Асосий мавзулар
23 may 2022

Аёллар ҳуқуқи ҳақидаги гап нега кўпчиликка ёқмайди?

Биз нима учун ўзбек жамиятида «аёллар ҳуқуқи» деб гапирамиз ва бу кўпчиликка ёқмайди?

Бунинг сабабларини билиш учун қиз бола бўлиб туғилиш керак.

Шаҳарга ўқишга ё олимпиада-семинарларга хорижга кетиш учун кечалари ухламай «ишқилиб рухсат беришсин» деб Оллоҳдан илтижо қилиб чиқиш керак.

Келин бўлиб кўриш керак. Қўлингга битта узукни маҳр деб тутқизиб, ота-онанг емай-ичамай, қизим тинч бўлсин деб 5-10 минг долларга қилган сепидан айб топишларига чидашинг керак.

Эрингдан бунга қарши бир оғиз эътироз кутма, ўша пайтда у кар-кўр бўлиб олади.

Туғруқхонада тўлғоқдан суткалаб азоблансанг-да, врачлар «кесарча кесайлик» деганига қайнонанг ва эринг рухсат бермаса, ўз танангга ўзинг эга чиқолмай, минг азобда охири кўзинг ёриганда боши қаттиқ лат еган ногирон фарзандни қўлингга тутқизишса, «касалманд бола туғдинг» деб таъналарга кўмишса, овоз чиқармай кўзёшларингга кўмилишинг керак.

Эринг билан бирга нонушта қилганинг учун қайнонанг додингни берганида, кечқурун ишдан қайтгач унга табассум қилишга ҳам қўрқиш нималигини туйишинг керак.

«Нуқул хўмрайиб кутиб олади» деб устингга хотин олганида эса, кўнишинг керак.

Кўниб ҳам бирон марта эрингга «икки хотин аро адолат қил» демаслигинг лозимки, ё мушт тагида қоласан ё жавобингни оласан.

Мабодо ишлашга рухсат беришса, иш кунинг соат 6 да тугаса-да, соат 6 яримда кечки овқатинг пишмаса, тамом. Лекин ойлигингни тийинигача олиб қўйишлари мумкин.

Ишхонангда эса сени «бу аёл, туғади, боласи касал бўлади» деб лавозимларга лойиқ кўрмасликлари мумкин.

Шундай яшаб, чидаб, охири яхши қайнона бўлолмасанг, фақат ўзинг айбдорсан.

Бунга чидамай, ажрашсанг ҳам сен айбдорсан.

Умуман, сен ҳар доим айбдорсан.

Буни гапирсанг, айбдорсан.

Жим турсанг, айбдорсан.

Кетсанг, айбдорсан.

Қолсанг, айбдорсан.

Эркаклар, ҳамма масъулият менда, сен уйда ўтир, итоаткор бўл деган эркаклар бу ҳолатни ўзгартирмасалар, ислоҳни ўзларидан бошламасалар, Исломдан ҳам, анъаналардан ҳам фақат ўзларига ёқадиган томонларини олиб, омухта ва қулай бир тутумларни яратиб олган бўлсалар, бу тутумлар оналари, опа-сингиллари, қизларига ҳам зарар етказишини билиб ҳам, вазиятни ўзгартирмасалар, чидайсан!

Тушунмайдиларки, ҳар қандай исёнлар зулм ортидан келиб чиқади. Исёндан кейин ҳаммаси баттарроқ бўлиши мумкин, аммо исён қилувчилар аҳволни яхшилаш учун эмас, ҳолатга чидай олмаганларидан дод демоқдалар…

«Гендер тенглик» деса сакраб тушаётган, аёллар ҳуқуқлари ҳақида гапирганларга турли ёрлиқлар илаётганлар, Сизлар оқибат билан курашяпсизлар.

Сабабларни ҳам кўринг, адолат қилинг!

Шаҳноза Соатова,

Фейсбукдаги саҳифасидан

Тағин ўқинг
28 september 2025
Ўзбекистонда пахта теримига мажбурий жалб қилиш билан боғлиқ ҳолатлар авж олмоқда. «Сен термасанг, мен термасам – ким пахта теради, ...
21 october 2015
Элтуз Ўзбекистоннинг жасур инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Малоҳат Эшонқулова ва Елена Урлаеваларнинг мониторинг рейдлари давомида олган эксклюзив фотосуратлар ва аудио ...
31 august 2016
Бугун 31 август куни ЎзА ахборот агентлиги сайтида пайдо бўлган, президент Ислом Каримов номидан йўлланган табрик аллақачон ғойиб бўлди. ...
17 april 2022
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 44-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.) Паул Валери америкалик ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...