Крикис – имкониятлар реабилитацияси
Сўнгги ҳафталарда Урганч суратлар галереясидаги сирли тафтиш асносида ëқилишга маҳкум икки диссидент рассом асарлари матбуотга мавзу бўлди. Агар диққат қилган бўлсангиз бу сирли тафтишда рассом Андрей Крикиснинг “Тўқимачилар” деган мой-бўëқ асарининг галерея ҳазинасидан изсиз йўқолгани ҳам юзага чиққанлигини кўрамиз.

Ҳар ҳолда Урганч мулозимлари таниқли рассом Виктор Ган мўйқаламига мансуб машхур асарни вайрон қилгани инобатга олинса, Андрей Крикис асари ҳам қайсидир мулозим таъбига ëқмагани учун йўқ қилинмаганига кафолат борми?

Зотан Андрей Крикис диссидент эди. У Самарқанд музейидаги атоқли совет рассомининг социалистик реализм услубидаги асари ўрнига ўзининг ғарб-абстракционизми руҳидаги асарини осиб, ўша давр мулозимлари асабларини қақшатиб ҳузур олган эди.

Рассом Ғайрат Қўзибоевнинг ишонишича, Андрей Крикис Ўзбекистондаги илк абстаркционист рассомдир.

Лекин Андрейдан анча олдин Ҳикмат Ғуломов ва Константин Титовлар ҳам абстаркт услубда ижод қилишган. Санъат билимдонлари Кука деб улуғлайдиган рассом Ҳикмат Ғуломовнинг иккита асаригина Урганч музейида сақланиб қолди. Аммо бугунги мавзу Андрей Крикис ҳақида.

Крикисни шартли равишда тириклигида эътироф қилинган илк абстракт рассом десак аниқ бўлади. Бунга кўп омиллар сабаб бўлди. Биринчидан Горбачев эркинлигининг шарофати эди бу.

Рассомлик бўйича олий таълим олмаган Андрей Крикис Горбачевгача бўлган даврда ҳам, бугунги даврда ҳам эътироф топмаган бўларди. У фақат эркин шароитда гуллайдиган агава дарахти каби Горбачев даврида чечак очди. Андрей рассом бўлиш учун мулозимнинг изни ëки лицензияси зарур эмаслигини ўз ўрнаги билан кўрсатди.

1986 йили Андрей Крикис Тошкентдаги Илҳом театри кўргазмалар залида очган кўргазмасини «Имкониятлар реабилитацияси» дея атади. Совет даври мазлумлари реабилитация қилинаëтган тазарру даври эди бу. Крикис ўз ичидаги бостирилган имкониятларини зиндондан озод айлади.

Андрей Крикис самарқандлик таниқли археолог олимнинг фарзанди эди. Крикис жисман ўзи туғилган бу қадим тупроқни севар эди.
Шу боис қайта-қуриш даврида совет империясининг тамбаси туширилган эшиклари остонасини ҳатлаб мамлакатдан кетмади. У қадим Самарқанд ватанпарвари эди.
Крикис Самарқандда туғилди ва 44 ëшида Самарқандда ўлди.
Акмал Ризаев
Ўзбекистонлик муаллиф таҳаллуси
Eltuz.com
