Асосий мавзулар
28 november 2025

“Real Sanjik” ҳибсга олинди

ТИНТУВ, АЙБЛОВЛАР ВА МАНБАЛАР ТИЛГА ОЛАЁТГАН БАҲСЛИ ҲОЛАТЛАР

26 ноябрь куни “Real Sanjik” номи билан танилган блогер Санжарбек Каримов Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган махсус тадбир пайтида ҳибсга олинди.

Расмий маълумотларда у товламачилик ва бошқа жиноятларда гумонланаётгани айтилган. “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов блогернинг 19:00 ларда ушланганини маълум қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини процессуал қоидаларга қатъий амал қилишга чақирди.

Элтуз манбасига кўра, воқеалар расмий маълумотлардан бутунлай бошқача кечган. Манбанинг айтишича, Санжарбек Каримов 26 ноябрь куни соат 20:30 да Тошкент шаҳар Ички ишлар бўлимига ўз хоҳиши билан борган. Унинг устидан “Шахзоданинг онасини сўккансан” деган иддао асосида Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми билан иш қўзғатилган. Манба таъкидига кўра, блогер ҳеч кимдан қочмаган ва чақирувга ўз вақтида етиб борган.

Ундан бир неча соат ўтгач, кечаси соат бирда опер ходимлар блогернинг офиси эшигини бузиб кирган, ҳамма жойни титишган ва унинг илгари марҳум отаси яшаган уйини ҳам тинтишган. Манбанинг айтишича, тинтув жараёнида Санжарбек Каримовнинг яқинларидан ҳеч ким иштирок этмаган. Кейинчалик Тошкент ИИББнинг “махсус шахсларидан” гувоҳ сифатида имзо қўйиб олинган.

Манбага кўра, Санжарбек Каримовнинг уйидан қурол топилмаган. Иддаоларга кўра, тинтув пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларидан бири блогернинг отаси кийган пальто чўнтасига 10 грамм гиёҳванд модда солган ва бу модда Санжарбекка тегишли экани сифатида баённома расмийлаштирилган.

Элтузга тақдим қилинган маълумотларга кўра, тинтув вақтида гиёҳванд модда аниқланган икки жой бўлган. Биринчиси, стол тортмасидан топилган бир қутича наша, иккинчиси эса блогернинг отасига тегишли шкафда турган пальтодан целофанга ўралган ҳолда топилган 9 грамм гашиш. Манбанинг таъкидига кўра, ҳар икки моддадан ҳам бирон-бир тирик тер изи, яъни Санжарбек Каримовга тегишли бармоқ изи чиқмаган. Бу ҳолат моддаларнинг қаердан келиб қолгани ҳақида янада кўпроқ савол туғдирмоқда.

Шундан кейин эълон қилинган Миробод туман суди ҳужжатларида Санжарбек Каримовга нисбатан Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми, шунингдек 25 ва 273-моддалари бўйича айблов қўйилгани қайд этилган. Суд материалларига кўра, тинтув вақтида олинган ўсимлик моддалари экспертизадан ўтказилган ва уларда тетрагидроканнабинол борлиги аниқлангани айтилган.

Бироқ Элтуз манбаси қўшимча бир муҳим маълумотга эътибор қаратишни айтади. Манбаларга кўра, Санжарбек Каримов қонининг лаборатор таҳлили ўтказилган ва унинг таркибида бирон-бир гиёҳванд модда аниқланмаган. Манба бу ҳолат моддаларнинг ҳақиқатан ҳам блогерга тегишли эканига шубҳани янада кучайтиришини таъкидламоқда.

Санжарбек Каримов уч ойга қамоқда қолдирилди. Суд қарори дарҳол ижрога қўйилган. Қарор устидан 72 соат ичида шикоят бериш мумкин.

Блогер исми аввалроқ 240 минг долларлик уй билан боғлиқ можарода ҳам тилга тушганди. У пайтда никоҳ ваъдаси билан алдовга учган Ш. А.нинг уйи блогерга сотиб юборилгани аниқланган. Санжик уйни болалар уйига эҳсон қилишини айтган, аммо нотариал ҳужжатлар тақдим этилмагани расмий идора томонидан маълум қилинган. Бу ишда Ш. Р. кейинчалик суд қилиниб, 9 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ҳозирги ишда эса расмий айбловлар ва Элтуз манбаси айтаётган даъволар ўртасида кескин қарама-қаршилик мавжуд. Расмий идоралар ҳозирча тинтув вақтидаги баҳсли ҳолатлар, айниқса гиёҳванд моддаларнинг пайдо бўлиши ҳақида изоҳ бермаган.

Тағин ўқинг
27 december 2019
Ҳолва-ҳолва деган билан оғиз ширин бўлмайди. Худди сайлов-сайлов дегани билан Ўзбекистондаги вазият демократик бўлмагани каби. Сайлов кунлари кўп ажнабий сўзлар ...
4 december 2023
Ниҳоят Ўзбекистондаги қўшиқ шинавандалари қалбини ларзага солаётган шоу томошаларига навбат етиб келди – Элтузнинг қаттиқ Икс фактори ёки Х-Фактор пагонларга ...
18 january 2026
Замонавий томошабиннинг диққат-эътибори пасайгани энди шунчаки тахмин эмас, балки киноиндустрияни ўзгартираётган фактга айланди. Яқинда машҳур актёр Мэтт Дэймон Жо ...
5 september 2023
Ўзбекистондаги меҳрибонлик уйларини «реформа қилиш» ташаббускори бўлган Тоҳир Миржапаров 15 нафардан зиëд вояга етмаганларни ичириб, ҳушидан кетказиб, мунтазам зўрлаб ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...