Асосий мавзулар
16 september 2019

Диний сиёсатда нима гап?

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон диний сиёсатида қандайдир ўзгаришлардан дарак беришга ишоралар пайдо бўлмоқда. 

Лекин бўлаётган ишоралар сиёсатда эмас, балки диний бошқарувдаги қандайдир тубдан янгиланишлар даракчиси ҳам бўлиши мумкин.

Мамлакатда аввалига Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акромов, унинг ўринбосари Нуриймон Абулҳасан бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўз лавозимидан озод этилганди.

Кейинчалик Нуриймон Абулҳасаннинг янги иш жойи маълум бўлди. У Ички ишлар вазирлигига, яъни терроризмга қарши курашиш бош бошқармасига ишга ўтказилди. 

Қўмита раислигига эса илгари Давлат хавфсизлик хизмати тизимида ишлаган Абдуғофур Аҳмедов тайинланди. Унга ўринбосарликка келган Дилшод Эшнаев ҳам шу тизимдан чиққан.

Айни шу ўзгаришлар Дин ишлари бўйича қўмитанинг асл мақсади диний муносабатларни тартибга солиш эмас, балки диний экстремизм, терроризм каби иллатларга қарши курашишни кўзлашини яққол кўрсатиб беради. 

Бу воқеалардан сал ўтиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов эгаллаб турган лавозимидан озод қилингани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Аммо муфтиятга яқин сайт – “Azon.uz” биринчи бўлиб тарқатган бу хабар тасдиқланмагани ортидан унинг бош муҳаррири ишдан ҳайдалди. 

Кейин эса муфтийнинг ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосарлигига ўтказилди. 

Хўш, Ўзбекистон диний бошқарувидаги бу ўзгаришлар нимадан дарак бериши мумкин? 

Соҳага алоқадор манбалардан бирининг “Элтуз”га билдиришича, 10 сентябрь куни президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирокида Халқаро ислом академиясида дин соҳаси мавзуидаги йиғилиш жуда танқидий руҳда ўтган. 

“Бизнинг эшитишимизча, муфтиятнинг ишлари ҳақиқатан ҳам қониқарсиз топилган. У ерда муфтий ишдан бўшади, унинг ўрнига фалончи тайинланади, деган кайфиятдаги гаплар ҳам бўлган. 

Лекин президент илгари Самарқандда ўзи билан бирга ишлаган муфтийнинг ишдан бўшашига кўнмаган кўринади. Худди кинодаги каби у “Сал шошибсизлар-да”, деган бўлиши ҳам мумкин. 

Шунинг учун муфтийни ўзгартириш масаласи кейинроққа қолдирилган бўлиши эҳтимоли катта”, деди “Элтуз”нинг манбаси.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги кунларда мамлакатнинг диний бошқарувидаги бундай кескин кадрлар ўзгаришларининг ўзи президент бу соҳадаги ишлардан норози эканидан далолат беради. 

“Бу норозилик нималарда намоён бўлишини биз ҳозирча билмаймиз. Аммо бир нарса аниқки, Ўзбекистонда диний сиёсатнинг йўналиши терроризм ва диний экстремизмга қарши курашишга йўналтирилган.

Бошқа томондан, сўнгги вақтларда президентнинг бу сиёсатни диний маърифат асосида қуришга интилишини кўряпмиз”, деди манба.

Ўзбекистоннинг аввалги ҳукумати экстремизм, терроризмга қарши курашишни ҳар доим дин билан боғлаб амалга ошириб келган.

Яқинда Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев марҳум президент Ислом Каримовнинг террорга қарши кураши ўзини оқламаганини тан олганди. 

“Элтуз” ҳамкори

Тағин ўқинг
16 february 2017
13 январ куни кечга яқин Стокгольмнинг жанубида 35 ёшлардаги чимкентлик Шуҳрат исмли ўзбек мухожири жанжал ортидан пичоқлаб ўлдирилди. Воқеа ...
11 august 2018
Ўзбек турмасида энг узоқ қолган журналист Муҳаммад Бекжон китобининг навбатдаги бобида Жаслиқ колониясидаги ҳар шанба ўтказиладиган ҳаммом куни, маҳбусларни ...
29 october 2021
Кичикроқ даврада авж пичир-пичир:   “Воҳ, бечора”, дея учар овозлар   – “Айтганини қилмас ҳокиму вазир,   Ҳануз атрофида эски шоввозлар.   Шунча ...
19 october 2017
18 октябр куни Тошкентда ўтган Европада ҳавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕҲҲТ) анжуманида журналист Бобомурод Абдуллаев тақдирига оид барча саволлар ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...