Асосий мавзулар
3 december 2018

Ўзидан чиқадиган газ ва электрга ёлчимаётган халқ

“Ўз газингни ўзгага бериб, таппи ёққан ўзбегим”, дея совет даврини ёмонлаган халқимиз ўзининг замонавий тарихида ҳам газга ёлчимаяпти.

Ўзбекистонда аҳоли ва саноат корхоналарининг газга эҳтиёжи ортиб бораётган, бу эҳтиёжни қондириш катта муаммолигича қолаётган бир пайтда “Ўзбекнефтгаз” компанияси Хитойга газ етказиб беришни янада кўпайтириш тадоригини кўряпти.

Компания мутасаддиларининг маълум қилишича, ҳозир “Ўзбекнефтгаз” нефть-газ соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқяпти. Бу концепциянинг асосий йўналишларидан бири эса “Ўзбекистон-Хитой” газ қувурининг 4-линиясини қуриш бўлади.

Бундан ташқари, концепцияда табиий газни чуқур қайта ишлаш, иккита нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш масалаларига ҳам асосий эътибор қаратилган.

Бу режалардан кўриниб турибдики, мамлакат аҳолисини қувурлар орқали табиий газ билан тўлиқ таъминлаш масаласи ҳали-бери ҳукумат учун устувор вазифага айланадиганга ўхшамайди.

Бунинг натижасида сифатсиз, ёнишидан кўра туташи кўпроқ бўлган кўмирни ёқиб, ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кўпаймоқда. Кўмири бўлмаганлар эса ҳали ҳам таппи ёқиб кун кўряпти.

Оқар газ билан таъминланмаган аҳоли пунктларига суюлтирилган газ етказиб бериш борасидаги ишлар ўлда-жўлда. Қоғозда ишлар беш, аслида эса газ йўқлигидан аҳолининг фиғони фалакда.

Бу ёқда электр энергияси билан таъминлашда ҳам ижобий ўзгаришлар кам. Ҳукумат эса Афғонистонга электр етказиб беришни кўпайтириш ташвишини қиляпти.

Яқинда Талимаржон иссиқлик электр станциясидаги носозлик сабаб республиканинг жуда кўп ҳудудларида ўзи шундай ҳам катта муаммо бўлаётган ток ўчиришлар миқёси бир неча баробар кўпайди.

Авторитар бошқарув усули учун тинимсиз танқид қилиниб келинаётган Имомали Раҳмон биринчи навбатда ўз аҳолисини таъминлаш учун Ўзбекистонга электр узатиш ҳажмини қисқартирса, биз ўзимизнинг халқимизни ўйламай, уни “жафокаш қўшни”га пуллаш илинжидамиз.

Натижада ривожлантирамиз деб оғиз йиртаётганимиз кичик ва ўрта бизнес бугун ишламай ўтирибди. Чунки ток йўқ.

Электр бўлмаса, ишлаб чиқариш бўлмайди, ишлаб чиқариш бўлмаса, одамлар ишсиз қолади, ишсизлар ойлик олмайди, рўзғор қақшайди…

Бу занжирли реакция узлуксиз давом этади. У халқни янада қашшоқ қилади, турмушни оғирлаштиради, мамлакат тараққиётига ғов бўлади.

Газ ўрнига таппи ёққан, 21-асрда ҳам қора чироққа куни қолган халққа эса буюк келажак, фаровон ҳаёт ваъда қилиш ҳамон давом этмоқда.

Бу ваъдаларни эшитиб, совет давридаги машҳур фантастик фильм эсга тушаверади. 25 йил давомида ўша кинодагидек “биз сизни бахтиёр қиламиз”, деб ақлимизни тўмтоқлаштириб келишди.

Бугун ҳам биз шундай гипноз остидамиз гўё. Бизни бахтиёр қилмоқчи бўлганларнинг ўзлари бахтиёрликка эришганига анча бўлди.

Газимизни Хитойга, электримизни Афғонистонга сотганлар янада бахтиёрлашиб бораверади, биз эса бахтиёр кунларимиз келишига ишониб яшайверамиз…

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 june 2016
Журналистнинг «Нега йўқ бўлиб кетдингиз? Ўрнингиз жудаям билиняпти» деган саволига жавоб берар экан, Обид Асомов шундай деди: «Баъзи бир ...
20 december 2020
Россиянинг иқтидордаги «Единая Россия» партияси депутатлари Қозоғистон ерларининг бир қисми Россияники, дея уни қайтариш лозимлигини таъкидламоқда. Қозоғистон жамоатчилиги ва ...
14 october 2022
Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман. МС: Туз оға эшитдингизми ўрислар ўзини юртиндан ...
16 june 2016
Пилла қурти боқиш турли ташкилотлар, тиббиёт ва таълим муассасалари қаторида фермер хўжаликлари учун ҳам қўшимча мажбуриятдир.  Қуйида бир фермер ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...