Асосий мавзулар
15 january 2019

Президент берган пулга “Малибу” оламан!

Самарқандга ташрифи чоғида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев янги солиқ сиёсати доирасида жорий йил якуни бўйича республикада 5,5 трлн сўм маблағ маҳаллий бюджетларга қолишини билдирди.

“Пул бўлса, ривожланиш бўлади”, деган президент Самарқанддаги ҳокимлик йилларини эслаб, марказий ҳукуматдан маҳаллий бюджетга пул ундиролмаганини айтди.

Давлат раҳбари маҳаллий бюджетга пул тушса, туманларда катта-катта корхоналар очилиши, йўллар яхшиланиши, шифохона, мактаблар қурилиши, чироқ ва кўмир мўл бўлишини эътироф этди.

“Мактабларда парта йўқ, одамларнинг томидан сув ўтиб ётибди, чироқ йўқ. Буларга кўз юмиб бўлмайди”, деган президент: “Мен ҳам Самарқандга ҳоким бўлганман, кўп ҳаракат қилардик, қўшимча ҳам ишлардик, лекин пул берилмасди. Ишлаган ҳам бир даражада, ишламаган ҳам бир даражада эди. Бунақада рақобат бўлмаса, ривожланиш бўлармиди”, дея қўшимча қилди.

Давлат раҳбари солиқ тушумларининг бир қисмини маҳаллий бюджетга қолдириш орқали ана шундай эзгу ниятларни кўзлаяпти.

Президент нутқидан англашиладики, у шу орқали ҳудудлар иқтисодиётини ўнглаш, аҳоли турмуш даражасини яхшилашни кўзламоқда.

Бундай сиёсат мустақил Ўзбекистон тарихида илк амалиёт. Бу амалиётнинг илк кўринишлари эса маҳаллий ҳокимиятларнинг, аввало, халқ эмас, балки ўз манфаатларини кўзлашини яна бир бор исботлади.

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов президент ташаббуси билан маҳаллий бюджетга қолган пулларга “Малибу” русумли янги машиналар олишдан ишни бошлади.

У ҳар бири, ўзининг айтишича, акция доирасида 267 миллион сўм турадиган 8 та янги “Малибу” олди. Машиналарнинг 5 таси унинг ўринбосарларига, биттаси шаҳар ҳокимига, қолган иккитаси вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда давлат солиқ бошқармаси раҳбарларига бериладиган бўлди.

“Президент Ш.Мирзиёев маҳаллий ҳокимларга бюджетга тушадиган тушумларни ўз ихтиёрлари билан ишлатиш ваколатини бергач, бундай машиналарни олишга имконият пайдо бўлди”, деди вилоят ҳокими.

Ҳоким бу қарорини вилоятнинг катталиги, хориждан келаётган юқори мартабали меҳмонлар учун люкс машиналар етишмовчилиги билан изоҳлади.

Аввало, бир фикр. Вилоятнинг чекка ҳудудлари йўллари учун “Малибу”лар ярамаслиги кўпчилик билади. Ўйдим-чуқур йўлларда таги паст (нуфузи эмас) бундай машиналар бир тийинга қиммат. Агар ишонмасангиз, шундай йўлларда юрадиган ҳайдовчилардан сўранг. Шунинг учун ҳокимбуванинг бундай ўзини оқлаши пуч.

Келаётган хорижлик меҳмонларни арзонроқ машиналарда олиб юрса ҳам биров урушмаса керак. Саналган амалдорлар оддийроқ машинага минса, орқаси оғриб қолмас.

Қолаверса, ҳокимбуванинг иштаҳаси Россиядаги вилоят губернаториникига тортадиган даражада. У дотацияда ўтирадиган губернатор отахоннинг ўз хизмат самолёти, вилласи, биздагидан 8 баробар қиммат турадиган антиқа машинаси борлигини оғзидан сўлаги томиб гапирган.

Бу ёқда президент ҳокимлар ўзини эмас, халқни ўйлаши кераклиги ҳақида гапираётган бир пайтда шу халқнинг пулига 8 та “Малибу” олган ҳоким: “Менимча, бу ерда халқ ёки давлатнинг қандайдир манфаатига путур етадиган ҳаракат содир этилмаган”, деб кўзини лўқ қилиб турибди.

Навоийда таъмирталаб шифохона, мактаб, боғча йўқми? Юрганда машина эмас, пиёданинг ҳам оёғи синиб кетадиган даражада хароб йўл йўқми? Уйга, ҳаттоки нонга муҳтож хайрияталаб инсонлар йўқми?

“Малибу”лар учун сарфланган 2 миллиард сўмдан ортиқ пулга муҳтожлар учун нечта уй қурса бўларди? Қанча йўл, мактаб, шифохона, боғчани таъмирлаш мумкин эди?

Солиқ тушумларининг бир қисмини маҳаллий бюджетларга қолдириш ташаббуси илғор мамлакатлариникига менгзагулик. Буни фақат қўллаб-қувватлаш керак.

Лекин Ўзбекистоннинг йиллар давомида халқнинг эмас, фақат ўз манфаатини ўйлаган амалдорлари бундан ҳам ўз манфаатлари йўлида фойдаланишни кўзлаётгани Навоий вилояти мисолида кўринмоқда.

Шунинг учун маҳаллий бюджетларга қоладиган маблағларни ишлатишнинг шаффоф, халқ олдида ҳисобдорлик механизмини яратиш бугунги кунда янада долзарблашади.

Акс ҳолда япалоқ тошнинг ялтирашига ҳавас қиладиган, рус губернаторининг ҳашаматларига кўнги суст кетадиган ҳокимбувалар сони кўпайиб кетаверади.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 april 2020
Раҳматли отам Мадаминбег Бегжонбег ўғлининг Иккинчи жаҳон урушида олган беш-олтита нишони бор эди. Улардан иккитаси – катта кумуш танга ...
14 august 2025
«Эски ТошМИ» Тошкент Давлат Тиббиёт Университетида талабаларни мажбурий равишда Россиянинг Нижний Новгород шаҳрига – ҳарбий ҳолат эълон қилинган ҳудудга ...
4 december 2025
The New York Times нашри Россиянинг урушни тўхтатишга мажбур қилувчи бир қанча сценарийларни кўриб чиқди. Нефт даромадларининг тушиши аллақачон ...
2 april 2016
Эндиликда Ўзбекистонда айғоқчилик қилиш учун СНБа ёлланиш шартмас, аҳоли кўп тўпланган жойларда бирор одамнинг давлатга қаршилигидан гумонингиз бўлса кифоя. ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...