Кўзқараш
9 april 2019

Ўрнимизга келаётган роботлар

Яқинда бир ҳамкасбим янги тенденция, журналистлар ўрнига роботлар келаётганидан гап очиб қолди. Бу аллақачон матбуотда қўлланилаётган амал экан.

Долзарб хабарларни тўплаш ва тарқатишдан ташқари, улар мавзуни биздан кўра анча мукаммал, холис, чуқур ва кенг таҳлил қилиш, муҳимни номуҳимдан ажратишга ҳам қодир эканлар.

У менга жуда чиройли терилиб, саҳифаланган мақолаларни кўрсатди. Улар чиндан ҳам ўқиса ўқигулик эди.

“Бугунги кунда тўлиқ роботлаштирилган сайтлар бор ва уларнинг даромади оддий матбуотникидан анча унумдор”, деди у.

“Демак, эндиликда вақтли нашр эгасига фақат старт тугмасини босиш-у, ўқиганлар сонини санаш қоларкан-да”, дедим.

“Йўқ, уларни роботнинг ўзи санайди, турли контентлар, реклама ва материалларнинг чиқиш вақтларини, ундан келадиган даромад ва харажатларни ҳам ўзи белгилайди”,- эътироз билдирди ҳамкасбим.

Қойилман! Шу маънодаки, мен бу ишларнинг бирортасига ортиқ давогармасман. Матбуотда ишлаб кўрган одам сифатида, гапнинг очиғи, бу ишларнинг ҳаммасини роботга қўшқўллаб топширишга рози бўлардим.

Тағин, мен ишлайдиган сайтга шефлик қиладиган робот ёзганларимга одамлардан кўра холисроқ баҳо беради.

Роботлаштирилган замонавий газетада (у мутлақо қоғоз шаклида бўлмаслиги мумкин) ёзганларим, албатта, ўрнини топади, деб ўйладим.

Чунки мен анча амбицияли, ўзига ишонган журналистман.

Бироқ робот муҳаррирнинг шубҳалари меникидан кучлироқ. Унинг ўз эътирозлари бор. У нимани босиш, нимани босмаслик ҳақида мендан кўра қатъийроқ тасаввурга эга.

Тасаввур қилинг, пучга чиқарилган мақолангни чоп қилиш эвазига сен ҳеч қачон энди интеллектуал фикр соҳиби бўлган робот муҳаррирга яримта қуйиб беролмайсан ёки қабулхонадаги робот котиба ҳам ҳеч қачон меҳрибон сўзу битта конфет эвазига бебаҳо асарингни бир қават юқори токчага ўтказиб қўйишга рози бўлмайди.

“Ўқувчиси бўлмаган нарсаларни ёзишнинг нима кераги бор”, эътироз билдиради робот муҳаррир шиша кўзларини лўқ қилиб. Гарчи унинг пачакилашиб ўтиришга вақти ҳам йўқ. Ўрнингга келган темир мухбир эса “детлайн”га тўлиқ ва мукаммал амал қилиб, ўзи тузган хабар контентларини прайм-таймга тиза бошлайди. У темир муҳаррирнинг ишонган тоғи.

Биз эса одамлармиз. Бир-биримизникидан фарқли ўлароқ, турли ғоя одамларимиз. Ҳар биримизнинг ўй-хаёлимиз ва ёзганларимиз ўзимизга мукаммал кўринади, уларни эшитишни исташмаса, аюҳаннос солишга тайёрмиз. Ўқувчи нимани ўқиш иштиёқида эканини эса биз ҳеч қачон замонавий роботлар билганчалик билмаймиз.

Ибратли томони, ўрнимизни роботларга бўшатиб бераркан, ниҳоят ўқувчиларнинг биздан кўпроқ нимани истагани, нимани кутганларини билиб оламиз. Бу сизу биз ўйлагандан бошқачароқ бўлиши мумкин, бироқ роботларгина туша оладиган бу савияга илло-билло биз ҳеч қачон туша олмаймиз.

Қудрат Бобожон,
Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 september 2015
Ўзбекистон хукуматининг ОАВлари, наширётлари, воқеаларни ёритишда совет пропагандасидан қилча фарқ йўқ. Совет даврида ҳам кўзга кўринган адиб, шоир, санъаткорларни ...
15 january 2026
24 ёшли ғиждувонлик Д. А Шофиркон туман “Мингчинор” МФЙ ҳудудининг чўл ҳудуди далаларида фуқаро О.И ва Б.Б билан 50.000 ...
10 december 2019
– Ундай бўлса, яхшилаб эшитинг. Сизлар, яъни 159 лар учун зонада алоҳида режим ўрнатилган. Сиёсий ва диндорлар бир-бирлари билан алоқа ...
4 april 2023
1914 йилнинг 4 апрелида Тошкентда ҳунарманд оиласидан чиққан Убайдулла Хўжаев (Убайдулла Асадуллахўжаев) «Садои Туркистон» газетасини ташкил этди. Бу газета ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...