Асосий мавзулар
1 august 2025

РОССИЯ ЎЗБЕКЛАРНИ УРУШГА ЖАЛБ ҚИЛИШДА ДАВОМ ЭТМОҚДА

Россия “Ҳарбий контракт” деган ниқоб остида Ўзбекистон фуқароларини украин жанг майдонларига юборишда давом этмоқда. Ўзбекистон фуқаролари Россия армияси таркибида ёлланма жангчи сифатида қатнашган ҳоллари бўйича расмий органлар текширув бошлаган, айримларга нисбатан жиноий ишлар ҳам қўзғатилган. Аммо шунга қарамай, Россия томони уларни жалб қилиш уринишларини янада кучайтирмоқда.

Россия Қуролли Кучларидаги манбалар орқали етказилган маълумотларга кўра, 2025 йилнинг ўзида 902 нафар Ўзбекистон фуқароси Россия армияси билан шартнома имзолаган. Бу инсонлар шундан сўнг ўз тақдири устидан назоратни йўқотган, улар мустақил шахс эмас — балки бошқа давлат манфаатлари учун қурбон бўлган одамлардир.

Россия ўз “вербовка” (яъни, одам жалб қилиш) амалиётида эски ва синовдан ўтган усуллардан фойдаланмоқда. Кўп ҳолларда меҳнат мигранти сифатида Россияга борган фуқароларимизга армияда ёки қурилишда юқори маошли иш ваъда қилинади. Энг “юмшоқ” восита эса — Россия фуқаролигини олиш имконияти. Бу орқали уларни ўз кучига ишонтириб, урушга олиб кетмоқда.

Россияда жазо муддатини ўтаётган фуқаролар эса таҳдид, психологик босим ва ваъда билан урушга юборилмоқда. Айниқса, яқинда Россия фуқаролиги олган мигрантлар шантаж қурбонига айланмоқда. Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрыкиннинг ўзи яқинда баён қилганидек, улар томонидан 5 мингдан ортиқ рейд ўтказилган ва натижада 90 минг одам “ушланган”. Шу “ушланган”ларнинг 30 минг нафари билан шартнома имзоланиб, фронтга юборилган. Эътиборли жиҳати шундаки, “ушланган” деган ифода — бизнинг ифода эмас, балки Россия расмийларининг аниқ сўзидир. Бу сўз Россиянинг Марказий Осиёдан келган мигрантларга қандай муносабатда эканини очиқ намоён қилади.

Натижада бугунги кунда украин асирлигида бўлган жангчилар орасида 33 давлат фуқароси бор. Улар орасида энг кўп сондаги асирлар — Ўзбекистон фуқаролари.

Энг хавотирли маълумотлардан бири — 2025 йил 5 июн куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги делегациясининг Россиянинг Курск вилоятидаги “Постоялые Дворы” ҳарбий полигонидаги ёпиқ ташрифи бўлди. 

Делегацияга вазир ўринбосари, полковник Алишер Нарбаев раҳбарлик қилган. Россия томони унга Ленинград ҳарбий округи жангчиларини тайёрлаш жараёнлари ҳақида тақдимот ўтказган. Ушбу ташриф фақат расмий-дипломатик характерда бўлса керак, деб умид қиламиз. Чунки агар у ерда Ўзбекистон фуқароларини тайёрлаш ишлари олиб борилаётган бўлса, бу ҳам сиёсий, ҳам ҳуқуқий жиҳатдан оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Россия тарихида бошқа халқлар ҳаётидан фойдаланиш орқали ўз манфаатларини таъминлаш ҳолатлари кўп бўлган. Аммо бугунги жараёнлар илгари кузатилганлардан ҳам шафқатсизроқ. Илгари ўзбеклар фақат арзон ишчи куч сифатида қаралса, энди уларни “тайёр гўшт” сифатида жанг майдонига юборишмоқда. Уларнинг Россия жамиятидаги мавқеи ўзгармади: “иккинчи сорт” деб қаралганлар энди уришга ҳам мажбурланяпти.

Бу жараёнга қарши қатъий чора кўрилмаса, яна юзлаб юртдошларимиз фақат бир томонга борадиган билет — уруш шартномаси — имзолаб, ҳаётини йўқотиши мумкин. Ҳар бир шундай шартнома — фақат ўлим ёки асирлик олиб келади.

Ўзбекистон ҳукумати бунга беэътибор бўлмаслиги керак. Россиянинг ноқонуний ҳаракатларига қарата жиддий сиёсий ва ҳуқуқий чоралар кўрилиши лозим. Бу нафақат давлатнинг ташқи сиёсат масъулияти, балки фуқароларнинг ҳаётини ҳимоя қилиш деган конституцион бурчдир.

Тағин ўқинг
11 november 2022
Рассом Туз: Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман.Матчон Суқилиш: Ничиксизлар, мўччи ойбика ҳам ...
10 march 2023
Германиядаги YUZUK ташкилоти таниқли ўзбек рассоми  Вячеслав Охуновни немис жамоатчилиги ва Германиядаги ўзбек дипломатларига тақдим қилди.  Вячеслав Охунов рассом, ...
20 october 2021
Ўзбекистондаги  президент сайловида амалдаги президент телевидение экранлари ва газеталарнинг бош саҳифаларида устунлик қилмоқда ва унинг рақиблари деярли кўринмайди, дея ...
21 may 2017
Туркиянинг Истанбул шаҳри Фотиҳ тумани Қумқопи маҳалласида 35 яшар Ўзбекистон ватандоши Дилдора Иномовани ўлдириб жасадини мусорга ташлаган муҳтамал қотил ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...