Document UZ
28 december 2025

Ичимлик суви нархи ошмоқда: Ижтимоий юк кимнинг елкасида?

Сўнгги 2–3 йил мобайнида Ўзбекистонда ичимлик суви ва канализация хизматлари учун тўловлар босқичма-босқич оширилди. Айрим ҳудудларда бу ўсиш 20–30 фоизни, марказ ва саноатлашувга қараб  40 фоизгача етгани кузатилди. 

Расмий изоҳларга кўра, нарх ошиши инфратузилмани янгилаш, сув таъминоти тизимини барқарорлаштириш ва хизмат сифатини ошириш мақсадида амалга оширилган. Аммо масаланинг иккинчи – ижтимоий адолат томони ҳам борки, ушбу масала жиддий саволларни келтириб чиқаради.

Ичимлик суви – оддий товар эмас. У инсон ҳаёти, саломатлиги ва кундалик турмуши билан бевосита боғлиқ ҳаётий ресурсдир. Одамлар ичадиган, таом тайёрлайдиган, гигиена учун фойдаланадиган сув ҳажми, аслида, мамлакат миқёсида сарфланаётган умумий сув захираларининг жуда кичик қисмини ташкил этади. 

Мутахассислар таъкидлаганидек, аҳоли томонидан кундалик эҳтиёж учун ишлатиладиган сув – деҳқончиликда исроф бўлаётган сув олдида денгиздан томчи ҳам эмас.

Асосий муаммо шундаки, сув танқислиги ҳақида гап кетганда, эътибор кўпинча аҳолига қаратилади. Нарх оширилади, ҳисоблагич ўрнатиш мажбурий қилинади, тўлов интизоми қаттиқ назоратга олинади. Бироқ энг катта йўқотишлар айнан қишлоқ хўжалигида – очиқ каналлар, эски ариқлар, самарасиз суғориш усуллари орқали юзага келаётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ҳали ҳам миллионлаб куб метр сув далаларда ерга сингиб кетмоқда ёки буғланиб хавога совурилмоқда. 

Хўш, нима учун сув тежаш сиёсати энг аввало оддий халқ чўнтаги ҳисобидан келтирилиши керак. Солиқлар, коммунал тўловлар, электр энергияси ва газ нархлари ошиб бораётган бир пайтда, аҳолини яна сув пули билан қисиш қай даражада тўғри? Айниқса, кам даромадли оилалар, пенсионерлар ва кўп болали оилалар учун бу юк оғирлик қилади.

Давлатнинг ижтимоийлиги айнан шундай масалаларда намоён бўлиши керак эмасми?  Ижтимоий давлат тушунчаси фақат шиорда эмас, амалда ҳам аҳолининг энг асосий эҳтиёжларини ҳимоя қилишни англатади. Ичимлик суви эса инсоннинг энг зарур эҳтиёжидир. Ўша «трендга» чиққан видеодагидек » Сув бор –  ҳаёт бор» дир. Унинг нархининг ошиши эса шунча бўлаётган ислоҳотларнинг бир ерларга кириб кетишдек гап…

Албатта, сув таъминоти тизимини сақлаш, таъмирлаш ва модернизация қилиш маблағ талаб қилади. Лекин бу харажатларнинг асосий юкини аҳоли елкасига юклашдан олдин, деҳқончиликдаги исрофни камайтириш, замонавий суғориш технологияларини жорий этиш, йирик сув истеъмолчилари учун аниқ ва адолатли ҳисоб-китоб тизимини жорий қилиш керак. 

Тўғри, ичимлик суви нархининг сўнгги йиллардаги ошиши иқтисодий зарурат сифатида изоҳланиши мумкин. Бироқ бу жараён ижтимоий адолатга путур етказмаслиги керак. Зеро, давлатнинг ижтимоийлиги айнан шу ерда -инсонни бир томчи сувдан мосуво қилмаслиги билан ўлчанади.

Тағин ўқинг
31 december 2025
Муҳаммад Солиҳ САЙЛОВДАН КЕЙИНГИ МАНЕВР Президентлик сайловлари “ЭРК” ташкилоти тимсолида коммунистларга халқ қудратини кўрсатди. Коммунистлар, бир оз эркинлик берилган ...
2 november 2016
Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси (ЎҲА) тарқатган матбуот хабарига кўра 2016 йилнинг 1 ноябри куни Бўка шаҳар Халқ таълими бўлими ...
26 february 2019
26 февраль куни «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси «лицензия талаблари ва шартлари қўпол равишда бузилгани, миллий урф-одатлар, одоб-ахлоқ, маънавий қадриятларга ёт ...
24 june 2025
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, Президентининг фармони билан Президент Администрацияси тузилмасига ўзгартиришлар киритилган. Президент Администрацияси раҳбари лавозими ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...