Асосий мавзулар
10 june 2019

Тошкент курантида яна “қурилиш” авжида

Тошкент курантига тақаб пластик ва шишадан кафе-бар учун терасса-айвон қурилиши нафақат янгидан тикланди, балки курантнинг иккинчи томонида ҳам худди шундай ишлар бошлаб юборилди.

Курантга ёндош қурилган айвон шаклидаги бу қурилиш объекти ўтган йили ижтимоий тармоқлардаги кучли норозилик туфайли тўхтатиб қўйилганди.

Блогерлар қора шиша ва пластикдан тикланган, элита тоифадаги ресторан бўлиши айтилган бу айвонни “қора тобут” деб номлаб, шу номдаги хэштегни ишга туширганди.

Ушбу норозиликлар ортидан Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев терассани демонтаж қилиш қарорига келинганини маълум қилганди.

Ҳокимнинг ўшанда айтишича, “қурилишни бошлаган киши курантнинг тарихий аҳамиятга эга меъморий ёдгорлик эканини билмаган. Шунингдек, лойиҳа муаллифи “курантларга янги ҳаёт бағишлаш” ғоясига шаҳарликлар бунчалик жўшиб норозилик билдиришини кутмаган”.

“Айвон демонтаж қилинади. Курант масаласи ёпилган, деб ҳисобласа ҳам бўлади”, деган эди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Бугунга келиб шаҳар ҳокими ҳаммани алдагани, ўша пайтдаги “демонтаж” аслида жамоатчиликни тинчлантириш мақсадида хўжакўрсинга қилингани билиниб қолди.

Фото: eltuz.com
Курантнинг "демонтаж" қилинган айвони қайтадан қад ростлади

Чунки “демонтаж” давомида айвоннинг шиша деворларигина олиб қўйилди. Уни тутиб туриш учун ўрнатилган темир тиргаклар эса олиб ташланмади.

Бунинг сабаби кейинчалик ойдинлашди. Жамоатчилик тарихий бинога зарар етказиш тўхтади, деб тин олганидан сал ўтмай қора шишалар яна жойига қўйиб чиқилди.

Айвоннинг тепа қисми эса сурилиб очилиб-ёпиладиган қилинди. Бар учун мўлжалланган пештахта яна курант деворига мустаҳкамланди.

Энг қизиғи, норозилик объекти бўлган бу жойда орадан кўп ўтмай яна ўшанақа ишлар бошланганига жамоатчилик қайтиб эътибор қаратмади.

Натижада лойиҳа эгалари курантнинг Амир Темур хиёбонига қараган томонида ҳам қурилиш ишларини бошлаб юборди. Айни кунларда бу ерда ҳавозалар ўрнатилиб, монтаж қилиш ишлари давом этмоқда.

Афсуски, ўтган йили курантга туташ ҳолда қад ростлаган терассанинг “иккинчи навбати”ни қуришга киришилгани ҳам ижтимоий тармоқларни бефарқ қолдирмоқда.


Курантга туташ қурилишнинг «иккинчи навбати»

Айвоннинг “биринчи навбати” қурилаётганда объект эгалари бу қурилиш учун тегишли рухсатномаларни олмагани айтилганди.

Аммо кейинги қурилишлар учун улар рухсатнома олганми, олган бўлса, кимдан олган? Бу каби саволлар ҳозирча жавобсиз қолмоқда.  

Ўтган йилги “демонтаж” вақтида курантнинг декоратив ғишт қатлами ва ганч орнаментларига зарар етган эди. Шунингдек, меъмор Муҳаммедшин, ганчкор Уста Ширин ҳамда соатсоз Айзенштейн исми ўйиб ëзилган мармар лавҳа ҳам йўқолганди.

Тошкент тимсолларидан бири бўлган курант 1947 йилда қурилган. У ўша йили 9 май куни Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалаба шарафига илк марта бонг урганди.

Мустақилликдан сўнг курантнинг яқинида унинг эгизи ҳам қурилди. Халқ орасида “Гулноранинг куранти” номини олган бу бинода ҳам ҳозир қурилиш-реконструкция ишлари давом этмоқда.

«Элтуз»нинг Тошкентдаги мухбири


eltuz.com
Тағин ўқинг
24 march 2024
Салим Абдувалиев 2023 йилнинг 1 декабр кечаси Тошкентдаги уйида ҳисбга олинган эди. Элтуз инсайдерларига кўра, навбатдаги “маски шоу” амалиётида ...
8 january 2026
Ўзбекистон ҳукумати Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туманида жойлашган “Рўзибой” сув омбори сиғимини ошириш режасини илгари сурмоқда. Ушбу ташаббус Ўзбекистон Президентининг ...
1 november 2018
Президент Мирзиёевнинг фармонига кўра, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда чўчқа гўшти ва ёғи экспорт қилишдаги чекловлар олиб ташланди. ...
9 september 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага диққат қаратади ва эплайди, ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...