Кўзқараш
10 october 2016

Ислом Каримов очиқчасига Амир Темурга тенглаштирилди

Ёдномаларни шоир ва ёзувчилар битсин экан. Чунки уларнинг тафаккур доираси бошқаларникидан кўра кенгроқ бўлади.

Шу кунларда марҳум президент Ислом Каримовнинг вафотига қирқ кун тўлиши муносабати билан Ўзбекистон матбуоти ана шундай ёдномалар билан тўлиб-тошди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси (07.10) ҳам бу ҳайбаракаллачиликдан ортда қолмасликка эмас, балки байроқдор бўлишга қарор қилди. Газета мамлакат Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али тили билан марҳум президентни соҳибқирон Амир Темурга тенглаштириб қўя қолди.

Тўғри, Ислом Каримовни Амир Темурга муқояса қилиш ҳаракати унинг ҳаётлиги даврида ҳам кузатиларди. Лекин бу тенглаштириш гап орасида қистириб ўтиларди. Муҳаммад Али каби ҳали ҳеч ким алоҳида мақола бағишлаб, бу каби очиқ ёзмаганди.

У Ислом Каримовни Амир Темурга қиёслаш учун етарли асослар борлигини даъво қилар экан: «Амир Темур арслон юракли, қўрқмас, ёвқур эди, бу сифатни Ислом Каримовга нисбатан ҳам айта оламиз», дейди.

«Довюрак» Каримов ўз қароргоҳида борадиган йўлларга туташ кўчаларни бутунлай ёптириб ташлаганда, бир жойга борса, халқ билан очиқчасига тиллашиш ўрнига алоҳида танланган кишилар билан хўжакўрсинга мулоқотлар қилганда кимлардан чўчигани, Темурбекдек ёвқурлиги қаерда қолгани ҳақида, табиийки, бир оғиз ҳам эслатилмайди.

«Ҳар иккиси ҳам адолат маёғини маҳкам тутди. Амир Темур «Куч – адолатда!» деган шиорни кўтариб чиққан бўлса, Ислом Каримов бу улуғ ҳикмат мазмунини маънавий жиҳатдан бойитиб, «Куч – билим ва тафаккурда!» дея унга юксак баҳо берди. Бежиз эмас, ҳар икки буюк сиймо ҳам «Юрт адолатсиз тура олмайди», деган сўзларни яхши кўришар, ҳамиша унга амал қилишарди», дея давом этади Муҳаммад Али.

Ислом Каримов адолати қандай эканини бугун қамоқхоналарда бегуноҳ ётган балки минглаб маҳкумлар билади. Халқнинг билим ва тафаккури юксалиб, куч бўлишидан чўчибми, ўқитувчилари у ёқда турсин, ҳатто мактаб ўқувчиларигача пахта даласига ҳайдалган, таълим сифати тобора пасайиб бораётган ўзбек юрти билади.

Муаллиф ҳар икки давлат раҳбари ҳам бемисл бунёдкор бўлгани, уларнинг бу борадаги ишлари бугун «жаҳонни ҳайратга солиб келаётгани»ни таъкидлайди.

Соҳибқирон борасида айтилган бу гаплар тўғри. Аммо Ислом Каримов қурдирган бирорта бино бугун жаҳонни ҳайратга солаётганини ҳали эшитганимиз йўқ.

Ўзбек ёзувчиларининг серкаси муваққат ва афтидан бўлажак президентга пахта қўйишни ҳам эсдан чиқармайди.

Бош вазирнинг ватинчалик президентликка тасдиқланиши ҳақида фикр юритар экан, Муҳаммад Али «ҳар бир ватандошимиз халқимиз, давлатимиз тақдири ишончли қўлларда эканига ишонч ҳосил қилгани»ни таъкидлайди.

«Ҳа, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов бошлаган ишлар асло тўхтамайди. Улуғ йўл давом этади!» дея хулоса қилади муаллиф.

Умуман, Муҳаммад Али бу гаплари билан Ислом Каримовни Амир Темур даражасига олиб чиқишни кўзлаганми ёки соҳибқиронни марҳум президент даражасига тушириб қўйишни ният қилганми, мақоладан англаш мушкул.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 march 2016
“Ҳуқуқ оламида” газетасининг ёзишича, Наманган вилоятилик бир неча йигит Норин дарёсидан резина қайиқ ёрдамида Қирғизистонга рангли металл – латун ...
5 january 2026
1919 йил 5 январда Мюнхендаги «Шибер» пивохонасида содир бўлган воқеа кичик бир сиёсий гуруҳнинг йиғилишидек кўринса-да, аслида у инсоният ...
18 october 2025
29 июндан 30 июнга ўтар кечаси Тожикистонда 27 яшар хотин 4 боласини ўлдирди.  Ҳалимова Мадина ўзи ва болаларини Сухоб ...
10 may 2018
Эрамиздан олдинги VI-V асрларда яшаб ўтган, «Дао Де Цзин» асарини ёзган қадимги хитой файласуфи Лао Цзи сўзлари 9 майни ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...