Кўзқараш
16 may 2019

Маҳмуд Ражаб – шоир, бор гап шу!

Ҳақиқатга қайси томонидан қарасанг ҳам бир хил кўринади, дейишади. Маҳмуд Ражаб -шоир, ёзувчи, шу миллатнинг чин бир фидоийси, Матназар Абдулҳакимнинг хос шогирдларидан – ҳақиқат шу! Яъни Маҳмуд Ражаб шахсида шу ҳақиқатни – шоир деган ҳақиқатни кўриш мумкин, қолгани – уйдирма!!! Мен Маҳмуд аканинг шахсини яхши биламан, ижодини қадрлайман. Шеър йўлида ҳамсафарлармиз. Яна бир гўзал шоирнинг адолатсизликка ем бўлишига йўл қўймайлик! Шоирлар қамоқхона ва дорларга эмас, энг гўзал юракларга салом бериб кириб борсин, Халқим!!! Мавриди билан Маҳмуд Ражаб шеърларидан туҳфа этамиз.

Гўзал Бегим
Шоиранинг фейсбук саҳифасидан

БЕҚАРОРЛИК

Ўзгармас қарорим беқарорликдир,
Бир шохада тура олмайман доим.
Ўтириб олганим шох қуриётса,
Гуллаган шохларга ўзгарар жойим.

Янада беқарор бўлурман баттар,
Тарози устига чиқмоқчи чоғим.
Нисбий бўлса агар адолат, ўлчов,
Икки паллададир икки оёғим.

АГАРДА…

Эҳ, нақадар зерикарлидир,
Фақат ҳақиқатга ишонмоқ.
Севаман деб алдагин мени.
Сўнгра эса
Қучоғингда тутиб қолмасанг,
Ёрилиб ўламан севинчдан.
Оғушингдан жой сўрармидим
Бу дунёга сиғолганимда.

ИЛЛЮЗИЯ

Терак тепасида ўтирган ойни,
Яшириб қўймоққа топдилар имкон.
Ой-ку этак билан ёпилмас, лекин,
Кўзни этак билан ёпмоқ мумкиндир.
Шамол келаётир дарғазаб, чунки
Шамолга тўнкади
Теракни
Қимирлатиб кетган кимсалар.

ТИНЧЛИК СУВРАТИ

Милтиқ кўтарилиб
ҳуркитар бирдан
Қаноти бор ҳамма нарсани.
Қушлар талвасада учар,
фойдасиз,
Ўқ барибир қувиб етади.
Шунда бирдан қайдандир келиб
Милтиқнинг учига қўнар ниначи.

ВАҲИМАЛИ ТУН

Зорланиб-зорланиб маърайди бузоқ,
Гўдак чирқирайди бешикда.
Итлар увиллайди қайғули, узоқ,
Товушлар лашкари эшикда.

Қувонч ғойиб бўлган билдирмай секин,
Узоқларга қочиб кетгандир уйқу.
Эшик тамбаланган мустаҳкам, лекин
Бостириб киради хонага қўрқув.

Маҳмуд Ражаб

Тағин ўқинг
2 march 2021
“Қизларим қаердалигини билмайман. Хотиним эса кечалари билан ухлай олмайди. Мен ғамга ботдим”. Ўн минглаб одам қатори Хитойнинг “қайта тарбиялаш ...
15 august 2025
Бир куни Мажнун (асл исми Қайс) йўлда Лайлининг итини кўриб қолди. Севгилимнинг итини бир эркалай деб Мажнун итнинг ëнига  ...
29 august 2025
Юксак дидли шоир дўстимиз  Болтабой Бегматовнинг маддох шоирларга эътирози: Шоирлар пойтахтга кўчиб кетдилар, Отиз сенга қолди, чел сенга қолди. ...
1 july 2022
Қуллик зеҳнияти нима дегани, биласизми? Биргина қорни учун ажнабийга тобе бўлган халқда қуллик зеҳнияти бор. Мисол учун, «Мустақиллик бизга ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...