирилаётган фикрлар турли туман. Хўш, буни қандай тушуниш мумкин?

Аслида бундан аввалроқ ўзбек ҳарбийларининг Россия ташаббуси билан ўтказиб келинаётган армия ўйинларида биринчи бор иштирок этгани, Россия ҳарбийлари билан Жиззахда жанговар машқлар ўтказгани ортидан бу каби саволларнинг келиб чиқиши табиийдир.

Расмий маълумотларга кўра, Дмитрий Рогозин икки давлат ҳукуматларининг савдо-иқтисодий алоқалар бўйича музокараларини ўтказишга келган. Шу билан бирга, ўз раҳбари бўлмиш бош вазирнинг Тошкентга ташрифи давомида кўриб чиқиладиган масалаларни келишиб олишни кўзлаган.

Лекин Россия ҳарбий техника комплекси раҳбарининг фақат шу масалада келмагани таҳлилчилар учун кундек ойдин эди.

Аввало, бу масалада фикр юритишдан олдин Ўзбекистоннинг ҳарбий-техник салоҳиятига эътибор қаратиш жоиз бўлади.

Гарчи халқаро таҳлилда Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда энг кучли экани эътироф этилса-да, аслида бизда Қозоғистон ёки Туркманистонда мавжуд замонавий қуроллар улуши нисбатан кам.

Масалан, бизда ҳаво мудофааси учун С-300 ракета қурилмалари борлиги ҳақида маълумот йўқ. Шунингдек, Су-30 ҳарбий самолётлари ҳам борлиги маълум эмас. Қозоғистон эса ўз армиясини ана шундай замонавий техника билан қуроллантирган.

Яқинда Тукманистон ўз мустақиллигини нишонлаганда ўтказган ҳарбий парадда намойиш этган ҳарбий техника ҳам анча замонавий.

Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Ўзбекистон Россиянинг бу борадаги кўмагига муҳтож. Бундан ташқари, ён қўшнимиз Афғонистондаги вазият мамлакатимизнинг замонавий қуролларга бўлган талаби табиий эканини англатади.

Шубҳа йўқки, Д.Рогозин Тошкентга ташрифи давомида ўтказилган музокараларда бу масалаларни ҳам атрофлича муҳокама қилган.

Бу музокаралар натижаси ўлароқ, армиямизнинг замонавий қуролланиши яхшими ёки ёмонми?

Шубҳасиз, бунинг ижобий жиҳати беқиёс. Зеро, кучлилар билан ҳар доим ҳисоблашишган. Афғонистондаги вазият эса бу қарашларимизни янада долзарблаштиради.

Мана шу масалалар фонида президент Шавкат Мирзиёев Туркияга ташрифи чоғида турк зирҳли машиналарини юртимизда ишлаб чиқариш борасида келишувга эришгани аҳамиятлидир.

Бундан кўринадики, Ўзбекистон ҳарбий-техник ҳамкорлик йўналишида бир қутбли сиёсатдан қочишга интилмоқда.

Лекин бу сиёсат собитқадам бўлиши даркор. Чунки бугун қурол-яроғни четдан экспорт қиладиган, фақат битта давлатга қарам бўлиб қолиб қолишни истамайдиган давлатлар айнан шу йўлдан бормоқда.

Россияда вице-премьер Дмитрий Рогозинни ўнг қарашга эга сиёсатчи сифатида ватанпарвар ҳисоблашади. У мамлакат учун муҳим ҳарбий-саноат мажмуасини бошқаради.

Қрим Россия томонидан аннексия қилингач, Рогозин биринчилардан бўлиб Европа ва Америка санкциялари остида қолди, унинг Ғарб мамлакатларига чиқиши тақиқланди. Рус сиёсатчиси, афтидан, бундан фақат ғурурланади. Санкцияларни изоҳларкан, «Танкларга виза керак эмас»,— деган эди у 2015 йили.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 june 2022
Бош прокуратура томонидан тиббиёт ходимлари фаолиятига тўсқинлик қилиш ва уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб ...
29 january 2020
Ўзбекистонлик олима Гулсара Шерматова ижтимоий тармоқда қолдирган 28 январь кунги постида «чет эллардаги юқори малакали PhD унвонига эга кадрларнинг» ...
9 january 2026
Элтуз эксперти Баҳодир Файзи АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан Венесуэла президенти Николас Мадуронинг қўлга олиниши ва Нью-Йорк қамоқхонасига ташланишини ...
26 october 2021
Юлий Юсупов, иқтисодчи, Иқтисодий тараққиёт маркази директори (Ўзбекистон)  Совет латифаси: 1917 йилда декабристнинг набираси кўчадаги шовқинни эшитиб, хизматкорини нима ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...