Асосий мавзулар
4 august 2020

«Буюк аждод» тушунчасидан воз кечиш керак…

Ўзбекистонда турли матнларда, контекстларда, ҳатто расмий ҳужжатларда кўп ишлатиладиган “буюк аждод” тушунчасидан воз кечиш керак, деб ўйлайман. Бунинг сабабини тушунтиришга уриниб кўраман.

“Буюк аждодлар” риторикаси совет тарихчилиги ва ташвиқотидан қолган парадигма. У ҳақиқатни бус-бутун акс эттирмаслиги баробарида миллатга ва миллатчиликка эски ёндашувларни акс эттиради. Битта миллат ичидаги ҳамма одамлар бир кишининг генетик авлоди эмас, шундай экан, машҳур тарихий шахсларни “буюк аждод” деб аташ унчалик тўғри бўлмайди. Миллатга ва тарихга бу нуқтаи назардан қарашнинг заифлиги баъзи муаммоларни келтириб чиқаради. Масалан, бир танишим “Мен Амир Темурнинг авлоди эмасман”, дейишни, умуман, Темурнинг ўзбекларга алоқадорлигини шубҳа остига олишни, “бу ёлғон аждод”, дейишни яхши кўради. Яъни юқоридаги парадигманинг заифлигидан келиб чиқиб, бутун миллат концепциясини ва тарихини шубҳа остига олиш мумкин. Юқорида келтирганим – бир ўзбекнинг ўз келиб чиқишига қараб айтган андишалари. Идеологик курашда бу аргументдан янада кенгроқ фойдаланилади ва янада каттароқ хулосалар қилинади. Демакки, “буюк аждод” концепцияси ёрдамида тарихини янада ёрқинроқ қилишга уриниш аслида миллатнинг асосини заифлаштиради, унинг бутунлигини ва ўтмишини шубҳа остига олиш имконини беради.

Бугунги кунда деярли барча илмий қарашлар тан оладики, миллат қариндошлик бирлашмаси эмас. Миллат генетик жиҳатдан турлича келиб чиқишга эга одамлардан ташкил топади. Менимча, ҳеч ким ҳамма миллатдошларини қариндош деб ҳисобламаса керак (агар шундай ҳисобласа, унда адашади). Албатта, агар чуқурроқ ковласа, ҳамма одамлар бир илдизга бориб тақалади, лекин қариндошлик категорияси фақат энг яқин илдизларни ўз ичига олади (шунинг учун “бутун инсоният ўзаро қариндош”, дейиш ҳам мантиқан хатодир).

Миллат – сиёсий бирлашма. Сиёсий бирлашмалар сиёсий воқеалар асносида шаклланади ва, аксинча, тарқаб кетади. Сиёсий бирлашув ортидан иқтисодий, ижтимоий, маданий, лисоний бирлашув ҳам юзага келади. Лекин бу бирлашув қўшимча ва шубҳали аргументларга муҳтож эмас. Умумий аждод қидириш миллат бирлигини орттирмайди, аксинча, уни сунъийлаштириб қўяди (чунки ҳамма учун умумий аждод топиш имконсиз).

Назаримда, элита ҳам, зиёли қатлам ҳам, халқ ҳам мана шуни тушунса ва қабул қилса, миллатини сиёсий бирлашма деб қабул қилса, ўтмишни ва бугунни тушунишдаги кўп муаммолар ҳал бўлади, шубҳа-гумонларга ўрин қолмайди. Ҳар бир одамнинг алоҳида, ўз аждодлари бор. Лекин аждодларинг ким бўлса бўлсин, бугун муайян миллат вакилисан ва унинг сиёсий ўтмишида роль ўйнаган шахсларни ўтмишдошинг, деб қабул қиласан. Мана шундай ёндашув, менимча, ҳақиқатга яқинроқ бўлади ва мустаҳкамроқ бирлашувни таъминлайди.

“Буюк аждод” термини ўрнига эса “буюк миллатдош” ёки “буюк ватандош” каби атамаларни ишлатиш мумкин. Бу балки этник бўлинишни ҳам бартараф этиб, чинакам миллат тушунчаси ҳосил бўлишига ёрдам берар.

Элдор Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери

Тағин ўқинг
8 september 2017
8 сентябр куни, эрталабдан автобуслар колоннаси Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳри мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим муассасалари ва тиббиёт ходимларини оммавий тарзда ...
22 august 2025
2025 йил 19 август куни Самарқанд халқаро аэропорти ҳудудида йирик ёнғин содир бўлди. Ҳодиса Президент терминали олдида, метеорологик ускуна ...
4 november 2025
Москва 2026-йилда мигрант ишчилар учун патент тўловларини оширади. Бу борада Москва шаҳар думаси ҳужжат қабул қилди.   Маълумотларга кўра, ...
1 august 2016
Эски ТошМИнинг Николай ғиштдан қурилган ва Ўзбекистон тарихий ëдгорликлар идораси муҳофазасида бўлган биноси Бош вазирнинг бир имоси билан бузилди. ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...