Асосий мавзулар
29 april 2019

Серёғин апрель деҳқонни ташвишга қўйди

Ўтган йили қурғоқчиликдан қаттиқ азият чеккан ўзбек деҳқонлари бу йил меъёрдагидан ортиқ ёғингарчилик айрим экинларга салбий таъсир кўрсатаётганидан ташвишда.

Жорий йилги серёғин апрель мамлакатда сел ва тошқинлар билан кечди, катта моддий талафотлар кўрилди.

Энди эса деҳқонлар республикада асосий экинлар ҳисобланадиган буғдой ва пахта ҳосили кўнгилдагидек бўлмаслигидан хавотирга тушмоқда.

Сирдарёлик фермер Акбар ака бу йил 50 гектардан ортиқ ерга буғдой эккан. Аммо ҳозир буғдой ётиб қолиб, кун етарли даражада исимаётгани сабабли қаддини қайтиб тиклашга улгурмаяпти.

“Кун исимаётгани ҳосилга салбий таъсир қилишидан чўчияпман. Чунки ёмғир билан бирга шамол ҳам келиб, буғдойни ётқизиб кетди. Бундан ташқари, ёғингарчилик кўп бўлгани учун буғдойга занг касаллиги тегиши хавфи юқори. Далада ишлашга қўймади бу ёмғир анча вақт”, деди фермер Акбар ака.

Аммо ёмғир суғориладиган ерлардаги буғдойга салбий таъсир кўрсатган бўлса-да, лалми ерларда жуда авж билан ўсяпти. Шунинг учун бу йил лалми ерларда арпа ва буғдой ҳосили мўл бўлиши кутиляпти.

Жиззахлик чўпон Шерали қир-адирларда ўт-ўлан кўплигидан хурсанд.

“Ўтган йили тоғда ўт бўлмай, қўйларимиз тупроқ ялаб қолди, қанча-қанчаси ўлиб кетди. Бу йил эса ўт зўрлигидан ичида қўзичоқлар кўринмай кетади”, дейди у.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили баҳор ойларида ёғингарчиликнинг меъёрга нисбатан 30-40 фоизгача кам бўлганлиги сабабли лалми майдонларга экилган жами 197 минг гектар ғалла майдонидан ҳосил олишнинг имкони бўлмади. Айниқса, лалми майдонлардан олинадиган ҳосил 2017 йилга нисбатан Жиззах вилоятида 34 минг, Қашқадарёда 32 минг ва Самарқандда 24 минг тоннага кам бўлди.

Ўтган йилги қурғоқчилик пахта етиштиришга ҳам салбий таъсир кўрсатганди. Камида 5 марта сув ичиши керак бўлган ғўзазорларни 3 марта суғора олган фермерлар ўтган йили қалпоғини осмонга отган эди.

Бу йил эса ёмғир сабаб энди-энди бўй кўрсатаётган ғўзаларга ишлов беришнинг имкони бўлмаётир.

Қашқадарёлик фермер Зафар март ойи охирларида чигит эккан эди. Энди эса униб чиққан кўчатларнинг илдизи чириб, қайта чигит экишга тўғри келмасайди, деган хавотирда.

“Ёмғир сабабли далага техника кирита олмаяпмиз. Ҳозир ғўзага ишлов беришнинг айни вақти. Лекин дала лой бўлиб ётибди”, дейди Зафар ва кунлар тезроқ исишини кутмоқда.

Қолаверса, намлик юқори бўлгани сабабли ғўза далаларини қатқалоқ босиши эҳтимоли юқори. Бу эса ғўза ниҳоллари нимжон униб чиқиб, касалликларга тез чалинадиган бўлиб қолишига олиб келади.

Юқори намлик ғўза майдонларидаги ёввойи ўтларнинг авж билан ўсишига ҳам сабаб бўлди. Энди ғўзани тезроқ ягана ва чопиқ қилмаса бўлмайди.

Одатда бу каби ишлар қўшимча ишчи кучи талаб қилади. Яқин-яқинларгача бундай пайтларда маҳаллий ҳокимият тезда турли бюджет ташкилотлари, жумладан, ўқитувчи ва шифокорларни далага ҳайдар эди.

Аммо халқаро ҳамжамият босими остида мажбурий меҳнатдан аста-секин воз кечаётган Ўзбекистон ҳукумати учун бу йилги об-ҳаво сабаб юзага келган қийинчиликлар яна бир синов вазифасини ўтайди.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
14 february 2019
Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги боғчаларда болаларга гўшт ўрнига ичак-чавоқлардан тайёрланган овқатлар берилмоқда, дея билдирди боғча мудираларидан бири “Элтуз”нинг Фарғонадаги ...
13 june 2017
Давлат идоралари корпоратив базмларида хонандалар хизматидан бепул фойдаланилиши ҳақидаги Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков шикояти турли бахсларга сабаб бўлди. ...
13 november 2018
“Бу йил фермерларга ҳар йилгидан кўра оғир бўлди. Уларга нисбатан зуғум ва зўравонликлар кўлами ошса ошдики, асло камаймади”. Бу ...
16 june 2025
Самарқанд вилоят, Ургут туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Зуҳриддин Амонов Телеграм ижтимоий тармоғида чиқиш қилиб, ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...