Асосий мавзулар
26 november 2025

Истеъфодаги ИИБ ходими босимга учраётганини иддао қилмоқда

Элтузга Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшовчи, Ички ишлар вазирлиги тизимида ишлаган истеъфодаги ходимдан шикоят келиб тушди. Унинг айтишича, уй-жойни бошқарувчи хусусий компания ҳақида Бош прокуратурага ариза берганидан сўнг, турли босим ва туҳматларга дуч келган.

Мурожаат муаллифи ўзини Мирзо Улуғбек тумани, Авайхон МФЙ, Дурмон йўли кўчасидаги 46-уйда яшашини маълум қилади. Унинг таъкидлашича, 2007 йилдан 2017 йилгача ИИВга қарашли Тошкент олий ҳарбий-техника билим юртида командирлик ва ўқитувчилик лавозимларида ишлаган, 2022 йилда эса айрим сабабларга кўра нафақага чиққан.

У 2024 йил 26 декабрь куни Бош прокуратуранинг ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, «Авайхон обод груп» МЧЖ бошқарув сервис компаниясининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан ариза берганини айтмоқда. Унга кўра, ушбу ариза кутилган тарзда кўриб чиқилмагач, 2025 йил 22 январь куни бир неча қўшниси билан бирга Бош прокуратура қабулхонасига бевосита бориб, яна ёзма тарзда мурожаат қолдиришган.

Мурожаатчи иддаосича, шундан кейин жавобгарликдан қочиш мақсадида «Авайхон обод груп» МЧЖ бошқарув сервис компанияси бир кунда, ҳеч қандай  огоҳлантиришсиз ва умумий йиғилиш қарорисиз, 46-уйни биллинг тизимидан, уй эгалари рўйхатидан чиқариб юборган.

Шикоятда келтирилишича, орадан кўп ўтмай, 26 январь куни унинг уйи олдига ИИБ терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи келиб, «пастга тушиб гаплашиб олишни» сўраган. У пастга тушган вақтда Юсуф исмли ГОМ бошлиғи бир неча ходимлари билан келиб, унга нисбатан куч ишлатишга уринган, босим ўтказиб ГОМга олиб кетмоқчи бўлган.

Мурожаатчига кўра, унга нисбатан сохта айбловлар қўйишга уринганлар, бу ҳолатга қўшнилари аралашиб, собиқ ҳамкасблари қўлидан қутқариб олганлар.

«Энг алам қиладигани шуки, ўзим бир вақтлар ИИВ тизимида ишлаб, ўқитувчи бўлиб дарс берганман, ватанимга сидқидилдан хизмат қилганман. Лекин манашу каби ноҳақлик ва туҳматга дуч келаман деб ўйламаган эдим», дейди собиқ ички ишлар ходими ўз мурожаатида.

Мурожаатчи айни пайтгача ГОМ бошлиғи Юсуфнинг ҳаракатлари юзасидан бир неча бор ИИВ раҳбариятига ҳам, туман прокуратурасига ҳам шикоят йўллаганини, аммо ҳеч қандай чора кўрилмаётганини таъкидламоқда.

Унинг фикрича, «осонгина бировга туҳмат уюштириб, айбдор қилиб кўрсатишгача бориб етадиган» бундай ходимлар бутун ИИВ тизимига доғ туширади ва бу тузумда ишлашга нолойиқ.

Мазкур иддаолар бўйича ҳозирча расмий идоралар томонидан изоҳ берилмаган.

Тағин ўқинг
23 october 2015
Акмал Набиев Eltuz.com Бир йил аввал ёзган эканман… У пайтлар дўстларимиз ёзган мақолаларга муносабат билдириб турардим, албатта самимий, чин ...
11 april 2017
Март ойининг охирларида рус тилида чиқадиган Uzmetronom сайти «ишончлик манбалари»дан иқтибос қилиб, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассосиацияси ...
20 september 2015
“Ҳокимият томонидан ерим ноқонуний тортиб олиб қўйилди” деган шикоят билан ўтган йили Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида истиқомат қилувчи ...
22 april 2024
Элтуз портали №141: Сўнгги 5 та мактуб Ўзбекистоннинг Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон ва Самарқанд вилоятларидан келган. Дастлабки шикоят Қашқадарёнинг Яккабоғ туманидан. Чиқиндиларни йўқ қилиш муаммоси: ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...