Дайжест
6 june 2016

Қуддус амаки Ўзбекистоннинг иккинчи ўринда бўлишига рози эмас

Ўқувчиларимизга маълуму машҳур Қуддус Аъзамовнинг навбатдаги бир кўрсатуви «Тинчлик учун курашмоқ керак» мавзусига бағишланди. Ана ток шоу, мана ток шоу. Тушуниб кўрсангиз ҳақиқатан ҳам ток ургандек сезасиз ўзингизни. Тош шоунинг иштирокчилари ҳам анойилар эмас, ЎзЛиДеП фаоллари бўлган ёшлар. Буларнинг ҳар бирида қандайдир энергия бордай. Биоток деса ҳам бўлса керак.

Хуллас, шу ўзлидепчи ёшлардан бири гапни «жаҳонда 65 миллион бола таълим олиш имкониятдан маҳрумлиги»дан қайғуриш билан бошлади. Лекин худога шукур, гапни чуқурлаштириб, Ўзбекистонда ҳам таълим тизими бир гўр бўлиб қолди, дейишгача бормади. Бунчалик куюнчаклигидан шундай деб юборса керак, деб ўйлаш мумкин эди-да.

Бунинг ўрнига, бизда 12 йиллик бепул таълим тизими яратилгани, президентимиз эртаю кеч фақат шу ёшларни ўйлаётганини айтганидан кейин кўнгил жойига тушди.
Кейин гап дунёнинг қайси бурчагига қараманг нотинчлик, беқарорлик ҳукм сураётгани, буларнинг марказида ёшлар турганига бурилиб кетди. «Шундан сиз ёшлар қандай хулосалар чиқаришингиз керак», деди Қуддус амаки даврани қизитиш учун.

Даврани қиздирадиган яллачи, кечирасиз, ақлли ёшлар дарров сўз олди. Бир қизча, аввало, бепарволик, лоқайдликка чек қўйишимиз керак, деб дангал айтди.
«Афсуски, бугун мана шу бепарволик, лоқайдликнинг салбий оқибатларига гувоҳ бўляпмиз. Бошқа ўлкаларда юрган қочоқларни кўриб, юртимизда тинчлик ва барқарорлик эканига минг-минг шукурлар қиляпмиз», деди қизча.

Гапни бир йигитча илиб кетди. «Бугун кўриб турибмиз, ёшлар ижтимоий муҳофазага, иш билан таъминлашга муҳтож қатлам эмас, мана шу эътибор сифатида, керак бўлса, улар иш билан таъминлайдиган қатлам сифатида ҳам жамиятда ўз ўрнига эга бўлиб боряпти. Мамлакатимизда ҳукуматимиз, юртбошимизнинг ёшларга бераётган эътибори биз ёшларда ҳам келажакнинг эгаси сифатида масъулиятни ўз зиммамизга олишимиз керак, деган ишончни мустаҳкамлаш кераклиги кўриниб турибди», деди у.

Наманганлик бир йигитча бало экан. «Бузғунчи»ларни аниқлашда фақат орган ходимлари эмас, маҳалла ҳам жонбозлик кўрсатиши кераклигини айтиб қолди.

«Энг асосийси, ўзимизнинг ичимиздан чиққан душманлар. Қачон орган ходимлари аниқламагунимизча маҳалла ўзини кўрсатмайди,- деб ёзғирди у. – Маҳалла ўз олдига маҳалла аҳолиси қаерга чиқиб кетяпти, бу ерга ким келяпти, қаерга кетяпти, деган масалаларни қўйиши, уларга эътибор бериши керак».

Ўзбекистон ёшлари жуда ақлли экани, сиёсий ҳушёрлиги, фикри тиниқлиги кўнгилни хотиржам қилади. Гапирганда ҳам бийрон-бийрон гапиради, худди президент китобларида ёзилгандек гапиради. Маънавий тарбияни билади булар. Миллий мафкурадан чиқмай гапиради.

Қойил деб юборади одам. Ишқилиб булар кўчада ҳам студиядагидек гапирсин-да, деб қўяди одам ичида. Чунки қаерда қандай гапиришни биладиган уддабуронлар кўпда ҳозир. Телевизорга чиқараман десанг бир гапни гапиради, кўчада ўртоқлари билан улфатчилик қилса, худди шу нарсани бошқача гапиради.

Гапдан чалғимайлик. Қуддус Аъзамов ҳақиқий ватанпарвар эканини, ўз юртининг барча соҳаларда доимо биринчи бўлишини исташини шундай кўрсатиб қўйди.
«Колумбия университети тузган энг бахтли мамлакат, энг тинч-осойишта мамлакатлар рейтингида Ўзбекистон 2-ўринни эгаллади, – деб гап бошлади Қ.Аъзамов. – Бу йил ҳатто Европада ҳам янги йил кўчада байрам қилинмади, кўчаларда жанжал, одамларга кўчага чиқишга тавсия берилмаяпти, аэропортлар бекиляпти. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон бугун шак-шубҳасиз биринчи ўринда десак, асло муболаға бўлмайди».

Фош қилишга зўр-да шу Қуддус амаки. Бу сафар «оммавий маданият билан диний экстремизм пинҳона боғлангани»ни шартта-шартта айтиб ташлади. Журналистлар тилида буни «бомба» дейдилар. «Аввал ёшларни оммавий маданиятга жалб этиб, ўзлигидан жудо қилганидан кейин экстремизмга тортади», деди Қ.Аъзамов ва унинг бу механизмни парча-парча қилишга тайёрлиги шундай кўзидан билиниб турарди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 april 2017
«Ялла» гуруҳининг собиқ солисти бўлган Наргиз Байхонова 24 апрел куни Тошкентнинг Чиғатой қабристонига дафн этилди. 70-80 йиллар ўзбек эстрадаси ...
29 november 2023
Миллий гвардия ўз ходимларига қилинган ҳужумлар учун жиноят оламидан қасос олгани айтилмоқда. Салом Қадрли мухлислар бугун 29 ноябр  Элтуз ...
17 december 2023
Кластер «салтанати»даги фермернинг уюшма тузишга ҳаққи йўқми? Ўзбек суди уюшма тузган фермерларни жазолайдиган кластернинг «Ур тўқмоғи»ми? Бу саволлар жавобини ...
21 october 2022
Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб, сиз билан биргаман. Куз келиб, тўй-тўйчиқ кўпайган пайт… МС: Туз ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...