Асосий мавзулар
22 november 2016

Расмий таъкидлар ортидаги англашмалар

Ўзбекистон расмий матбуоти Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг мамлакатга ташрифини ёритишда фақат ЎзА томонидан берилган расмий хабарларга таянди.

Аввало, бу расмий хабарлар ўта сиёсий ҳушёрлик руҳида ёзилганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, ушбу ташриф «Туркияда Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга катта аҳамият берилишидан далолат экани қайд этилгани» айтиб ўтилади.

Агар бу расмий тилни оддий халқ тилига ўгирсак, мазкур муносабатларни ривожлантириш ҳаракатини бошлаш Туркия томонининг ташаббуси экани англашилади.

Шунингдек, ташрифга бағишланган бош мақолада музокаралар чоғида «Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилингани» ҳам билдирилади.

Буни икки давлат ўртасида ишонч муҳити яхши эмас, деб тушунмоқ керак. Зеро, Ўзбекистоннинг марҳум президент Ислом Каримов даврида Туркияга нисбатан юритган сиёсати ана шундай муҳит ҳукмрон бўлишига олиб келган эди.

Анча йиллардан бери турк бизнеси Ўзбекистондан йироқлаштирилгани, сиёсий алоқалар ҳам ўта паст даражада экани кўпчиликка сир эмас. Бу эса, аввало, ўзбек мухолифати вакиллари, биринчи навбатда, «Эрк» партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг Туркиядан бошпана топганига боғлиқ, деб ҳисоблайди аксарият кузатувчилар.

Аммо мақолаларда икки давлат раҳбарларининг музокараларида ўзбек мухолифати билан боғлиқ вазият ҳам муҳокама қилинганми-йўқми, деган саволга жавоб топиб бўлмайди. Ўзбек матбуоти табиатидан келиб чиқилса, гарчи бу масала муҳокама қилинган бўлса ҳам элга ошкор этилишини кутиш керак эмас.

Интернет сайтларида Туркия раҳбари Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида бўлиб, у ерда жума намозини ўқигани, лекин бирорта ўзбек мулозими унга эргашмагани ҳақида ёзилди.

Ўзбек матбуоти эса қилинган зиёрат ҳақида хабар бериш билан чекланиб, намоз масаласида сукут сақлади.

Ташрифга оид бош мақоланинг асосий қисми ўзаро иқтисодий алоқаларга бағишланган. Агар бу хабарларга ишонилса, томонлар яқин йилларда ўзаро савдо айланмасини 2-3 баробар ошириш (2015 йилда 1,2 миллиард доллар) саъй-ҳаракатини қилади.

«Суҳбат чоғида ушбу ташриф икки мамлакат ишбилармонлар доиралари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликка янги суръат бахш этишга ишонч билдирилди «, дейилади мақолада.

«Янги суръат» сўзлари бу гапда энг урғу берилган жумладир. Аммо бу янги суръатга эришиш Туркиядаги ўзбек мухолифати билан боғлиқ вазиятга қанчалик алоқадор бўлади?

Ҳозирча ташрифдан сўнг кўпчиликни қизиқтираётган савол аслида шу!

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 december 2021
Германиядаги Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида Ниёзова 4-5 декабрь кунлари Ўзбекистонда фермерлар билан учрашди. «Элтуз» илгари хабар қилганидек, ...
21 november 2016
«Халқ сўзи» газетаси (19.11) Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки иштирокида мамлакатда Муносиб меҳнат ...
22 october 2025
Бир пайтлар мусулмон дунёсида катта нуфузга эга Туркистон мамлакатларининг халқаро обрўси бутунлай тушиб, уларнинг хоин ҳукмдорлари кейинчалик ҳам Россия ...
31 october 2016
Ўзбекистоннинг муваққат президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...