Асосий мавзулар
1 october 2018

Марказий банк инфляция кучайишини кутмоқда

Сўнгги кунларда Ўзбекистоннинг молиявий ҳаётида иккита диққатга сазовор воқеа содир бўлди. Биринчиси Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 14 фоиздан 16 фоизга оширилиши бўлса, иккинчиси мамлакат олтин-валюта захираларининг бир неча юз миллион долларга камайишидир.

Айнан фоиз ставкасининг оширилиши захиралар камайишига тўғри келаётгани эътиборни тортадиган жиҳатдир.

Бу жиҳат Ўзбекистон ҳукумати энди инфляцияни жиловлаш учун валюта интервенциясини сусайтиришга қарор қилганини англатади.

Қора бозор яна жонланиб, у ердаги доллар курси расмий курсдан анча ошиб кетгани ҳам ҳукумат шундай сиёсат юритаётганининг билвосита инъикосидир.

Зеро, шу пайтгача ҳукумат валюта интервенцияси воситасида қора бозор курси ва расмий курслар ўртасидаги мувозанатни таъминлаб келаётган эди.

Агар мамлакат олтин-валюта захиралари (ОВЗ)нинг кейинги беш ойлик динамикасига назар ташланса, бу захиралар муттасил камайиб келаётганини кўриш мумкин.

Хусусан, 1 май ҳолатида захиралар 28,352 млрд доллар бўлган бўлса, 1 сентябрга келиб 26,870 млрд долларга тушиб қолган.

Бу эса импортнинг экспортдан ортиқ бўлаётгани билан бирга айнан валюта интервенцияси оқибати, дейишга асос беради.

Марказий банк қайта молиялаш ставкаси оширилишига оид ўз монетар сиёсатини изоҳлар экан, инфляцион хатарларнинг кучайишига, биринчидан, “ташқи омиллар таъсирида сўмнинг реал самарали алмашув курсининг ошиб бораётгани” сабаб эканини кўрсатган.

Иккинчидан, кредитлаш ҳажмларининг юқори суръатларда ўсиши натижасида иқтисодиётда истеъмол ва инвестицион талаб ошган.

Яна бир сабаб эса “маъмурий тартибга солинадиган нархларнинг кутилган даражага нисбатан юқорироқ оширилиши, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ тарифларининг бозор шароитларига мослаштирилишининг кутилаётганлиги”дир.

Марказий банк шарҳидан ҳукумат бу йил прогноз кўрсаткичлардан ортиқроқ харажатларга йўл қўяётгани ҳам англашилади.

Иқтисодчи Абдумалик Қаҳҳоровнинг “Элтуз”га айтишича, ёз фасли пишиқчилик даври бўлгани учун инфляцион босимнинг иқтисодиётга салбий таъсирини сусайтириб туриш имкони бор эди.

“Аммо пахта терими муносабати билан муомалага яна кўп нақд пул чиқади. Бундан ташқари, пишиқчилик даври ҳам тугаяпти. Шу маънода ҳукуматнинг инфляцион босимни юмшатиш учун қайта молиялаш ставкасини ошириши кутилган қадамдир”, дейди иқтисодчи.

Унинг фикрича, қайта молиялаш ставкаси оширилишининг салбий оқибати шуки, у шундай ҳам қиммат бўлган кредит фоизи янада кўтарилишига олиб келади. Бу эса тадбиркорликни ва аҳолини кредитлашни камайтиради. Шу боис, ишбилармонлик муҳити ва истеъмол бозорига салбий таъсир кўрсатади.

“Агар ҳукумат инфляциядан қўрқиб, уни жиловлашнинг каримовча усулига қайтса, бундан ёмони бўлмайди. Каримов даврида нақд пулни муомалага кам чиқариш орқали инфляциянинг олдини олишга уриниш бугунги ночор аҳволимизнинг бош сабабларидан биридир”, деди иқтисодчи “Элтуз” билан суҳбатда.

Сардор Азим
eltuz.com

Тағин ўқинг
24 january 2017
«Ҳуррият» газетаси (18.01.) янги президентнинг сўнгги вақтлардаги чиқишларидан илҳомланиб, «Чапани чапдан турганда» (рукннинг номи) нималарни айтиб юбориши мумкинлигини ҳукуматга ...
27 august 2020
“Ўзбекистон” телеканали орқали 2020 йил 26 август куни узатилган ижтимоий-сиёсий кўрсатув экспертлари яна бир бор йиртиқ кийим бош кийишни қоралаб чиқишди. Сўзга чиққанлардан ...
11 may 2020
Сардоба тўғони ўпирилиши оқибатида сув босган уй томидаги сигир видеоси ижтимоий тармоқда кенг тарқалди. Сув босқини оқибатида 1 май ...
26 january 2024
Май ичсанг, оқилу доно билан ич, Ёки бир гул юзли зебо билан ич. Оз-оз ич, гоҳ-гоҳ ич, ё яширин ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...