Асосий мавзулар
16 december 2019

Экологик партия раҳбари АЭСни тарғиб қилмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси раҳбари Борий Алихонов Чернобиль ҳалокатига сабаб бўлган атом реактори билан Ўзбекистонда қурилажак реакторни “Москвич” ва “Ласетти” автомобилларига қиёслади.

“Москвич” билан “Ласетти” ўртасида қанча фарқ бўлса, Чернобилдаги реактор билан Ўзбекистонда қурилажак реактор ўртасида шунча фарқ бор”, деди экоетакчи.

Борий Алихоновнинг бу баёноти бутун дунёда яшиллар партиялари атом энергетикасига қарши чиқаётган бир пайтда ўзбекистонлик экологлар мамлакатда атом электр станцияси қурилишига қўлига қўшиб оёғини ҳам кўтараётгани фонида айтилди. 

Ҳар томонлама қизиқ баёнот. Бу ёқда жаҳоннинг шунча қудратли ҳукмдорлари қолиб, оддийгина қизча, экофаол Грета Тунберг “Йил одами” деб эълон қилиниб турибди. 

Дунёнинг ривожланган давлатлари атом энергетикасидан кетма-кет воз кечиш йўлига ўтган. Ҳар бир мамлакат имкон қадар қайта тикланувчи энергетикага ўтиш йўлини қидирмоқда.

Аммо Ўзбекистоннинг Экологик партияси мамлакатда АЭС қурилишига ҳар томонлама “за”. Бизнинг замонда бунақасини учратиш амри маҳол.

Юртимиздаги ҳамма “Москвич” билан “Ласетти”ни фарқлайди. Ўзбекистонда бугун “Ласетти” обрўли машиналардан бири. 

Борий Алихонов ўлчамни шундан олган. Ўзбекистонликлар ўзи обрўли деб билан машинанинг “Москвич”дан зўрлигини билади. Шунинг учун Чернобиль реакторини Ўзбекистонда қурилажаги билан солиштирсак, демак халқимиз зўр деб ўйлайди, деган нишонни кўзлаган.

Лекин экологларимизнинг етакчиси битта нарсани унутибди. Бугун ўзбекистонликлар нафақат “Ласетти”дан ўнлаб марта зўр автомобилларни, балки “Тесла” каби электромобиллар ишлаб чиқарилаётгани, улар экологияга деярли зарар етказмаслигини ҳам билади.

Ўзбекистон минг мақтангани билан ривожланган Ғарб давлатларида ишлаб чиқарилиши ўнлаб йил олдин бошланган моделларни йиғиш билан шуғулланаётганини ҳам билишади. 

Шунинг учун Борий Алихонов Чернобиль реактори билан Ўзбекистонда қурилажак реакторни солиштириш орқали аслида бизнинг насибамиз учинчи дунё мамлакатлари учун аталган қурилма бўлишини эслатиб қўйдимикин?

Аслида бундай ўйламанг. Чунки Экологик партиямиз етакчиси бу масалани ўз ақлий ва мансабий имкониятлари даражасида тушунтиришга ҳаракат қилди. 

Шу нуқтаи назардан қарсангиз, Борий Алихоновнинг Экологик партияси ва унинг ўзи ҳукумат томонидан “яшилга бўялгани”га иқрор бўласиз.

Акс ҳолда бутун дунё муқобил энергетика манбаларига ўтаётган бир пайтда Ўзбекистон Экологик партиясининг серчиқим ва хавфли АЭС қурилишига бунчалик тарафдор бўлаяётганини яна қандай изоҳлаш мумкин?

АЭС қурилиши Ўзбекистон учун иқтисодий эмас, балки сиёсий қарор эканини қачон тан оламиз?

Агар Экологик партия ва унинг етакчиси бу нарсани фарқлай олмаса ёки фарқлашни хоҳламаса, эрта-индин сайлайдиганимиз депутатлардан нима фойда?

Хуллас, бу масалада саволлар кўп, расмий жавоблар эса халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган жиҳатларни кўрсата олаётгани йўқ. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 november 2016
«Халқ сўзи» газетаси (19.11) Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки иштирокида мамлакатда Муносиб меҳнат ...
18 september 2018
Ўзбек интернети қаҳрамони, телебошловчи, сиёсатшунос, сиёсий фанлар номзоди ва Журналистика университети ректори Шерзод Қудратхўжаев рус аёлига қўполлик қилиб, ундан ...
24 august 2020
Республика иқтисодини кўтариш учун, энг аввало, ер хусусийлаштирилиши керак, дея ҳисоблайди Навоий вилоятининг Конимех тумани собиқ ҳокими, қишлоқ хўжалиги ...
6 august 2025
Жорий йилнинг 1 август куни Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида бир гуруҳ фуқаролар итларни сотаётган вақтида қўлга олинди.  Маълум ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...