Дайжест
17 july 2017

Партиялар танбеҳни қуллуқ билан қарши олмоқда

Ўзбекистондаги сиёсий партиялар раҳбарларидан бирортаси президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий партиялар фаолияти танқидига қарши очиқ муносабат билдиришга журъат этгани йўқ. Суратда: Клара Жумамуратова UzLiDep йиғилишида гапирмоқда. Turkiston-press

Шу кунгача мамлакатда мавжуд тўртта сиёсий партия – «Миллий тикланиш», «Адолат», ХДП, ЎзЛиДеП, шунингдек, парламентда имтиёзли равишда ўрин ажратиладиган Экологик ҳаракат етакчилари мум тишлаб турибди.

Маҳаллий матбуотда эса фақат партияларнинг оддий вакиллари президент танқидига жавоб тарзидаги фикр-мулоҳазаларини эълон қилмоқда.

Бу муносабатлар ҳам танқид қилгани учун давлат раҳбарига қуллуқ қилишга ўхшаб кетади. Улар танқидни миннатдорлик билан қабул қилмоқда.

Масалан, ЎзЛиДеПнинг парламентдаги фракцияси аъзоси Клара Жумамуродова «Халқ сўзи» газетасидаги «отклик»да «тадбиркор ва ишбилармонлар манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлаган партиямиз фаолияти жиддий ва ўринли танқид қилинди», дея гапни пахта қўйишдан бошлаган.

Бу аёл президент партия тадбирлари фақат номига, ҳисобот учун ўтказилаётганини айтганида «уялиб кетгани»ни яширмаган.

“Миллий тикланиш”нинг парламентдаги аъзоси Алишер Қодиров ҳам қуллуқ оҳангидаги гаплари орасида худди аввал бундан хабари йўқдек, партияси «одамлар орасида мустаҳкам ўрин эгаллай олмаётгани»ни тан олган.

Хуллас, барча партиялар вакилларининг президентнинг чиқишига муносабатида тавба қилиш, «кўзимизни очганингиз учун қуллуқ», деган оҳангни сезиш қийин эмас.

Тўғри, матбуотда «Адолат» партияси раиси ўринбосари Абдукамол Қодировнинг «энди янгича ишлаймиз, фаолиятимизни қайта кўриб чиқишимиз керак», деганга ўхшаш ваъдалар билан тўла баёноти чиқди. Аммо у барибир партиянинг биринчи раҳбари эмас-да.

Кузатувчилар фикрича, партиялар етакчиларининг сусткашлиги, тезкор баёнот билан чиқмагани ортидани янги мансаб алмашувлари кутилмоқда.

Президентнинг ўз чиқишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошевни танқид қилгани ҳам оқибатсиз қолмаслиги даргумон.

Президент Ислом Каримов вафот этганида конституция бўйича бу вазифасини вақтинчалик бажариб туришни Сенат раиси ўз зиммасига олиши керак эди. Аммо мажбурий-ихтиёрий равишда ундан бу ваколатни олиб қўйган Шавкат Мирзиеёв учун энди у исталмаган шахсга айланган.

Чунки мамлакат тақдири учун энг муҳим паллада Йўлдошев ўзини субутсиз, иродасиз, қўрқоқ инсон сифатида намоён этиши билан мамлакат ичида ҳам, халқаро миқёсда ҳам ўзига бўлган ишонч кредитининг сўнишига олиб келди.

Бундай инсон энди президентнинг ҳам, мамлакат парламенти Сенатининг ҳам обрўсига фақат путур етказиши мумкин.

Шунингдек, сиёсатшунослар фақат сайловлар олдидан «мухолифат-мухолифат» ўйинини ўйнаб ўрганган партияларнинг бундан буён бу ўйинни фаол давом эттиришини кутиш ўринли бўлишини башорат қилмоқда.

Чунки Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида парламентдаги тадбирлар, фракциялар ўртасидаги баҳс-мунозараларни жонли тарзда, тўғридан-тўғри эфирга узатиш масаласини кун тартибига қўйди.

Шунинг учун энди парламент депутатларига бундай шоуларнинг фаол иштирокчисига айланиш вазифаси қўйилади. Лекин парламентдаги ҳақиқий баҳсларни кутиш ўринсиз.

Чунки, ҳақиқий мухолифат бўлмаган мамлакатда ҳатто баҳс-мунозаралар ҳам номигагина, кўзбўямачилик учун уюштирилади.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 may 2017
Жорий йилнинг март ойида Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди (Ўзбекистон таркибидаги республика) 39 ёшли ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармоновни озодликдан маҳрум ...
19 june 2024
Элтуз Порталига келган навбатдаги бешта мактуб Ўзбекистоннинг Марғилон, Бухоро, Кашқадарё, Андижон, Хоразм вилоятларидан келган. Дастлабки мактубни поезд чиптаси нархи ...
30 march 2019
Президент Мирзиёев 27 март куни имзолаган қарорга кўра, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ...
19 december 2025
Карманада ёш оиланинг 4 нафар аъзоси ис газидан заҳарланди. Оқибатда 30 ёшли Севдиёр Ярашев ҳамда унинг 4 ёшли ўғли ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...