Cатира
29 january 2018

Ўтин солиғи

Яқинда вилоятга бориб, бир танишимникига кирдим. Дарвозахонасида бир қоп тўла ўрик дарахти ўтини турган экан.

Ўтин бирор касалликка чалинмаган, ҳали бемалол неча йиллар мева қиладиган ўрик дарахтидан кесиб тайёрлангани шундоққина кўриниб турарди.

Нега ўрикни кесдинг, нима, ўтинга зориқиб қолдингми, деб сўрадим танишимдан.

Ўтинга зориққан жойи йўқ экан. Уйида газ бор. Лекин ўтин ўғли ўқиётган мактабни иситиш учун керак экан.

«Ўғлим шаҳардаги лицейда ўқийди. Бизда бор газ уларда йўқ. Шунинг учун ҳамма ўқувчиларга ўтин солиғи солишган», деб айтиб қолди танишим.

Унинг сўзларига кўра, мактабни иситиш учун ўқувчиларнинг ўтин олиб келиши мажбурийдир. Ҳар бир ўқувчига ойига бир марта бир қоп ўтин олиб келиш топшириғи берилган.

Расмийларнинг газ билан иситилмайдиган таълим муассасаларини кўмир билан таъминлашга оид гапларининг қанчалик тўғрилигини шунда англадим.

Танишим уйида ўтин бўладиган ҳеч нарса йўқ бўлгани учун ҳовлисидаги биттагина ўригини кесиб, ўтин қилиб қўйибди. Эрта-индин ўғлининг навбати келганида ўтинни лицейга олиб боради.

Ҳукумат бугун мева-чеванинг хорижга экспортини кўпайтиришга уринаётган пайтда «ўтин солиғи» кабилар бу саъй-ҳаракатларга соя солиши турган гап.

Қолаверса, ипакчиликни ривожлантирамиз деб турганимизда газ, кўмир йўқлигидан одамлар тут дарахтларини кесиб ёқаётгани ҳам сир эмас.

Танишим билан суҳбат давомида гапдан гап чиқиб, мактаблардаги йиғди-йиғдилар мавзуси кўтарилди. Синф фонди, обуна, ремонт пули, хуллас, ҳамма нарса учун ўқувчилардан пул йиғилади.

Бу йиғди-йиғдилар фақат унинг ўғли ўқийдиган лицейгина эмас, бутун Ўзбекистон таълим тизими учун хос бўлган хусусият экани эса бугун кўпчиликка маълум.

Айниқса, йиғди-йиғдилар аксарият ота-оналарни ҳолдан тойдирмоқда. Бу ёқда қимматчилик, бу ёқда пул бер, дейдиганларнинг кети узилмайди.

«Агар ўғлимни детдомга бериб юборсам, бу йиғди-йиғдилардан кўра анча арзонга тушаркан», дея истеҳзо билан кулди танишим.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 september 2017
27 сентябр куни транспорт прокуратураси талаби билан Яшнаобод туман ички ишлар бўлимига олиб кетилган ёзувчи Нурилла Отахонов (Нуриллоҳ Нуруллоҳ ...
26 april 2017
Стокголм ҳужумчиси Оқиловнинг шериги дея ҳибсга олинган 26 ёшли чечен йигити икки кунлик сўроқдан кейин 25 апрел куни қўйиб ...
6 april 2016
Рассом Элсевар яна бир бор Eltuz.com муштарийлари эътиборини Ўзбекистондаги ҳукумат амалдорлари томонидан амалга ошираётган ёввойилик, мамлакатнинг экофондини йўққа чиқаришга ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...