Асосий мавзулар
18 may 2017

Шаҳрихондаги заҳарланиш музқаймоқ бизнесига зарба берди

Шаҳрихон туманида юз берган оммавий заҳарланиш музқаймоқ бизнесига сезиларли таъсир кўрсатди. Андижон шаҳридаги ўнлаб музқаймоқ дўконларида савдо 30 % гача тушиб кетган.

Мавсумий савдо билан шуғулланувчи тадбиркорнинг айтишича, одамлар музқаймоқ ейишдан чўчимоқда.

«Бир кунда 100-150 кг гача фрезерли музқаймоқ сотар эдик. Шу воқеадан сўнг, одамлар болаларига музқаймоқ обергани қўрқиб қолди» дейди у.

Музқаймоқдан заҳарланиш ҳақидаги илк хабарлар 15 май куни тарқалганди.

Шаҳардаги барча музқаймоқ сотувчилар тафтиш қилинган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, воқеалар сабабини Шаҳрихон тумани, Амир Темур кўчасида жойлашган «МАКС» кафесида фрезерли музқаймоқ истеъмоли билан боғлайди.

Вазирлик тарқатган хабарга кўра, беморларнинг аксарияти 14 май куни ўша ерда музқаймоқ истеъмол қилишган.

Шунингдек, вазирликнинг аниқлашича, Бултирбоев Жаҳонгирмирзо исмли тадбиркор, ҳеч қандай тегишли рухсатномалар расмийлаштирмасдан, ўзи яшайдиган Андижон шаҳар, Фаробий МФЙ, Тешабой Мирзаев кўчасидаги 29-уйда ноқонуний равишда музқаймоқ учун қоришма тайёрлаш цехи ташкил этган.

Музқаймоқ тайёрлаш жараёнида санитария талабларига риоя қилинмагани, қоришмалар озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш мумкин бўлмаган пластик идишларда кафега келтириб, сотишга йўл қўйилгани расмийлар томонидан иддао этилади.

Шунингдек вазирлик хабарида, у ердаги 4 та фрезер ускуналарининг музқаймоқ солинадиган сиғимлари, ҳамда фрезер ускунаси қисмларини ювиш ва зарарсизлантириш учун шароит яратилмаган, дезинфекция воситаларидан фойдаланилмагани билдирилади.

Тадбиркорда юмшоқ музқаймоқ қоришмаси тайёрлашда ҳавфсизликни кафолатловчи ҳужжатлар бўлмаган, музқаймоқ ишлаб чиқаришда эса ишлаб чиқарилган вақти ва яроқлилик муддатлари номаълум бўлган хомашёлардан фойдаланилган.

Кафеда фаолият юритган 4 нафар ходим эса белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, юзага келган эпидемик вазиятни жойига чиқиб ўрганиш, беморларга ва маҳаллий мутахассисларга ўз вақтида ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиш учун бир гуруҳ етакчи мутахассислари Андижон вилояти Шаҳрихон туманига юборилганини маълум қилган.

Жабрланганлар расмий маълумотлардагидан кўп бўлиши мумкин

Расмий маълумотларда заҳарланганлар сони 186 нафар деб кўрсатилган бўлсада, шахрихонликлар жабрланганлар унданда кўп эканлигини айтишмоқда.

Беморлар Шаҳрихондаги касалхонадан ташқари, қўшни Асака, Андижон шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига ҳам келтирилган.

Ўзини Андижон шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси ҳамшираси деб таништирган аёлнинг айтишича, у тунги навбатчиликни топшириб, уйига қайтаётганида ишхонасидан чақириб олишган.

Айтишича, уларнинг шифохонасига ҳам музқаймоқдан заҳарланган беморлар жойлаштирилган.

«Одатда музқаймоқ қоришмасига турли мевалар таъмини берувчи қўшимчалар қўшилади. Содда қишлоқ одамлари ўткир ҳид ва таъмлар туфайли ачиган маҳсулот таъмини сезмаган бўлиши мумкин», дейди ҳамшира.

Элтуз мухбири сўров ўтказган шифохонада даволанаётган бир аёл қўшнисининг оилавий заҳарланган ҳақида айтса, яна бир келинчак 8 ойлик чақалоғига ҳам ўша музқаймокдан едирганидан пушаймонлигини билдиради.

Маълумот учун; Шаҳрихон туманида оммавий заҳарланиш холатлари биринчи маротаба юз бераётгани йўқ. Ўтган ёз мавсумида ҳам айнан шу туманда қандолатчилик маҳсулотларидан 200 нафарга яқин бола заҳарланганди.

Айни кунларда эса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Шаҳрихон туманида кузатилган эпидемик вазият назоратга олинганини билдирмокда.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 december 2017
22 декабрь куни президент Мирзиёев Ўзбекистон Олий Мажлисида қилган бир неча соатлик жонли мурожаатида молия ходимларини «каламушлар» деб атади. ...
20 october 2022
Жорий ҳафтада Миср хавфсизлик кучлари 30 яшар Ўзбекистон ватандоши Хонимқул Мамасалиевни ўта шафқаттсиз қотиллик ва катта миқдорда ўғирликда гумон ...
28 april 2020
Куз ойининг қуёшли кунларидан бирида “барачний” Ҳасанбой ёнимга келди ва гапни чўзиб ўтирмай, “кетдик”, деди. “Қаерга?” – сўрадим ундан. – Ҳозир чойхонага ...
26 august 2025
Собиқ депутат, қизлик исми Бабашева ҳозирда Мадраҳимова бўлган Феруза Жўрабековнанинг шахсиятига тегувчи постлар қолдиргани ортидан 26 август куни Тошкент ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...