Кўзқараш
8 march 2019

«Жаллод, калласини ол!!!»

​​Жаллод деганда бошига қоп кийдирилиб, кундага қўйилган каллани ойболта билан чопадиган бақувват одамни тушунишади одатда. Лекин аслида вазият бироз бошқача бўлган.

Подшо ва қиролларнинг саройида жаллодлик хизматлари бўлган. Улар анчагина катта тузилма бўлиб, фақатгина калла чопадиганлардан иборат бўлмаган.

Жаллодлик хизмати ҳукмдорларнинг кимнидир ўлдириш, кимнидир қўрқитиб қўйиш сингари вазифаларини бажарган. Улар фақатгина жамоатчилик олдида бош олиш билан эмас, махфий қотилликлар, саботаж билан ҳам шуғулланган. Айтайлик, бирор шаҳар ҳокими подшонинг қаҳрига дучор бўлиб, ўлимга ҳукм этилса, у, табиийки, бош эгиб келмаган, балки қочиб қутулиб қолиш йўлларини кўрган. Шундай вазиятларда фармонни мавҳум сақлаб, қотилларни керакли жойга юборишган. Шундай қилиб, жаллодлик хизмати яхши тайёргарлик кўрган профессионал қотиллардан иборат бўлган.

Шаҳобуддин Насавий “Сират ас-султон Жалолиддин Манкбурни” китобида қизиқ бир воқеани ҳикоя қилади.

Хоразмшоҳ Аловуддин Муҳаммаднинг (1200–1220) бош жаллоди Жаҳон Паҳлавон исмли шахс эди. Унинг номининг ўзиёқ амалдорлар ва турли-туман ноиблар, бекларнинг кўнглига ғулғула соларди.

Хоразмшоҳнинг қорахитойлар билан жанглари асносида Ўтрор шаҳри ноиби, қорахитойлардан бўлган Тожиддин Билгахон хоразмликлар тарафига ўтади. Хоразмшоҳ урушдан сўнг уни Нисо шаҳрига юборади. Нисога одатда амалдорлар сургунга юбориларди: шаҳар иқлими ва гигиеник вазияти жуда ёмон бўлиб, юқумли касалликлардан ўлиш ҳолатлари жуда кўп кузатиларди. Шаҳар иқлими, айниқса, турклар учун оғир эди. Сургундаги одам ўлиб кетиши ёки қаттиқ қийналиши кутиларди.

Лекин Билгахон шаҳарда яхши ўрнашади ва ҳатто аслзодалар даврасида обрў қозонади. Сургун бир йил давом этади. Натижага эришолмаганини тушунган хоразмшоҳ шаҳарга Жаҳон Паҳлавонни юборади.

Жаҳон Паҳлавоннинг шахсан ўзи бир гуруҳ одамлари билан келганини эшитганида шаҳар вазири (султоннинг вакили, уни шаҳар ноиби ва маҳаллий амалдорлар билан боғлаб турувчи мансабдор) Заҳириддин Масъуд ибн ал-Мунаввар аш-Шоший бир киши билан суҳбат қуриб ўтирган бўлади. Хабарни эшитиши биланоқ даҳшатга тушади.

Жаҳон Паҳлавон шаҳар ноибининг уйида тўхтаган ва вазирни шу ерга чақирган эди. Вазир суҳбатдоши билан бирга ноибнинг уйига отда бораркан, қўрқувдан қўллари қалтираб, отни бошқаришга қийналади. Жаллодбоши вазирни кўриши билан унинг қўлига султон фармонини тутқизади.

Шундан сўнг Тожиддин Билгахоннинг уйига одам қўйиб, султондан келган топшириқ баҳонасида ноибнинг уйига чақиришади. Муҳофизлар гуруҳи билан келган Тожиддиннинг ёлғиз ўзи уй ичига таклиф қилинади, Жаҳон Паҳлавон унга ўзини кўрсатмайди. Заҳириддин Масъуднинг гувоҳлигига кўра, Тожиддин қандайдир баҳона билан ертўлага олиб тушиб кетилади. Бироздан сўнг жаллодлардан бири унинг бошини қўлида кўтариб чиқади. Жаҳон Паҳлавон бошни қопга солиб, дарҳол пойтахт томон йўлга чиқади. Тожиддиннинг ташқарида кутиб турган муҳофизларини тинчлантириш, кўнишмаса, ҳибсга олиш вазифаси вазирга юкланади.

Насавийнинг китоби рус тилида.

Эльдар Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери

Тағин ўқинг
2 february 2025
Ўзбекистон бошқарув тизимида кўзга кўринган, Президент ва халқ ишончини оқлаётган муносиб номзодлар рўйхатида жамоатчилик томонидан ҳам журналистлар томонидан ҳам ...
10 december 2019
22 декабрда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларига сайлов бўлиб ўтади. Шу куни расмий равишда рўйхатга олинган ...
26 january 2026
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Поп туман судида Одилхон қори Юнусхон ўғлига оид жиноят иши бўйича суд жараёни бошланмоқда.  ...
18 november 2020
The North Face компанияси санкт-петербурглик шахснинг айни маркадаги янги ботинка ичидан топган, маҳкум уйғурнинг ёрдам сўрагани битилган хати юзасидан ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...