Кўзқараш
12 november 2015

Эгилмаган, букилмаган, синмаган!

Паҳлавон Содиқ
Би би си

1999 йил кузида Олий Судда Тошкент портлашлари юзасидан суд мажлисларидан бирига Мурод Жўраевни қўлларида кишан билан гувоҳ сифатида олиб келишди.

Мен Мурод акани, то судья исми-шарифини эълон қилмагунича танимадим. Охирги марта уни 1994 йилда Туркияда кўрган эдим. Озиб-тўзиб кетган, фақат қулоқлари қолган эди, холос. Концлагердаги маҳбусларга ўхшар эди. Ҳақиқатда ҳам концлагер номини олган Жаслиқдаги қамоқхонадан олиб келинганди, адашмасам.

Судья исм-шарифини тасдиқлагандан кейин ундан: «Муҳаммад Солиҳни танийсизми?» деб сўради. Мурод ака «танийман», деганидан кейин «қандай одам?» деб савол берди. Мен ҳозир томоша бошланса керак, Мурод акани Солиҳни ёмонлаш учун олиб келишган, деб турган эдим, Мурод Жўраев вазмин, ҳорғин бир овозда «Мен таниган Муҳаммад Солиҳ миллатпарвар, ватанпарвар ва демократ одам» деб жавоб берди.

У «демократ» сўзига алоҳида урғу берди. Чунки Муҳаммад Солиҳ террорчи сифатида айбланаётган эди. Ва «мени тўғри тушунинглар, мен 1994 йилдан бери қамоқдаман, ундан кейин ҳеч ким билан кўришмадим» деб қўшимча қилди. Судья гапни узатиб ўтирмади ва «олиб чиқиб кетилсин» деди.

Мурод Жўраевнинг гувоҳлигидан ҳафсаласи пир бўлганини яшириб ҳам ўтирмади. Қайтага буни залда ўтирганларга кўрсатишга ҳаракат қилди. Мен суд жараёнларини кўп кўрган ва қамоқхоналардаги аҳволни яхши билсам ҳам, Мурод аканинг ҳолати менга ёмон таъсир қилди.

Кўзимга ёш келди. Бошқалар кўриб қолмасин, дея тез-тез юриб, суд залидан чиқиб кетдим. Анча пайтгача ўзимга келолмай юрдим. Мурод ака ундан кейин ҳам қарийб 16 йил ўтирди. Эҳтимол, ана шу сўзлари учун ўтирди.

«Ҳақиқат эгилади, букилади, синмайди», деган мужмал гап бор. Буни Абдулла Орипов «Ҳақиқат эгилади, букилади, синмайди, аммо эгилиб, букилганда қобирғалари синиб кетади» деб янада мужмаллаштирган. (Шоир буни 1987йилда Наврўзни ёмонлаб қўйиб, кейин замон ўзгаргач, яна уни яхшилаш учун айтганди).

Аммо мен ҳақиқатнинг эгилиб, букилиб, ўзбекча айтганда, қуллуқ қилиб, чой ташиб юришини тасаввур ҳам қилолмайман. Ҳақиқат эгилмайди ҳам, букилмайди ҳам, синмайди ҳам. Зотан, эгилиб, букилса, албатта синади. Бунга Мурод аканинг шунча йиллик қийноқ ва исканжалардан сўнг, Васила опага суяниб бўлса ҳам, қаддини тик тутиб тургани мисол.

Аммо халқимизда бундан мантиқлироқ бошқа бир гап бор экан. Буни 2013 йилда қамоқдан чиққан Мамадали Маҳмудовни кўргани борганимда кашф қилдим. Мамадали акани Жиззахнинг чекка бир қишлоғидан яқин қариндошлари-ўзлари тенги бир аёл киши кўргани келди. Ва сўрашаркан, биринчи айтган гапи «ўша ерларнинг шўр тузини ялаб келдингизми?» деган гап бўлди.

Менга бу сўрашиш жуда қизиқ, айни пайтда жуда ҳам ўринли туюлди. Халқимиз қанчалик доно! Чунки 17 йил қамоқда ўтириб келган одамдан «яхши келдингизми?» деб сўраш ғалати. Аммо «шўр тузларни ялаб келдингизми?» деган гап жуда мантиқли эди.

Мурод ака ҳам 21 йил давомида не-не қамоқхоналарнинг шўр ва заҳарли тузларини ялаб келди. Оиласига қовушгани рост бўлсин!. Оллоҳ қамоқда ўтган умрини ҳам қўшиб берсин! Бошқа сиёсий маҳбуслар ҳам тез орада озодликка қовушсин!

Тағин ўқинг
5 september 2017
Ўзбек сўмининг кескин девальвацияси – нақд пул танқислиги, банкомат ва пластик картадан пул ечиш муаммоларини таранглаштирди. 4 сентябр куни, ...
28 november 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 13-қисми Америкада чоп этилган «Ўзбек карвони» антологиясига киритилмаган шоирлар ...
12 august 2018
«Жаслиқда бир ойларча ўтирганимиздан кейин вазият бироз юмшайди. Тушлик, кечки овқатлардан кейин 5 дақиқа бўлсаям бир-бирларимиз билан гаплашишга имкон ...
30 august 2016
Президент Ислом Каримовнинг на ўлик, на тирик эканлиги давлат сири даражасида маҳфий, янги юртбошининг ким бўлиши ҳамон номаълумлича қоларкан, ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...