Дайжест
6 october 2016

«Сирли» номзодлар учун имзо йиғилмоқда

Айни кунларда 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловига иштирок этиши кутилаётган номзодлар учун сайловчилар имзосини тўплаш жараёни бормоқда.

Партияларнинг расмий газеталари бу жараён «фаоллик ва уюшқоқлик» билан ўтказилаётгани ҳамда тез кунларда якунланишини ёзаётир.

rasm1890
Президентликка «сирли» номзодлар. Рассом: Кирпи

«Миллий тикланиш» газетаси (05.10) шу номдаги демократик партиянинг барча бўғиндаги ташкилотлари имзо тўплашни «қонунчиликда белгиланган тартибда» ва «юқори савияда» ўтказаётганини билдирди.

«Сайловчилар имзосини белгиланган тартиб ва миқдорда тўплаш партиямизнинг ушбу сиёсий жараёнда ўз номзоди билан иштирок этишини таъминлайди», дейилади газетада.

Халқ демократик партияси нашри бўлмиш «Ўзбекистон овози» газетаси (04.10) ҳам имзо тўплаш жараёни якунланаётганини айтар экан, «имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбур қилиш ва уларни оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши»ни эслатиб ўтади.

Газеталар партиялар имзо тўплашда уларнинг аъзолари қанчалик фаоллик кўрсатаётганини ёзмасин, бу жараёнда Ўзбекистондек «демократик ва ҳуқуқий давлатларга» хос қусур – маъмурий босимдан фойдаланилаётганини кўриш мумкин.

Яъни шу кунларда маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларига иши тушганлардан, аввало, бирор партия номзоди учун имзо варақасини тўлдириш сўралаётир. Албатта, варақани тўлдириш ихтиёрий-мажбурий кўринишдадир.

Газеталарда эътибор қаратиш мумкин бўлган яна бир жиҳат шуки, сайлов жараёнига тааллуқли бирорта мақолада партиялардан кўрсатилиши кутилаётган номзодларнинг номи йўқ.

Масалан, «Миллий тикланиш» газетасида сайлов мавзусида бештадан ортиқ мақола берилган бўлса-да, «Миллий тикланиш» партиясидан президентликка кўрсатилаётган номзод исми сирлилигича қолган. ХДП ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин.

Бу «сирли шахслар»нинг номи газеталарда фалон «партиядан Ўзбекистон президентлигига кўрсатиладиган номзод» шаклида берилмоқда.

Албатта, ўзбекистонлик ҳозиржавоблар партияларнинг бундай «камтар»лигини сайловолди сиёсий тактикасига йўйиши ҳеч гап эмас. Лекин одатда демократик жамиятларда сайловга шундай ҳам кам вақт қолганда бундай сиёсий тактикадан фойдаланилмайди.

Илгари тўйларда катта товоққа чиқадиган, яъни энг йирик совринга даъвогар кучли полвонни омма кўзидан яшириб туриш одати бўларди. Балки партиялар ҳам «катта полвон» номини шунинг учун газеталари орқали билдирмаётгандир?! Ёки аввалроқ номини айтиб қўйса, кўз тегишидан чўчишяптимикин!?

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 october 2023
Салом қадрли муҳлислар, элтуз порталига келган навбатдаги бешта шикоят мактубини ўқиб эшиттирамиз. Улар Бухоро, Сурхондарё, Жиззах ва Фарғона вилоятларидан ...
24 october 2019
Буюк Британияда ҳуқуқ ҳимоячилари-ҳуқуқшунослар жамоаси ўзбек пахтасига имтиёзли тарифлар қўлланишини қайта кўриб чиқиш талаби билан судга мурожаат этди.  Уларнинг ...
23 october 2025
Бугун  Hayot Bank  томонидан ташкил этилган бир  тадбирда қатнашдим.  тадбир бошдан-оёқ шармандагарчилик билан ўтди. Аникроғи бунга бефарқ бўлмаган одамлар ...
28 november 2018
Таниқли ўзбек хонандаси Севара Назархонни маҳаллий ТВда ва бошқа жойларда намойиш этилаётган реклама роликларида кўп учратиш мумкин. Унинг ҳамма ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...