Асосий мавзулар
24 february 2017

Цензорнинг эркинликка чорлови

Сўнгги вақтларда ўзбек матбуотида илгари тилга олинмаган мавзулар кўтарилаётганига бир неча марта эътибор қаратгандек.

«Оила ва жамият» газетасида (22.02) «Ўзбекистон овози» газетаси бош муҳаррири Сафар Остонов билан суҳбатни ўқиб, айнан матбуот эркинлигига ўз таъсири доирасида тўсқинлик қилиб шахслар бугун яна қаҳрамонлик даъвосини қилаётганига далил топгандек бўлдик.

Чунки «Ўзбекистон овози» газетасини кузатиб борсангиз, у нафақат кечаги кунларда ўзбек матбуотининг энг ёмон кўриниши намунаси бўлганини, балки бугун ҳам қарийб ўша аҳволда эканига гувоҳ бўласиз.

Аммо «Оила ва жамият» мухбири билан суҳбатда бу бош муҳаррир худди эркин матбуот тарғиботчисидек таассурот уйғотишга ҳаракат қилган, лекин илк гапларининг ўзиёқ унинг аслида бунга қарши эканини кўрсатиб қўйган.

«Биринчи президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотларни бугун янада катта талаб ва масъулият билан давом эттиришни ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда», деб гап бошлаган бу «матбуот дарғаси».

Аслида И.Каримов ҳукмронлиги ўзбек матбуотини бичиб қўйгани, уни абгор қилганини бу «мутафаккир» билмайди деб ўйлайсизми? Билади. Билгани-ку майли, бу сиёсатни амалга оширувчилар сафида туради.
Шунинг учун интервьюда ҳам у умумий гаплардан нарига ўтмайди, сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмайдиган фикрларни қаторлаштириб ташлайди.

Бош муҳаррир сўзларига озгина залвор бериш учун: «Илгари «Журналист суриштируви», «Суд очерки» деган жанрлар бор эди, бугун йўқолиб кетди», деб ҳаммага маълум гапни қистириб ўтади ва «журналистларимиз ижтимоий муаммоларни кам кўтарадиган бўлиб қолди», дея ёзғиради.

Ўзбек матбуоти танқид қилинганда «бугун бош муҳаррирлар ҳам, журналистларнинг ўзи ҳам цензор бўлиб кетди» қабилидаги фикрлар билдирилади.

Энг қизиғи, ана шундай цензор вазифасини ўтаб келганлар бугун матбуот эркинлиги ҳақида бошқаларга ақл ўргатмоқда. Улар янада бош қаҳрамон ролига даъвогар бўляпти.

Шундай экан, бундай «қаҳрамонлар»га яна бош рол таклиф этилаётган юртимизда матбуотнинг эркинлашувига қанчалик ишониш мумкин?

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
14 february 2025
Cалом қадрли Элтуз муҳлислари, бугун 13 февраль, мен Қудрат Бобожон ҳалиям таътилдаман. Элтузнинг хавфсизлик масалаларини таъминлаш ишлари билан шуғулланаяпман. ...
16 february 2017
15 феврал куни Шавкат Мирзиëевга видеошикоят билан мурожаат қилган тошкентлик тадбиркор Олим Сулаймонов қамоққа олинди. Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ...
8 january 2026
Бизга Бизнес-Омбудсман томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳам тақдимнома ва огоҳлантириш бераётганлиги ҳақида хабарлар келиб тушмоқда, маслаҳат беришни сўрашмоқда. Бизнинг ...
11 september 2023
Чирчиқ Давлат педагогика университети раҳбарияти ушбу университетнинг ўзбек тили ва адабиёти учинчи босқич талабаси Каромат Муқимовага университет ётоқхонасидан жой ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...