Кўзқараш
9 july 2018

Алишер Таксанов: Милиция люстрация қилиниши керак

Каттақўрғонда милиция капитанининг аёл кишини қип ялонғоч қилган ҳолда таҳқирлагани ўзбек жамиятида жуда катта шов-шувга сабаб бўлди. Каримберди Тўрамурод фотоси.

Айни пайтда бу воқеа юзасидан Бош прокуратура, Хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги каби ташкилотлар вакиллари турли баёнотлар берди.

Аммо бу баёнотларда айбни тизимдан эмас, шахсдан қидиришга уринишлар ўзбек жамиятининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, хорижда яшаётган ўзбекистонлик диссидент журналист Алишер Таксанов Хотин-қизлар қўмитаси раиси, бош вазир ўринбосари Танзила Норбоевани ички ишлар идоралари билан можародан қочиб, жиноятни ҳуқуқ-тартибот ваколати юкланган мансабдор шахснинг инсоний сифатлари – тарбиясизлиги ва ахлоқ нормаларини билмаганига йўйишга интилишда айблади.

Бундан аввалроқ Т.Норбоева воқеа юзасидан фикр билдириб, “бу ўринда, аввало, гап мазкур “эркак”нинг тарбияси даражасига бориб тақалади”, дея баёнот берганди.

Бунга жавобан А.Таксанов бош вазир ўринбосарининг эътиборини воқеа бозорда, кинотеатр ёки “қизил чироқлар” кўчасида эмас, ИИВнинг расмий идораси бўлмиш Каттақўрғон ТИИБ биносида содир бўлганига қаратди.

Унинг таъкидлашича, капитан Санъат Умаров ўғирликда айбланган аёлни очиқчасига таҳқирлаётганда бу воқеани бинодаги ўнлаб ходимлар, жумладан, юқори унвонли офицерлар кўрмаслиги мумкин эмас эди. Лекин ҳеч ким капитанни қонунбузарликдан тўхтатишга уринмаган.

“Ҳеч ким унини чиқармадими, демак бу ўша ерда бўлган барча орган вакилларининг жинояти. Шунинг учун жавобгарлик солидар тарзда бўлиши керак”, дейди журналист.

Унинг қайд этишича, давлат халқ номидан ИИВ ходимларига фақат қонун ижроси учун фойдаланилиши керак бўлган алоҳида ваколатлар (ҳуқуқ эмас) беради.

“С.Умаров ваколатлари доирасидан чиқиб, Жиноят кодексини бузган экан, бунда ИИВнинг ҳам айби бор. Ҳамма нарсани тарбияга йўйишга уриниш милицияда мавжуд муаммоларнинг бир қисми, холос. Агар бундай садист ишлаган экан, демак у илгари ҳам раҳбариятнинг қўлловига эга бўлган”, дейди А.Таксанов.

“Тўғрироғи шуки, бундай иш услуби Ўзбекистоннинг жазолаш-қатағон қилиш органлари фаолиятида анчадан буён қўлланилиб келинади. Умаров ҳам ушланганларни камситиш, ҳақоратлаш, балки қийнаш ва таҳқирлашни одатий иш услуби деб билган”, дея давом этади журналист.

А.Таксановнинг фикрича, милицияни “тарбиясизлар”дан тозалаш учун медикаментоз усуллар эмас, тўлиқ жарроҳлик операцияси даркор. Айнан люстрация қилиш ва янги мезон ҳамда талаблар бўйича янгидан тузиш керак.

Сўзи охирида журналист таҳқирланган аёлга маънавий зарарни қоплаш учун ИИВни судга бериш ва ўз бизнесини йўлга қўйишга етадиган катта маблағ ундиришни маслаҳат беради.

Айни кунларда каттақўрғонлик таҳқирланган аёл воқеасига бундай кескин муносабатни турли ижтимоий тармоқлардаги кўплаб бошқа юзерлар ҳам билдирмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу воқеа юзасидан капитан Санъат Умаровга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва эҳтиёт чораси сифатида у қамоқда сақланмоқда.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 march 2016
Хусусан, “Ўзбекистон овози” газетаси азалдан қишлоқ ва маҳаллаларда шаклланган ҳашар эндиликда мамлакат миқёсига чиққани, бўлиб ўтган ҳашарда 18 миллиондан ...
1 november 2025
Россияда Каримов номидаги ҳиёбоннинг пайдо бўлиши биринчи ноябрга, бошқача айтганда жодугарлар куни – Ҳеллоуинга тўғри келди. Москва мэрияси шунингдек, ...
15 october 2018
Хоразмлик таниқли хонанда Азиза Ниёзметова 14 октябрь куни 46 ёшида оламдан ўтди. Бир йил аввал саратон касалига чалинган хонанда ...
29 january 2018
Тошкент шаҳри марказидаги модерн меъморчилик намунаси бўлган Киночилар уйи ва бошқа биноларнинг бузилиши Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...