Асосий мавзулар
7 november 2018

7 суткага қамалган журналистни терговчи калтаклаган

Қўшкўпир тумани ҳокимлигидаги тунги мажлисни ёритмоқчи бўлгани учун етти суткага қамалиб, 5 ноябрь куни озодликка чиққан урганчлик 47 яшар журналист  Давлатназар Рўзметов «Элтуз» нашри мухбирига воқеа тафсилотлари ҳақида билдирди. 

«Менга қарши қўлланилган МКнинг 183-моддаси бўйича айбловга терговчининг 25 октябрь куни менга калтак остида ёздирган иқрорномаси асос қилиб олинди», деди Рўзметов «Элтуз» билан суҳбатда.

Журналистнинг сўзларига кўра, уни ароқ ичиб жанжал кўтарганликда айблашган, бироқ бунга исбот келтирилмаган. Суд тиббий экспертизаси қон анализи олмаган.

Тунги мажлис касофати

Рўзметов 25 октябрь куни Қўшкўпирга пахта сафарбарлигига бағишланган тунги мажлисда қатнашиш учун борган эди.

«Президент Шавкат Мирзиёев одамларни ишдан қўйиб, тунги мажлислар қилишни тўхтатиш кераклиги ҳақида гапирганидан сўнг ҳам бунинг туманларда давом этаётгани мени қизиқтирган эди», деди Рўзметов «Элтуз» мухбири билан суҳбатда.

Кечки 10 лар атрофида мажлисга етиб келган журналист Қўшкўпир тумани ҳокими Жўрабек Раҳимовдан «Мажлис ҳамма учун очиқми ёки ёпиқми?» дея сўрайди.

Бунга жавобан ҳоким унга қатнашиши мумкинлигини айтганидан сўнг тезгина «мажлис ёпилди» дея эълон қилади ва иштирокчилардан тарқалишни сўрайди.

Рўзметовнинг сўзларига кўра, у ҳокимга ташқарига чиқиш олдидан бир неча саволлар берган. Жумладан, бу мажлисга прокурор, ички ишлар ва бошқа турли касбдаги одамлар қатнашаётгани, эрталаб улар ишга чиқишлари кераклигини айтиб, «Шунчалик зарурми мажлис қилиб уларни ишдан қўйиш?» дея сўрайди.

Давлатназар Рўзметов, «Хоразм ёшлари» газетаси муҳаррир ўринбосари

Журналист саволи милициянинг калтаги билан қаршиланди

Рўзметов телефонини ёқиб, суҳбатни ёзиб олишга киришади. Бироқ  Қўшкўпир ҳокими Жўрабек Раҳимов журналистнинг саволларига ортиқ жавоб беришни ҳам эп кўрмайди.

Одамлар тарқалаётган пайтда унинг ёнида фуқаро кийимидаги икки ходим пайдо бўлади ва унинг қўлини қайириб, «Дамас» машинасига солиб олиб кетишади.

«Уларнинг биттаси «Сен кимсан ўзи?» деганига «Журналистман» деб ҳужжатини кўрсатган. Шунда у «Бурнимга тутма ҳужжатингни, бу ерда мен бераман саволни!» дея мени таҳқирлаб, биқинимга бир неча бор қаттиқ урди» деди Рўзметов «Элтуз» мухбирига.


Журналист Давлатназар Рўзметов Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбари Қаҳрамон Қуронбоевдан интервью олмоқда.

Ичгани тасдиқланмаган журналист ҳушёрхонага жўнатилди

Сўнг уни жиноят қидирув ходимлари дастлаб туман касалхонасига олиб боришади.

Бироқ Қўшкўпир тумани касалхонасидаги навбатчи врач номаълум сабабларга кўра, Рўзметовнинг қони таркибида алкагол бор-йўқлигини аниқлашни лозим топмайди.

Шундан сўнг журналистни жиноят қидирув ходимлари Қўшкўпир тумани ИИБсига олиб келишади.

Улар журналистни хонага олиб кириб, унга жисмоний ва руҳий тазйиқ кўрсатиб, ароқ ичганлиги ҳақида иқрорнома ёздириб олишади.

Кейин эса Рўзметовни вилоят ҳушёрхонасига жўнатиш чорасини кўришади.

Телефондаги ёзувлар ўчирилди, гувоҳлар тингланмади 

Шунингдек, соатлаб унинг телефонидаги маълумотларни текширишади. Кейин эса телефондаги кўплаб маълумотларни, жумладан, ҳокимлик мажлисида олинган ҳамда туман ҳокими билан боғлиқ барча видеолавҳа ва суратларни ўчириб ташлашади.

«Судда телефонимдан туман ҳокими билан боғлиқ бўлган, Боғот ва Қўшкупир туманларидаги олинган интервьюларим ва суратларнинг Журъат исмли жиноят қидирув ходими томонидан ўчириб ташланганлиги ҳусусидаги шикоятим суд томонидан инобатга олинмади.

Мен ҳеч кимни ҳақорат қилмаганим ёки бировга қаттиқ ҳам гапирмаганимни исботловчи гувоҳларни жалб қилишга имкон бериш ҳақидаги илтимосим тингланмади», деди Рўзметов «Элтуз» мухбири билан суҳбатда.

Шундай қилиб, урганчлик журналист Рўзметовга қарши очилган маъмурий иш бўйича 29 октябрь кунги суд мажлиси қарор чиқаради.

Урганчдаги ҳибсхонада жой бўлмагани учун журналистни 7 сутка давомида Ҳазорасп тумани ИИБга қарашли вақтинча сақлаш ҳибсхонасига қамашган.

«Хоразм ёшлари» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Давлатназар Рўзметов ижтимоий тармоқда ўзининг либерал қарашлари ва долзарб чиқишлари билан танилган ўзбек журналистидир.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 february 2021
Cурхондарёлик тадбиркор Ҳ.Олимов 17 февраль куни президент Мирзиёевга видеомурожаат йўллади. Мурожаатида у Музработ тумани ҳокими Эркин Олимов уни йўқ ...
14 august 2018
Бугун eltuz.com сатирасида рассом Туз қирғиз-ўзбек чегарасидаги яширин туннелдан ўтишга мажбур бўлаётган келинлар муаммосини акс эттиради. Ота-онасини кўриш учун ...
28 october 2016
Шу йилнинг 11 декабрида репортаж фотографи сифатида дунёга танилган фотожурналист Юрий Абрамочкин 80 ёшга тўлади. Унинг ахборотларга бўлган расмий ...
1 august 2017
Ўтган йили ўлган Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова билан елкама-елка FondForum ташкилоти тадбирларида фаол иштирок этган амалдорлардан бири 54 ...
Блоглар
31 january 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 january 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 january 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...