Асосий мавзулар
11 march 2021

Ота: “Қизимга тиббиёт ходимлари ОИВ юқтирган”

Андижон шаҳрида яшовчи Б.Б. қизида ОИВ (одам иммун танқислиги вируси) аниқлангани бўйича “Элтуз”га мурожаат қилди. 

Унга кўра, ҳозир 17 ёшга тўлган қизига 2006 йилда, яъни 2 ёшли вақтида Андижон вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида зотилжам (пневмония)дан даволанаётган вақтида тиббиёт ходимлари ҳаракатлари оқибатида ОИВ юқтирилган. Қизнинг ота-онаси буни орадан 13 йил ўтиб билган. 

– Қизим 2006 йилда Андижон шаҳридаги вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида даволангани ётганида ушбу инфекцияни юқтириб олган, – дейди фуқаро. – Биз буни 2018 йил июнь ойида айнан яна ўша шифохонада даволангани ётганида билиб қолдик. Шу вақтдан буён тинимсиз қизимни даволатиб келяпман. Бу вақт давомида эса бу ердаги барча фактлар йўқ қилиниб келинмоқда. Касаллик варақалари, беморларнинг соғлиғи акс этган ҳужжатлар ҳаммаси йўқ қилинди.

2 яшарли қизча ҳақиқатда ҳам шифохонада хавфли инфекция юқтиргани ва шунга оид тиббий ҳужжатлар йўқ қилинганини Андижон вилояти прокуратураси тасдиқлаган. 

2020 йил 19 июнда Б.Б.га прокуратурадан юборилган хатда Р.Б.да (қизнинг исми сир тутилади – таҳ.) аниқланган ОИВ инфекцияси вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази пульмонология бўлимида “инвазив муолажалар даврида парентерал йўл билан юқтирилгани ҳақида хулоса қилингани, бироқ тиббий ҳужжатлар муддати тугагани ва йўқ қилингани сабабли бўлимнинг ўша вақтдаги санитария-эпидемиологик ҳолатини баҳолаб бўлмагани” айтилади.

“Элтуз”га тақдим этилган ИИБ ҳужжатига кўра, дастлабки тергов ҳаракати олиб борилиб, сўнг Жиноят кодексининг 84-моддаси 1-қисми биринчи бандига асосан, яъни шахсни жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги боис жиноят иши қўзғатилиши рад этилган.

Давлат оилага ҳеч қандай товон пули тўламаган, қиздаги барча ёндош касалликларни даволаш харажатларини ота-онанинг ўзи барча мулкини сарфлаб қоплаб келмоқда. Оила фақат вируснинг кучайишини тўсадиган дориларни текин олмоқда, холос. 

– Ҳозир қизимда ўпка гипертензияси, юрак ва қалқонсимон без билан боғлиқ касалликлар бор, зотилжам билан қайта оғриди, унинг тишлари қийшайиб, тушиб кетмоқда”, – дейди қайғудан қадди дол бўлган ота.

Қизининг оғир дардга чалинганини билгач, ота-онаси болалар учун алоҳида шифохона ажратилиши бўйича мурожаат қилмаган жойи қолмаган. ОИТСга чалинган беморлар учун махсус жарроҳлик маркази, стоматология бўлими ажратилишини сўрашган. 

Аммо, уларнинг айтишича, ҳудудда ҳамон беморлар аралаш даволанмоқда. Ҳудуд аҳолисининг махсус жамғарма очиш илтимослари ҳам рад этилган. Касаллик аҳоли орасида тарқаб кетмаслигини хоҳлаётган ота-онанинг ҳеч бир мурожаати ўз ечимини топмаган.

“Президентнинг қизларига, Бош прокуратурага, ДХХга ёрдам сўраб ёздим, – дейди Б.Б. – Тайинли жавоб берилгани йўқ. Вилоятга йўналтиради. Вилоят ҳокими эса яна ишни босди-босди қилиш чорасини кўради. 

Вилоят телевидениесига бориб, вазият ҳақида маълум қиламан, мендан интервью олинглар, дедим. Хўп, телефон қиламиз, ўзимиз чақирамиз, деб чақиришмади. 

Охири пичоқ бориб суякка етди. 2021 йил 13 февраль куни ўзимни ўлдиришга қарор қилдим. Қизимни ўйладим. Хор бўлиб ўлиб кетишидан қўрқдим. 

Қизимнинг ўқишлари яхши. Мактабда аъло баҳоларга ўқийди. Дунёқараши кенг, оқила қиз. Мусиқага қизиқади, гитара чалади. Катта бўлсам, архитектор бўламан, дейди. 

Мактабида саноқли киши билади. Ҳеч ким ёмон муносабатда бўлмайди. Руҳан ўзим ҳам қўллаб тураман. Уни ҳар қандай вазиятга тайёрлайман”.

“Элтуз”нинг Андижон вилоятида ОИВ/ОИТС билан касалланганлар сонига аниқлик киритиш ҳақидаги мурожаатига Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев республикада ОИТСга оид маълумотлар сир тутилади, дея жавоб берди. 

Фурқат Санаевнинг сўзларига кўра, уларнинг соғлиғи ва ҳолати бўйича яқинлари билан доимий алоқа ўрнатилади. Моддий рағбатлантирилиб турилади, махсус даволаш чоралари кўрилади. 

Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори Қаҳрамон Йўлдошевнинг билдиришича, 2020 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда ОИВ билан зарарланиш билан боғлиқ 43 581 та ҳолат кузатилган. 

Маълумот учун: ОИВ – бу инсоннинг иммун тизимини зарарлайдиган вирусдир.

Тағин ўқинг
29 march 2019
Бизни емиргувчи иллатлар ҳақида гапирсам. Бу калимани юз йил олдин Маҳмудхўжа Беҳбудий айтган эди. Мавзуга киришдан олдин аввалги сафар ...
3 may 2016
Ўзбекистон матбуоти, ТВ ва радиосини кузатар экансиз, мамлакатни терроризмга қарши курашиш, ёт ғоялардан сақланиш васвасаси чулғаб олгандек таассурот уйғонади. ...
22 january 2022
(Рассом Туз ҳикоялари. Давоми. Боши ўткан сонда) «Холли қабристонни ўйчан қиёфада тарк этди. Бир чеким носни тил тагига ташлаб, ...
20 november 2025
Президент қарори билан Фаррух Жаҳонгирович Пўлатов Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси раиси лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...