Асосий мавзулар
10 march 2017

Каримовнинг беш тамойили эскилик сарқитига айланди

Илгари Ислом Каримовнинг беш тамойилидан бошқа нарсани кўрмайдиганлар энди янги президентнинг янги стратегиясини дастуриламал қилиб олди.

Ҳар икки гапнинг бирида стратегия, кўчага чиқиб, автобусга минсангиз стратегия, телевизорнинг эса турган турмуши стратегия. Қўполроқ қилиб айтганда, ҳожатхонага кирсангиз ҳам стратегиялар сизни таъқиб қилади.

Чунки хоҳласангиз-хоҳламасангиз у ерда мана шу ҳақда мақолалар чоп этилган газеталарга ишингиз тушади…

Беш тамойил эскилик сарқитига айланди. Модада стратегия. Ўзбекистонда партия борки, тутган амали ҳам ўзгарди. Ҳаммаси президентнинг стратегиясини дастуриламал қилиб олган.

Хотин-қизлар байрами муносабати билан босма нашрларда эълон қилинган мақолалар аёлларнинг эр билан ётиб-туриши ҳам стратегияга асосланаётганидан дарак бераётгандай таассурот қолдиради гўё.

Чунки газеталаримиз аёллар кунига бағишланган ҳар бир лавҳасида янги давлат раҳбарининг стратегияларида белгиланган вазифаларни гапирадиган бўлиб қолди.

Масалан, «Оила ва жамият» газетаси (08.03) «Наврўз» давлат қабуллар уйида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан президент иштирокида бўлиб ўтган расмий маросимда қатнашган аёлларнинг фикрларини эълон қилди.

Унда ҳам стратегия. Масалан, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими бўлган аёл стратегиядан келиб чиққан ҳолда Қорақалпоғистонда тиббиёт соҳасидаги янгиликлар ҳақида лоф уради.

Унинг айтишича, оддий қишлоқ врачлик пунктида «жаҳон стандартларига мос асбоб-ускуналар, лаборатория аппаратуралари, ЭКГ аппарати, физиотерапия ускуналари» ва ҳоказолар бор.

Жаҳон стандарти бугун қишлоқ жойларимиздаги тиббиёт муассасалари даражасида бўлса, бунақа жаҳон стандартига ҳам туф дегинг келади.

Агар жаҳон стандартида ҚВПда оддий шприцни ҳам пулга сотиб олиш, бинтга пул тўлаш, оддий дорини ўз ҳисобингиздан олиб келиш ҳам кирса, бундай стандартдан воз кечиб, алмисоқдан қолган совет стандартига ўтсак яхши эмасми, деган савол пайдо бўлади ёши қирқдан ошган, дунёқараши кенгроқ фуқарода.

Президент иштирокидаги байрамда қатнашган бухоролик опахон, собиқ мактаб директори эса давлат раҳбарининг сал олдинроқ таълим соҳасини танқид қилганидан таъсирланган шекилли, ҳар доим шу масалага эътибор қаратиб келганини айтибди.

Биз бу аёлни сиёсий кўрсаводликда айбламоқчимиз. Қачондан бери сиз биринчи бўлиб президент кўрган муаммони мен олдинроқ кўрганман деб даъво қиляпсиз? Нега бу ҳақда олдинроқ гапирмагансиз?

Халқ душманимисизки, мактаб-коллежларда давоматлар чатоқ экани масаласида шунча йиллардан бери гапирмай, энди президент айтганидан сўнг тилингиз чиқиб қолди?

Аммо газетанинг нияти эзгу. Бу каби саволларни ўртага ташламаган. Ўзига қасд қилмоқчимики, бундай масалаларда фикр юритса?

Бунинг ўрнига опахоннинг фикрларини ҳам президентга миннатдорлиққ руҳида ёритишга ҳаракат қилган.

«Эъзозлар, ардоқлар учун ташаккур», деган газета «Наврўз» ресторанига таклиф этиб, қорнини тўйғизгани, яхши сўзлар айтгани, текин концертлар қўйиб бергани учун президентдан миннатдорлигини билдирган бу аёллар тилидан.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 june 2017
ҲRW ва «Ўзбекистон Германия Форуми»нинг “Биз пахта теримидан воз кеча олмаймиз” номли ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати 2015 ва 2016 йилларда ...
10 may 2019
Ўзбекистонга оид маълумотларни ёритувчи мустақил оммавий ахборот воситалари ва мамлакат ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши интернет орқали яширин фишинг ва веб ...
21 october 2025
Бухоро вилоятида таълим соҳасидаги коррупция шунчалик кўпайдики, “ўрганиб қолдик” деган кайфият ҳам ҳукм сура бошлади. Аммо ҳар сафарги каби, ...
12 january 2021
Элтуз қисқа ҳажвий анимацион фильмлар туркумини давом эттиради. Ғишт, қум ва цемент айбдор! Ёки «Арматуралар ҳам йиғлайди» Бугунги фильм ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...