Асосий мавзулар
20 november 2017

«Пахтакор» халқ жамоаси эмас!

Бу йил ўзбек футболи учун навбатдаги оғир йил бўлди. Шунча кўтар-кўтарлар билан терма жамоа яна жаҳон чемпионатига чиқа олмади. Миллионлаб футбол мухлисларининг қадди букилди.

Керак пайтда, кўпчилик талаби қилган пайтда терма жамоа бош мураббийи алмаштирилмади. Жамоада зарурий ўзгаришлар қилинмади.

Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбари Мираброр Усмонов бош мураббий Самвел Бабаянни, кетма-кет мағлубиятларга қарамай, ўзгартиришни истамади. Ўзгартира олмади, деса тўғрироқ бўлар балки.

Чунки ўзбек спортида юрганлар арман мафиясининг бу соҳадаги таъсирини жуда яхши билади. Улар орасида арман мафиясининг спортимизда катта нуфузга эгалигини кўпчилик билади.

Футболдан ташқари волейбол ва дзюдода бу этник мафиянинг таъсири жуда кучли. Шу даражада кучлики, терма жамоа жар ёқасига келиб қолганида ҳам ЎФФ раҳбарияти армани мураббийни тахтидан тушира олмади.

Гап бу ерда миллатчилик ҳақида бормаяпти. Бу ерда гап мамлакат обрўси, уни ҳимоя қилиш ҳақида кетмоқда. Лекин футболимиз тепасида турганлар ўз манфаатларини ўйлаб, шуни ҳам эплай олмади.

Ўзбек матбуоти Самвел Бабаянни лавозимидан четлатиш ҳақида кўп гапирди. Унинг кетмаётганига асосий сабаблар эса барибир четда қолаверди.

Ўз вақтида «Пахтакор»да ишлаган бу шахс тўғрисида Ўзбекистон футболида энг кўп қинғир ишларга қўл урган кимса ўлароқ гаплар тарқалган.

Келишилган ўйинлар, Ўзбекистон биринчилигида ким ғолиб бўлиши ҳали мавсум бошиданоқ аниқ бўлиши каби қинғирликлар – ҳамма-ҳаммаси ҳақида гап очилса, албатта, Бабаяннинг номи қалқиб чиқаверади.

«Пахтакор» ўзбек мафияси раҳбарларидан бири сифатида танилган Салимбойга яқин Раҳимовларга тегишли эди, арман мафиясининг бу ерда қандай алоқаси бор, деган эътироз бўлиши мумкин.

Манфаатлар йўлида ҳаммаси бир-бири билан чатишиб кетгани, сиздан угина, биздан бугина қабилидаги ишлар футболни ҳам четлаб ўтмаслиги эсланса, бу эътирозга ўрин қолмайди.

Сўнгги вақтларда «Пахтакор» жамоасини «қулоғидан тортиб» ботқоқдан чиқариш ҳақида кўп гап бўлмоқда. Ҳакамлар томонидан «Пахтакор» фойдасига чиқарилаётган қарорлар шундан дарак беради.

Энди бунинг арман мафиясига қанчалик алоқадорлиги қоронғу. Аммо жамоа бир мафия қўлидан бошқа бир пулдорнинг измига ўтгани аниқ. Балки бу қандайдир келишув натижасидир. Яна худо билади.

Чунки Ўзбекистоннинг Бабаян касрига жаҳон чемпионатига чиқа олмагани давлат миқёсида катта акс-садо берди. Сичқоннинг ини минг танга бўлган бундай вақтда ҳақиқий айбдорлар катта саҳнадан четроқда туришни маъқул кўради.

Ҳозир «Пахтакор» машҳур Фаттоҳ Шодиев измида. Ўзбек аслли, миллиардларини Қозоғистонда топган, Европада, аниқроғи, Бельгия ва Францияда коррупция бўйича йирик жанжалга сабаб бўлган бу одам.

Энди шу одам ёки унинг шотирлари «Пахтакор»ни яна ҳаммага «халқ жамоаси» сифатида тиқиштиришга уриниб кўрмоқда.

Кўп йиллар олдин марҳум Ислом Каримов футболни ривожлантиришга бағишланган қандайдир йиғилишда «Пахтакор»нинг обрўсини кўтариш ҳақида алоҳида гапириб, унинг халқ жамоаси эканига урғу берганди.

Президентнинг бу гаплари бошқа жамоаларнинг зарарига ишлади. Ой чиқса ҳам, қуёш чиқса ҳам «Пахтакор»га чиқадиган қилди бу гаплар.

Совет даври зеҳниятидан ўлимига қадар қутула олмаган давлат раҳбари собиқ иттифоқ даврида республиканинг энг етакчи жамоаси бўлган «Пахтакор»ни мустақилликдан кейин ҳам айнан шундайлигича қабул қилганини тушунса бўлади.

Лекин бугун ҳам кимлардир «Пахтакор»ни халқ жамоаси сифатида тиқиштириш орқали футболимиздаги қинғирликларни хаспўшлашга уриниб ётган кўринади. Буни мазкур жамоа иштирокидаги ўйинлар ҳақида юқорида келтириб ўтган мисолларимиз ҳам кўрсатиб турибди.

Аслида мустақилликдан кейиноқ «Пахтакор» халқ жамоаси бўлмай қолган эди. Бугун ўзимизнинг мустақил чемпионатимиз бор. Ўз ҳудуди, мухлислари учун қадрдон бўлган халқ жамоалари ҳам талайгина.

Ҳар ўйинига бор-йўғи 2-3 минг, кўп бўлса, 5-6 минг мухлис тушадиган «Пахтакор» ҳеч қачон халқ жамоаси бўла олмайди ва бундай шарафга лойиқ ҳам эмас.

Шундай экан, бунақа «халқ жамоалари»нинг ғирромликларига барҳам берилмас экан, футболимиз ривожи тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 january 2026
1992 йилнинг 16 январида Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида стихияли намойиш Ислом Каримов буйруғи билан шафқатсиз бостирилган эди. Шу куни мен ...
26 july 2016
Мустақиллик декларацияси ҳақида қарийб 25 йилдан бери бир гап ёзишдан худди моховдан қўрққандек ҳадиксираб келаётган ўзбек матбуоти, аниқроғи, «Ҳуррият» ...
22 december 2025
Қўшкўпир хони вазири аъзамларига буйруқ беряпти. Расм Қўшкўпир туман ҳокимлигининг телеграм каналидан олинди.
25 january 2022
Тошкентнинг барча ҳудудларида электр энергияси ўчгани сабабли Тошкент метрополитенининг барча йўналишларида вақтинчалик метро ҳаракати тўхтади. Ҳозирча мобил алоқа ишламоқда. ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...