Асосий мавзулар
16 july 2018

Дарз кетган кадрлар сиёсати

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўз ўтмишдоши Ислом Каримов даврида ишдан урилган раҳбарларни қайта лавозимларга тайинлаш сиёсатига дарз кетди.

Бу сиёсатнинг илдизи чиригани Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраевнинг порахўрликда айбланиб қўлга олиниши ортидан яққол кўриниб қолди.

Т.Жўраев эндигина ҳокимиятга келган Ш.Мирзиёев томонидан юксак мансабларга қайтарилган кўп сонли амалдорларнинг бири эди.

2004-2008 йилларда халқ таълими вазири бўлиб ишлаган Т.Жўраев тизимни янада ботқоққа ботиришга жонбозлик кўрсатгандан кейин Сурхондарёга ҳоким қилиб жўнатилганди. Бу ердан Қашқадарё раҳбарлигига ўтказилганидан сўнг эса сурхондарёликлар бундай ҳокимдан қутулганига шукур қилиб, қўйлар сўйгани ҳақида гап-сўзлар чиққанди.

Т.Жўраевнинг Қашқадарёдаги саргузаштлари ҳам бир текис кечгани йўқ.

Сўконғичлиги ва зўравонлиги сабаб бу ерда ҳам халқнинг ғазабига дучор бўлган эди. Коррупционерлиги сабаб Ислом Каримов уни шарманда қилиб ишдан ҳайдаганди.

Қамалмаганига шукур қилиб, йиққан-тиққанини майдалаб еб ётган жойида боши узра яна офтоб чиқди. Ш.Мирзиёев уни аввал Бекободга, сўнг эса Самарқанд вилоятига ҳоким қилиб тайинлади.

Бугун эса биз унинг инқирози тимсолида президентнинг кадрлар сиёсати, юмшоқроқ қилиб айтганда, ўзини умуман оқламаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Букрини гўр тузатади, дейди доно халқимиз. Ўрганган кўнглининг ўртанишига бўйин эгаётган бу каби кадрлар бугунги бошқарув тизимининг ўзагини ташкил этади.

Бир гуруҳ коррупционерлар ишдан бўшатилиб, ўрнини бир вақтлар улар билан “рақобат”га дош бера олмаган бошқа бир гуруҳ коррупционерларга бўшатиб берди.

Шунинг учун ўзбекистонлик таниқли журналист Шароф Убайдуллаев Би-Би-Сига берган интервьюсида “Мирзиёев кадрлар сиёсатининг пойдевори қийшиқ”, деганида минг бора ҳақдир.

Биз коррупцияга қарши курашиш ҳақида қанчалик оғиз кўпиртирмайлик, бу “кураш” тепасида коррупционерларнинг ўзи турар экан, ҳеч қандай ижобий натижага эриша олмаслигимиз кундек равшан.

Тўғри, охирги пайтларда Шавкат Мирзиёев бошқарув кадрларини танлашда анча қийинчиликларга дуч келаётгани, бундай кадрларни танлаш қийин кечаётганини бир неча марта таъкидлади.

Шу билан бирга, эски кадрларга кўп-да ишонмаслигига ишора қилган ҳолда 2-3 йил ичида янги кадрлар пайдо бўлиши ва юқори лавозимларга олиб келинишини билдирди.

Президент бу борада отни тезроқ қамчилаши талаб қилинадиган кўринади.

Акс ҳолда ҳозир ҳокимият тепасига қайта олиб келган кадрлари президентнинг бугун кўпчиликда анча илиқ таассурот қолдираётган сиёсатига соя солишлари ҳеч гап эмас.

Зеро, Туроб Жўраев воқеаси эски коррупционерларга ишонч билдиришнинг оқибатлари яхшилик билан тугамаслигига, “қийшиқ
пойдевор” билан тикланган уй бир кун келиб босиб қолишига яққол далилдир.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 december 2016
Ғарб давлатлари бошлаган 850 миллион доллар коррупция ишининг асосий фигурантларидан бири саналган Абдулла Орипов 14 декабр куни Бош вазир ...
19 january 2023
Элтузга ҳажвия ëзиб беришим керак. Илхом париси кемаяпти. Совуқ бўлгани учун қамотлари тўнгиб қолган бўлса керак. Иссиқ гуппини устидан ...
31 march 2018
Олий Мажлис Сенати 29 март куни «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) тўғрисида»ги қонунни тасдиқлади. Мазкур қонунга кўра, ДХХга ...
21 june 2025
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидовнинг давлатдан яширган сирлари халқаро майдонда фош бўлди. 2025 йил 2 июн кунидан ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...