Кўзқараш
22 july 2017

Ўзбекистон амалдорлари нима учун Ватанни бунчалик ёмон кўришади?

Эътироз билдиришга уриниб ҳам кўрманг, чунки бу бугуннинг ҳақиқати.

Ўзбекистоннинг қайси вилоятига борманг, пахтазорда юрган, кўча супураётган, тезак, қоғоз, баклашка йиғиб юрган ўқитувчини кўрасиз.

«Нега мактабда эмассиз? Нега болаларга дарс ўтиш ўрнига кўча супураяпсиз?» дейман.

«Хоким бовани буйруғи» дейди ўқитувчи ҳадик билан.

Авлодларимизга илму маърифат тарқатувчи инсонни далага, кўчага хайдаган хоким халқ душмани бўлмай ким?

«Адабиёт дарсида, кеча нимани ўтдинглар?» деб сўрайман 8 синфга борадиган (ўқийдиган эмас борадиган!) жиянимдан.

«Ҳеч нарса ўтмади кеча муаллимамиз. Чунки у киши бир ҳафтадан буён чопиқда» дейди жияним.

«Адабиёт дарсичи?» дейман хайрон бўлиб.

«Математика домламиз ўтди кеча адабиётни. Илгари куни биология домламиз ўқитган эди» дейди жиян…

Ўз мамлакатини ва унинг келажагини ўша хокимчалик ёмон кўрадиган одам Африкадаям бўлмаса керак..

«Президент вилоятимизга келармиш бир ойдан кейин!». Хамма кўчада! Энг биринчи қаторда яна ўқитувчилар! Улар кечаси ва кундузи ариқлар, йўл четларини ёғ тушса ялагудай қилиб тозалашади. Аллақаёқдан очилиб турган гулларни келтиришади ва давлат бошлиғи юриб ўтадиган кўчалар четига суқиб чиқишади.

Гулларни «ҳоким бова»нинг пулига олиб келишадими? Йўқ! Ўқитувчининг маошидан ушлаб қолишади.

Маорифчиси мана шундай хор бўлган юрт яна қайда бор? Ўз мамлакатини бундан ҳам ортиқ даражада ёмон кўриш мумкинми?

«Эрталаб соат 9 да почта олдига автобус келади. Хаммамиз шу автобусда Дўстлик туманига кетамиз далага. Кеч соат 5 гача ғўзани чопиқ қиламиз. Ёш ўқитувчи қизларимиз бор, иссиқдан беҳол бўлиб қолишади. Бизни коллежни ўзидан 12 та ўқитувчи борамиз чопиққа. Бир ой чиқиб берасизлар дейишди. Чиқмасак нима бўлади дейсизми?… Ишдан хайдашади. Кейин қаёққа борамиз? Ҳоким ҳаммамизни дорга осади-я!»

Ўз ватанини, унинг келажагини шу ҳоким каби ёмон кўриш учун одам ким бўлиши керак?

Бутун Ўзбекистонда шу ахвол. Ўзбекистоннинг бугунги ўқитувчилари маҳаллий ҳокимларнинг «қутқарувчи камари»га айланиб қолишган.

Газ ва электрдан қарзи борларни рўйҳатга олишга – 10 та ўқитувчи!

Кам таъминланган оилалар хонадонидан хабар олишга – 15 та ўқитувчи!

Металломга – ўқитувчи!

Арча кўчати тарқатишга – ўқитувчи!

Палон туманга чопиққа (теримга) – ўқитувчи!

Вилоятга Олий Мажлисдан комиссия келяпти – ўқитувчиларни маошидан ушла!

Вилоятда Спорт мусабақалари ўтказилади – ўқитувчини маошини йиғ!

Ўзбекистонда болалар илм олишмаяпти. Бу кечанинг ҳақиқати эди. Ўзбекистонга янги президент келгач, афсуски бу ҳақиқат бугунга кўчди. Бу кетишда эртага ҳам болаларимиз шу ҳақиқат билан уйғонишади.

Тракторчининг обрўсини ўқитувчининг обрўсидан юқори қўйган марҳум қизиқчи Ҳожибой Тожибоев миллатимиз келажагига қурт тушганига ишора қилганди.

Ҳаммамиз хиринглаб қўяқолдик.

Ҳозир ҳам, авлодимизга Навоийдан, Амир Темирдан, Ал Хоразмий ва Берунийдан дарс ўтиши керак бўлган муаллимнинг қайсидир фермернинг ҳўжалигида икки букилиб ғўзани чопиқ қилаётганини кўрсак, тиржайиб ўтиб кетаверамиз…

Бизларга нима бўлди ўзи?

Улуғбек Ашур
мустақил журналист, Ванкувер
Eltuz.com

Тағин ўқинг
31 december 2025
2025 йил давомида ҳам Ўзбекистон маҳаллий бошқарув раҳбарлари — ҳокимлар — тез-тез алмаштирилганини кузатдик.  Бу тенденция айниқса охирги йилларда ...
25 may 2023
Навоий номли  ўзбек тили адабиëт университети бировнинг лойиҳасини ўзлаштириб давлатдан 2 миллиард сўм  ундирмоқчи бўлганми? «Адабиëт университети надур?» Рассом ...
24 november 2017
Истанбул шаҳрида яшаëтган Ўзбекистон ватандоши 27 ёшли Маъбуд Носиров хотини 25 ёшли Зарифа Шокировани пичоқлаб ўлдирди. Фото: hurriyet.com ўнгдан ...
23 august 2018
«2000 йилларда, зоналарда хизмат қилаётган мелиса ходимлари ҳам аранг рўзғор тебратишаётгани, бунинг оқибатида Каримов олиб бораётган сиёсатга норози эканликлари ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...