Асосий мавзулар
12 november 2018

Мажбурий меҳнат ва кўзбўямачилик

Яқинда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнат кўринишларига йўл қўймаслик борасидаги жавобгарлигини ошириш тўғрисида фармон қабул қилганига қарамай, жойларда мажбурий меҳнат кўринишлари янада авж олгандек таассурот уйғонмоқда.

Ҳатто сўнгги вақтларда мажбурий меҳнатдан сал нафас ростлагандек кўринган ўқитувчию тиббиётчиларнинг пахта теримига чиқариш кўлами кенгайганидан дарак берувчи хабарлар кўпайди.

Хусусан, Наманган вилоятининг Норин туманидаги Норинкаппа қишлоғида жойлашган 40-мактаб ўқитувчилари мажбурий равишда пахта теримига олиб чиқилаётгани тўғрисида “Озодлик” радиоси орқали хабар тарқатилди.

“5 кундан бери пахтадамиз”, деб ёзган бу ҳақда радиога телеграм орқали хабар йўллаган ўқитувчилардан бири ва ўз сўзининг исботи сифатида видеотасвир ва фотосуратлар жўнатган.

Аммо бу каби хабарларга ҳукуматнинг реакцияси умуман сезилмаяпти. Президент топшириғига риоя этилмаётгани ва одамлар ҳуқуқининг бузилиши юзасидан бирорта текширув ўтказилаётгани ҳам маълум эмас.

Қолаверса, бош прокурорнинг қишлоқ хўжалиги соҳасига масъул этиб тайинланиши ортидан бундай ҳолатлар камайиш ўрнига кўпаймоқда.

Яқинда “Элтуз”да эълон қилинган мақолада мажбурий меҳнатни ташкил этишга, асосан, прокурорлар бош-қош бўлаётгани ҳақида ёзилган эди.

Бош прокуратурага “қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси самарали фаолият юритишга кўмаклашиш” вазифаси юклатилгани эса бу иддаолар ҳақиқатга яқинлигини кўрсатмоқда.

Юқоридаги ҳолатлар таҳлили мажбурий меҳнатни тақиқлашга қаратилган ҳаракатлардан аслида жамоатчилик эътиборини чалғитиш мақсади кўзланган, деган хулосани келтириб чиқаради.

Зеро, мажбурий меҳнатни тақиқлаш ҳақида президент ва ҳукумат даражасидаги жиддий гаплар пахта теримидан анча олдин бошланганди.

Шунга қарамай, терим бошланиши билан бюджет ташкилотлари ишчи-хизматчилари, маҳалла орқали ҳукуматдан ёрдам пули олувчи кишиларни теримга мажбурлаш авж олди.

Расмийлар бу ҳолатларни жон-жаҳди билан яширишга қанча ҳаракат қилмасин, унинг “иситмаси” мунтазам равишда ўзини ошкор қилиб турди.

Жамоатчиликда “ҳокимликлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари президентнинг мажбурий меҳнатни тақиқлаш тўғрисидаги қарорларини саботаж қилмоқда”, деган фикр уйғонди.

Аммо президентнинг юқорида эслатилган фармонидан сўнг ҳам мажбурий меҳнат давом этаётгани бундай саъй-ҳаракатлар кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас, деган хулосани беради.

Балки ҳукумат мамлакатда бошланган ислоҳотлар тўлқинидан маҳаллий ва халқаро даражадаги илҳомланиш мажбурий меҳнат масаласини сояда қолдиради, деб ўйлаётгандир!

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 november 2018
Путиннинг Ўзбекистонга ташрифидан кўп ўтмай, мамлакат Украинадан дори-дармон импортини тўхтатди. Украин нашрлари сўнгги бир неча ҳафта давомида фармацевтика маҳсулотлари ...
2 april 2024
Салом қадрли мухлислар, Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та мактубни ўқиб эшиттирамиз, улар Ўзбекистоннинг Жиззах, Наманган, Тошкент, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидан келган. Хатлар оқими давом этмоқда, муаммолар ечимини тўлиқ таъминлаш учун каналимизга обуна бўлиш, лайк босиш ...
12 october 2025
Америка Урушни ўрганиш институти Ай Эс Даблю Москва «Нол фаза» деб аталувчи босқичга — Альянс билан тўқнашув тайёргарлик босқичига ...
11 april 2023
«From Me to You» (Мендан сенга) — Леннон ва Маккартни дуэти ижро қилган зариф бир қўшиқдир. Айтилишича, бу қўшиқ ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...