Асосий мавзулар
9 december 2019

Шунқорнинг парвозини баландлатаётганлар кимлар?

Мажбурий меҳнат бюросининг Пастдарғом тумани бўлими бошлиғи Илҳом Ҳамдамовнинг 7 декабрь куни ўз вазифасидан озод этилишини мамлакатдаги ҳокимият таназзулининг бир кўриниши ўлароқ баҳолаш мумкин. 

Бундан аввалроқ, 4 декабрь куни Илҳом Ҳамдамов раҳбарлик қилган бўлим ходимлари Пастдарғом тумани ободонлаштириш дирекциясига қарашли бетон заводида электр қуввати ўғирлангани фактларини фош қилган эди.

Айни пайтда расмийлар Илҳом Ҳамдамовнинг ишдан олиниши туманда МИБ фаолияти билан боғлиқ паст кўрсаткичлар оқибати эканини айтмоқда.

Расмийларнинг билдиришича, МИБнинг вилоят бўлимларида олдинроқ республика комиссияси томонидан ўтказилган комплекс текширувда айрим туманларда, жумладан, Пастдарғомда (ўзбек тили қонуниятларини ўзича тушунадиган “Кун.ўз” талқинида Паст Дарғомда) бир қатор кўрсаткичлар бўйича салбий натижалар қайд этилган. 

Шу сабаб билан Илҳом Ҳамдамовдан ташқари МИБнинг Ургут тумани бўлими бошлиғи ҳам ишдан бўшатилган. Текширув якунларига кўра, ҳали яна бир қатор раҳбарлар ва ходимларга нисбатан ҳам интизомий чоралар қўлланиши мумкин.

Аслида МИБдаги оддий раҳбарнинг лавозимидан четлатилиши эътибор қаратилиши лозим бўлган катта воқеа эмас.

Аммо бу иш туман ҳокими Шунқор Худойбердиевнинг ёрдамчиси Асрор Мардиевнинг шахсан ўзи МИБ ходимининг ўз хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилгани фонида юз бергани жамиятимиз учун жиддий муаммолардан бирини кўрсатиб бермоқда. 

Яъни бу четлаштириш “Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан” мақолининг амалий рўёби ўлароқ қабул қилинаётир.

Зеро, “Кун.ўз” сайти Шунқор Худойбердиевнинг ноқонуний ҳаракатлари ҳақида бир неча мақолалар эълон қилган, аммо ҳокимга жин ҳам урмаганди. 

Шундан хулоса қилиш мумкинки, “жин” ҳокимнинг таянчларидан бири бўлиши мумкинлигини асло истисно қилиб бўлмайди. 

Бетон заводидаги электрдан ноқонуний фойдаланиш масаласини на МИБ, на электр тармоқлари корхонаси, на ИИВнинг маҳаллий органлари ҳал қила олди. 

Шунинг ўзи ҳам Шунқор Худойбердиевнинг парвозини баландлатаётганлар анча тепада ўтиришидан дарак бермайдими? 

МИБнинг иш фаолияти юзасидан халқ норозилигининг чеки йўқ. Осмондан тушган қарзларни шафқатсиз ундираётган, жабрдийдаларнинг оҳу ноласини пулга чақаётган бу идора ходимларининг кирдикорлари талайгина.

Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, МИБ Пастдарғом тумани бўлими бошлиғининг ишдан олиниши мантиқли бўлиши ҳам мумкин.

Аммо туман миқёсидаги раҳбарлар соясида содир этилаётан йирик миқдордаги ўғирлик ортидан унинг ишдан олиниши мантиқ тўқмоғини парчалайди…

Бу воқеа амалдорларнинг қўли узунлиги мантиғини олдинги планга чиқариб, бизнинг жамиятда ҳокимиятга чиққан криминалнинг сўзи сўз, айтгани айтган бўлишини яна бир бор тасдиқлайди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 october 2016
Тошкентлик генерал Жўрабек тарафидан 1897 йилда қурилган, ўтган йилги ëнғин натижасида яроқсиз ҳолга келган «Жўрабек» масжиди «Марҳум Юртбошининг кенжа ...
8 august 2016
Рассом Кирпи ҳар йили бўладиган айни ҳолат, абитуриаентларнинг бункер, паравоз ва шпаргалка каби воситаларидан фойдаланинишини ҳажв қилади. Бу йил ...
19 january 2026
Таниқли ўзбек театр ва кино актёри Пўлат Саидқосимов 2019 йил 87 ёшида Республика шошилинч тиббий ёрдам марказидаги 6 cоат ...
1 september 2021
Chatham House халқаро муносабатлар сиёсий институти Кейт Меллинсон (Kate Mallinson)нинг Афғонистон ва Марказий Осиёда кечаётган вазиятга оид таҳлилий мақоласини ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...