Асосий мавзулар
22 may 2018

Андижонда ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам “қимор” ўйнамоқда

Кейинги пайтда “Борига барака” капитал шоуси одамлар хаёлини ўргимчак тўридек ўзига қамраб олди. 7 ёшдан 70 ёшгача ҳамма “Борига барака” кўрсатувида иштирок этиб, катта миқдордаги ютуқ соҳибига айланишни хоҳлаб қолган. Уламолар бу кўрсатувни расмий қимор деб аташмоқда.

Кимдир телефонидаги “Клик” ҳаволаси орқали 5 минг сўм пул ўтказиб, кўрсатув иштирокчисига айланса, кимдир капитал шоу ҳомийси бўлган “Атлас” кўнгилочар мажмуига бориб, керакли анкетани тўлдиради. Тасодифий танланган телефон рақам эгаси “Борига барака” капитал шоусига таклиф қилинади.

“Мен телефондаги “Клик” орқали 3 марта 5 000 сўмдан пул ўтказдим. Шоуни ҳар хафта кутаман. Ўша пайтда ана энди менинг телефон рақамим терилади, дея умид қиламан”, дейди шоу ишқибозларидан бири.

У омади келиб, кўрсатувга чақириб қолишсаю, машинами ёки 2 хонали квартирами ютиб олишни орзу қилаётганини яширмайди.

“Менга уй жиҳозлари ҳам бўлаверади. Янги уйга кўчиб ўтганман. Уйни маиший жиҳозлар билан тўлдириш керак. Шунинг учун “Борига барака”га илиниб қолишга ҳаракат қиляпман”, дейди яна бир мухлис..

Кўрсатувда иштирокчи тескари ўгирилган ютуқлар рўйхатини компьютерга уланган тугмача орқали босиб, бир-бир рўйхатдан чиқариб юборади. Рўйхатда охири қолган ютуқ иштирокчига насиб этади.

Шу кунгача “Борига барака” капитал шоуси орқали иштирокчилар “Кобальт” автомобили, телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси каби маиший буюмлар соҳибига айландилар.

Айрим иштирокчилар шоуда қатнашиш учун ҳеч қандай пул тикмаганлар, анкета тўлдирганлар, холос. Аммо кўпчилик кўрсатув соҳибига айланиш учун ҳар ҳафта 5 минг сўмдан пул ўтказиб, анча-мунча маблағини совуриб ҳам бўлишди.

“Борига барака” кўрсатувида автомобиль ютган фуқаро айнан андижонлик экани ва унинг шаҳар кўчалари бўйлаб ютуққа чиққан “Кобальт” автомобилида айланиб юргани аҳолининг шоуга оммавий қизиқишига туртки бўлди.

77 ёшли кекса онахон Х.Азимова невараси унинг пенсия пулидан икки-уч марта шоу ўтказиладиган “ЗўрТВ” телеканали ҳисобрақамига пул ўтказганини таъкидлайди.
Онахоннинг айтишича, мабодо шоуда иштирок этмаган тақдирда ҳам 5 минг сўм пул ҳеч қанча маблағ эмас, у набиралари учун омадини синаб кўрмоқчи.

Мактабларда эса ўқувчилар орасида аллақачон капитал шоуга тақлид кучайиб кетган. Ютуққа қўйилган совринлар ҳам камтаргина: ширинликлар, салқин ичимликлар, ўқув қуроллари, майда сувенирлар, фаст-фуд таомлар, пул ютуғи ва ҳоказо…

“Синфимдаги бир ўқувчимдан болаларнинг дарсдан сўнг йиғилишиб, лотереяга ўхшаш ўйин ўйнашаётгани ҳақида эшитиб қолдим.Секин пойласам, орқа ҳовлида ўғил болалар “Борига барака” ўйнашяпти. Ўйин ташкилотчиси синфдаги ҳаммадан 2 минг сўмдан пул йиғибди. Бугун кичикроқ пул тикиб бошланган ўйин эртага катта қиморга айланмайди, деб ким кафолат бера олади”, дейди Андижон шаҳридаги мактаблардан бирида ишловчи муаллима.

Яқинда Кun.uz сайти “Борига барака” капитал шоуси юзасидан ислом уламоларининг фикрини эълон қилди. “Зикр аҳлидан сўранг” ҳайъати ушбу саволга қуйидаги тартибда жавоб берган:

“Икки ёки ундан кўп томон пул тикиб, оқибатда бирининг фойдасига бўладиган ҳар бир ҳолат қимордир. Агар шу қоидага тушса, жоиз эмас. Турли ўйинлардаги ютқазган пулини тўлаш ҳам қимордир”.

Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистонда аёлу эркак “қимор” ўйнамоқда. Гарчи айримлар бу расмий қимор ўйинда иштирок этиш учун ҳеч қандай маблағ сарфламаганини таъкидлаётган бўлса-да, ютуққа қўйилган совринлар одамлардан йиғилган маблағлар ҳисобига шакллантирилган.

“ЗўрТВ” телеканалида ишловчи ходимнинг “Элтуз”га билдиришича, ҳафтадан ҳафтагача шоу ҳисоб рақамига 2 млрд сўм атрофида маблағ тушмоқда. Аммо ҳозирча бу маълумот расмий тасдиғини топганича йўқ.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 december 2016
17 йилдан буён қамоқда қолаётган таниқли журналист, 62 ёшли сиёсий маҳкум Муҳаммад Бекжон жазо изоляторига ташланган ва унинг муддати ...
15 february 2018
Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистонда 2017 йилги пахта терими мавсумига оид эълон қилинган ҳисоботидан келиб чиқадиган хулосаларни ўқиб, худди шундай ...
6 december 2021
Германиядаги Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида Ниёзова 4-5 декабрь кунлари Ўзбекистонда фермерлар билан учрашди. «Элтуз» илгари хабар қилганидек, ...
17 february 2020
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга февраль ойи бошида бўлиши режалаштирилган, анча овоза қилинган давлат ташрифи жорий йил июнь ойининг ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...